Истиора (арабчадан „қарзга олиш“) ёки метафора (юнончадан „кўчириш“) — асарларда сўзни ўз маъносидан бошқа бир маънода, яъни мажозий маънода қўллаш санъати. Бу санъат сўз маънолари кўчишининг бир тури бўлиб, у нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ўхшашликка асосланади. Шу жиҳатдан истиора ташбиҳ санъатига яқин туради. У кўпинча ташбиҳни кинояга, яъни мушаббиҳи туширилган ташбиҳга тенг келади. Адабиёцҳуносликда истиора ташбиҳдан кучли саналади.

Истиора — бадиий тасвир воситаси, кўчим. Истиора 2 нарса ўртасидаги ўхшашликка асосланади. У ўхшатилган ва ўхшаган унсурлардангина ташкил топади. Мас, сарв қомат, оҳу кўз. Истиорада шер, йўлбарс ва бошқа кучли, жасоратли ҳайвонларга хос айрим хусусиятлар, оқ, қора сифатларидаги яхшилик, ёмонлик маънолари инсонларнинг айрим ҳислатларини таъкидлаб кўрсатиш учун кўчирилади (шер юрак, оқ кўнгил, қора қалб ва ҳоказо).

Истиора бадиий асарларда акс этаётган нарса, воқеа, ҳодисаларнинг аниқ, равшан гавдаланиб туришида, образлар тавсифларининг ёрқин берилишида, асар жозиба кучининг ошишида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Истиоранинг 2 тури мавжуд: 1) очиқ истиора. Масалан, „Менинг қўлим етмаган юлдуз, Тушларимда сени кўргайман“ (Абдулла Орипов). Бунда севимли ёр — маъшуқа „юлдуз“га ўхшатилган. Ўхшаган тушириб қолдирилган, ўрнига ўхшатилгани берилган; 2) ёпиқ истиора. Масалан, „Қолган сўзлар тутқизмади ўз баридан“ (Г'.Г'улом). Бунда „сўзлар“ одамга ўхшатилган. Ўхшатилган тушириб қолдирилган ва ўхшаган берилган.

Мисоллар

Алишер Навоийнинг „Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар, Лолалар эрмаски, бағримдин эрур парголалар“ байтидаги „сариқ юз“ маъносидаги „заъфарон“ сўзи содда истиорага, „қону ёш тўкаман“ маъносидаги „тўкармен лолалар“ ибораси мураккаб истиорага мисол бўла олади.

Яна бошқа мисоллар:

Келди очилур чоғи ўзлигинг намоён қил,
Парчалаб кишанларни ҳар томон паришон қил.
(Ҳамза)
Шерюракли бу Лочин
Қоқиб қанот-қулочин,
Қузғунлардан асради
Элнинг хотин-халажин.
(Мақсуд Шайхзода „Капитан Гастелло“)

Бунда Лочин — капитан Гастелло, қузғунлар — фашистлар маъносида ишлатилган.

Кўни сўз ириг ул ким аймиш, темиш,
Ангар тўпқу идтим, тикан чоғламиш.
(Юсуф Хос Ҳожиб „Қутадғу билиг“)
(Маъноси: Ким айца, деса ҳам тўғри сўз дағалдир, (яъни кескин)
Унга ипак газмол юбордим, у эса тикан тугиб юборди)

Бу ердаги ипак газмол — таклиф, тикан — рад этишдир.

Илм изла

Адабиётлар

  • Қўнғуров П., Ўзбек тилининг тасвирий воситалари, Т., 1977.