Фагоцитоз (қадимги юнонча: φαγεῖν (пҳагос) – ейиш, озиқланиш ва κύτος (cйтос) – ҳужайра) – бир ҳужайрали организмлар ёки кўп ҳужайралиларнинг айрим ҳужайралари томонидан бегона микроскопик тирик организмлар (бактериялар, ҳужайра парчалари), қаттиқ заррачаларнинг фаол қамраб олиниши ва ютилиши (пиноцитоз билан солиштиринг). Заррачаларни қамраб олиб ҳазм қилиш хусусияти тубан организмлар озиқланишининг асосини ташкил этади. Бу хусусият эволюция давомида бириктирувчи тўқиманинг муҳофаза функсиясини бажарадиган ихтисослашган ҳужайралар – фагоцитларга ўтган. Фагоситоз ҳодисасини дастлаб И. И. Мечников аниқлаган (1882). Айрим ҳайвонлар ооцитлари, йўлдош ҳужайралари, тана бўшлиғи деворини қоплаб турадиган ҳужайралар ва кўз эпителийси пигмента ҳам фаол фагоцитоз қилиш хусусиятига эга. Фагоцитоз кетма-кет келадиган бир неча жараёнлар: фагоцитоз қилинаётган объектга яқинлашув, объектнинг фагоцит ҳужайра сиртига ўрнашиб олиши, ютилиши ва ҳазм қилинишидан иборат. Фагоситозда ҳужайра мембранаси ёт заррачаларни ўраб олади ва ситоплазма ичига сўриб олиб, фагосомалар ҳосил қилади. Лизосомадан фагосомага гидролитик ферментлар келиб қуйилади, ютилган объектни ҳазм қилади. Ҳазм қилинмаган озиқ қолдиғи узоқ вақт ҳужайра ичида қолиши мумкин. Фагоситоз, асосан, яллиғланиш жараёнларида, жароҳатнинг битиб кетишида носпецифик иммунитет сифатида муҳим аҳамиятга эга. Баъзан „фагоситоз“ ва „пиноситоз“ терминлари эндоцитоз номи билан ягона тушунчага бирлаштирилади

Яна қаранг