Муҳаммад Алихон (Мадалихон) (тахминан 1803/06—1842, Қўқон) — Минглар ўзбек сулоласи вакили, Қўқон хонлиги ҳукмдори.

Муҳаммад Алихон (Мадалихон)
Муҳаммад Али
 Қўқон хонлиги ҳукмдори
Мансаб даври
1822-йил – 1841-йил
Ўтмишдоши Умархон
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1806-йил
Қўқон, Қўқон хонлиги
Вафоти 1842-йил
Қўқон, Қўқон хонлиги
Фуқаролиги Қўқон хонлиги
Турмуш ўртоғи Подшоҳхон ойим
Онаси Нодира
Отаси Умархон
Муҳаммад Алихон қабри (ўртада). Дахмаи шоҳон хазираси, Қўқон.

Умархон ва Нодиранинг ўғли. Отаси Умархон вафотидан кейин 13 ёшида тахтга ўтирган. Ҳукмронлик даврида хонлик ҳудудини кенгайтиришга уринган. Қоратегин бутунлай, Дарвоз, Шуғнон, Рошан, Воҳонфақат номигагина забт этилган. 1829-йилда Қашқарга юриш қилган. Унинг бу ҳаракатидан фойдаланган Қашқар мусулмонлари хитойларга қарши бош кўтарган. Мағлуб бўлган уйғурлардан 70 минги Муҳаммад Алихон билан бирга қайтиб, Қўқон хонлигидаги шаҳарларга (жумладан, Тошкентга) жойлаштирилган. Муҳаммад Алихон Қашқарга қилган қайта-қайта ҳужуми натижасида Шарқий Туркистон шаҳарларидан бож йиғиш ҳуқуқини олган. Муҳаммад Алихон ҳукмронлиги даврида суғориш ишлари йўлга қўйилган. Тошкент яқинида Хонариқ қазилган. Тошкент ҳокими Лашкар қушбеги Муҳаммад Алихоннинг яқин маслаҳатчиси бўлиб қолган. Россия билан савдо ва дипломатик алоқалар яхши йўлга қўйилган. 1828-йилда Қўқондан Санкт-Петербургга элчилар боради ва улар яхши кутиб олинади. 1830-йилда Қўқонга Россия элчиси хорунжий Потанин келади.

Муҳаммад Алихон ичкиликбозлик ва ахлоқсизликка берилади. Муҳаммад Алихоннинг ҳукмронлик даврида Қўқон-Бухоро муносабатлари кескин ёмонлашади. Улар орасида бўлиб ўтган урушлар натижасида Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Насруллоҳ Қўқон қўшинини тор-мор қилади. Муҳаммад Алихон ўзини ноилож амирнинг ноиби деб эътироф қилади. Орадан икки йил ўтгач, 1841-йилнинг октябрида Қўқонда хон зулмига қарши халқ қўзғолони кўтарилади.

Муҳаммад Алихон 1841-йил ноябрда укаси Султон Маҳмуд фойдасига тахтдан воз кечади, шундай бўлса ҳам 1842-йилда апрелда Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Насруллоҳ Қўқонни забт этди ва Муҳаммад Алихонни, укаси Султон Маҳмудхонни, онаси Нодирани қатл эттиради.

Муҳаммад Алихон ғазаллар ёзган, унинг буйриғига биноан, хаттотлар Алишер Навоий асарларини миниатюралар билан безатиб кўчирган, кўплаб тарихий асарлар форс ва араб тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган. Муҳаммад Алихон даврида мактаб ва мадрасалар қурилган, Қўқоннинг эски ўрдаси таъмирланган.[1]

Шахсан Муҳаммад Алихон донаторлигида Қува, Қўқон ва Тошкентда унинг номи билан аталган мадрасалар бунёд этилган.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Адабиёт

  • АбдулАзиз. „Зиё истаган қалблар учун — Муҳаммад Алихон“. www.зиёуз.cом. Ретриэвед 2017-10-30.
  • Мирзоолим Мушриф, Қўқон хонлиги тарихи, Т., 1995; Бобобеков Ҳ. Н., Қўқон тарихи, Т., 1996; Набиев Р. Н., Из истории Кокандского ханства, Т., 1973.