Xoja Muhammad Porso
Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофизиддин ал-Бухорий (Хожа Муҳаммад Порсо) (1345, Бухоро — 1419, Мадина) — нақшбандия тариқати намояндаси. Бухородаги мадрасаларда таҳсил олган. Қуръон ва ҳадисларни, калом илмини чуқур ўрганган. Баҳоуддин Нақшбанд уни шогирдликка қабул қилган ва порсо (тақводор, диндор) тахаллусини берган. Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан сўнг, унинг ўрнига тариқатга раҳбарлик қилган.
Жомий, Навоий, Сафий ва бошқа алломалар Хожа Муҳаммад Порсо ҳақида ўз асарларида ёзганлар. Хожа Муҳаммад Порсо Бухоро мадрасаларида ўқиб, илм олган. ўша даврдаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этган. Мовароуннаҳр ҳукмдори Халил Султон билан мулоқотда бўлган; Шоҳрух билан турли масалалар бўйича ёзишмалар олиб борган. Улуғбек саройидаги (Самарқанд ва Бухоро) илмий мунозараларда қатнашган[1].
Тасаввуф ва ислом тарихига оид Рисолаи қудсия (Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари ҳақидаги рисола), Эътиқод (Эътиқод ҳақида рисола), Таҳқиқот (Тасаввуф истилоҳлари бўйича рисола), Тафсири Қуръон (Қуръон тафсири), Рисолаи калифия (Кароматлар ҳақида рисола), Мухтасари тарихи Макка (Макка шаҳрининг қисқача тарихи), Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақомоти), Ҳафтоду ду фирқа (Етмиш икки фирқа) каби 20 дан ортиқ асар ёзган. Шариат ва тариқат масалаларига бағишланган ва унга катта шуҳрат келтирган асари Фасл ул-хитоб бивусулил аҳбоб (Дўстлар висолига етишда оқ ила қорани ажратувчи китоб) бўлиб, у ўрта асрларда ислом уламолари учун қўлланма вазифасини ўтаган. Асар 494 та масалага бағишланган бўлиб, уларнинг ҳаммаси исломда баҳсли ҳисобланган ва муаллиф турли асарларга суянган ҳолда бу масалаларни ечиб берган. Асар бир неча марта чоп этилган.
Хожа Муҳаммад Порсо 1-марта ҳаж зиёратига устози Баҳоуддин Нақшбанд билан борган[1]. У 2-марта ҳаж зиёрати пайтида касалга чалиниб, Мадинада вафот этган.
Манбалар
Адабиёт
- Муҳаммад Боқир, Баҳоуддин Балогардон, Т., 1993; Маънавият юлдузлари, Т., 2001; Фахруддин Али Сафий, Рашаҳот (2нашри), Т., 2004.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |