Абдулкарим ал-Қушайрий (арабча: عبد الكريم القشيري‎‎ – Абу-л-Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин ибн Абдулмалик ал-Қушайрий) – хуросонлик илоҳиётчи, сўфий[1].

Абу-л-Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин ибн Абдулмалик ал-Қушайрий
Шахсий маълумотлар
Таваллуди милодий 986-йил (ҳижрий 376-йил)
Вафоти милодий 1072-йил (ҳижрий 465-йил)
Дини Ислом
Танилган соҳаси хуросонлик илоҳиётчи, сўфий

Ҳаёти

Абдулкарим ал-Қушайрий 986-йил (ҳижрий 376-йил)да Устуво шаҳрида деҳқон оиласида туғилган. Зайн ал-­Ислом номи билан танилган. Сўфийлик бўйича энг машҳур, Шарқ ва Ғарбда кенг ўқиладиган китоблардан бири – „Ар-Рисāла ал-Қушайрийя“нинг муаллифи.

Абдулкарим ал-Қушайрий – ота томонидан арабларнинг Эронни истило қилган вақтида Хуросонга келиб ерлашган Қушайр қабиласи, она томонидан Бани Сулайм қабиласига мансуб. Ёшлик чоғларида отасидан ажраб, қариндоши Абу-л-Қосим ал-Яманийнинг қарамоғида қолади. Ундан ҳарбий санъат, чавандозлик, араб тили ва адабиётидан таълим олади.

Абдулкарим ал-Қушайрий отасидан мерос қолган қиш­лоғини оғир аҳволдан қутқариш ва ҳисоб илмини ўрганиб молия маъмури бўлиш мақсадида ўсмирлик чоғида Нишопурга сафар қилган. Бу ерда машҳур сўфийлардан Абу Али ад-Даққоқнинг суҳбатига қўшилади ва тез орада унинг севимли шогирди, сўнг куёви бўлади. Устозининг маслаҳатига кўра, Абдулкарим ал-Қушайрий Абу Бакр ат-Тусийдан шофеъий мазҳаби фиқҳини, сўнг ўша даврнинг йирик алломалари Ибн Фурак ва Абу Ишоқ ал-Исфароинийлардан аш’ария каломини ўрганган. Ал-Исфаройиний унга дарсларига давом этмаслигини, китобларини ўқишнинг ўзи етарли эканини айтгани Абдулкарим ал-Қушайрийнинг бу вақтда калом илмида етарли савияга етганини кўрсатади. Абдулкарим ал-Қушайрий бу даврда Абу Бакр ал-Боқиллонийнинг асарларини диққат билан ўқиб, аш’арийя калом илмини ўрганади. Илм билан машғул бўлган бу йилларда, муршиди ад-Даққоқнинг илмий суҳбатларида бўлиб, тасаввуфий билимларга эга бўлади. Кейинчалик, ад-Даққоқ уни қизи Фотимага никоҳлайди ва мадрасасида дарс беришига изн беради. Ҳадис илми билан ҳам шуғулланган Абдулкарим ал-Қушайрий „Ал-Мустадрак“ муаллифи Ҳоким ан-Найсобурий, Абу-л-Ҳусайн ал-Хаффоф, Абу Нуайм ал-Исфаройиний, Абу Бакр Абдус ал-Музаккий, Абу-л-Ҳасан ал-Аҳвозий каби муҳаддисларнинг дарсларига қатнашади. Хатиб ал-Бағдодий каби кўп­лаб таниқли муҳаддислар ундан ҳадис ривоят қилганлар.

Муршиди ад-Даққоқнинг вафотидан сўнг (405/1015-йил) Абу Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ас-Суламийга шогирд тушиб, тасаввуфий билими ва тажрибаларини орттирган Абдулкарим ал-Қушайрий устозининг мадрасасида сўфийлар мажлисига (мажлис ат-тазкир) раҳбарлик қилган. Али ибн ал-Ҳасан ал-Бохарзий Абдулкарим ал-Қушайрийнинг гўзал нутқи ва таъсирли ваъзларидан сўз очиб, агар у тошга хитоб қилса уни ҳам эритиб юборишини, мажлисига шайтон олиб келинса, тавба қилишини айтган.

Абдулкарим ал-Қушайрий салжуқийлар давлатининг асос­чиси Туғрулбек (990-1063-йиллар)нинг Эронни забт қилиши асносида Хуросон минтақасининг илм ва маданият маркази бўлган Нишопурда бўлиб, минтақада катта обрўга эга бўлган. 437-438/1045-1046-йилларда тасаввуф адабиётининг асосий китоблари орасидан ўрин олган „Ар-Рисāла“ номли асарини ёзади. 446/1054-йилда „Шикāя аҳл ас-сунна“ номли мактуб (асар)ни ёзади. Абдулкарим ал-Қушайрий маълум сабабларга кўра Хуросонни тарк этиб, Бағдодга сафар қилади. У ерда халифа Қоимбиамриллаҳ томонидан яхши кутиб олинади. Абдулкарим ал-Қушайрий ке­йинчалик Нишопурга қайтади. Ас-Субкий унинг Бағдоддан ҳажга сафар қилгани, у ерда 400 га яқин ҳанафий ва шофеъий қозилари билан кўришиб, улар билан суҳбатлашганини айтади.

Абдулкарим ал-Қушайрий 465-йил 16-раби’ул-охир/1072-йил 30-декабрда Нишопурда вафот этади. Муршиди ва қайнотаси Абу Али ад-Даққоқ мадрасасига дафн қилинган.

Абдулкарим ал-Қушайрийнинг Фотима исмли хотинидан илмли, зоҳид олти ўғли ва бир қизи бўлган. Қизи „Ас-Сийāқ ли-тарӣх Найсāбӯр“ номли асар муаллифи Абдулғофур ал-­Форисийнинг онаси Аматурраҳиймдир. Ферузанфар Абдулкарим ал-Қушайрийни яна Аҳмад ибн Муҳаммад Чархий ал-Баладийнинг қизи билан оила қургани ва икки аёлидан олти ўғил ва беш қиз фарзанд кўрганини айтади.

Абдулкарим ал-Қушайрийнинг тасаввуфдаги силсиласи Абу Али ад-Даққоқ, ан-Насрободий, Абу Бакр аш-Шиблий, Жунайд ал-Бағдодий, Сарий ас-Сақатий, Маъруф ал-Кархий воситасида Довуд ат-Тоийга боғланади. Тасаввуф тарихига оид манбаларда унга ал-Қушайрийя номли тариқат нисбат берилади[2].

Ижоди

Абдулкарим ал-Қушайрий исломий илмларга доир ўттизга яқин асар, жумладан, иккита тафсир ёзгани зикр қилинади.

Асарлари

  • „Ар-Рисāла фӣ ’илм ат-тасаввуф“
  • „Ат-Тахбӣр фи-т-тазкр“
  • „Тартӣб ас-сулӯк фӣ тарӣқиллāҳ“
  • „Ат-Тафсӣр ал-кабӣр“
  • „Латāиф ал-ишāрāт“
  • „Наҳв ал-қулӯб“
  • „Шикāя аҳл ас-сунна би-ҳикāя мā нāлаҳум мин алмиҳна“
  • „Ал-Фусӯл фи-л-­усӯл“
  • „Китāб ал-ми’рāж“ ва бошқалар[3].

Адабиётлар

  • Ал-Хатиб. Тарӣх Бағдāд. ХИ, 83;
  • Али ибн Ҳасан ал-Бохарзий. Думя ал-қаср. – Қувайт: 1405/1985. ИИ, 246-248;
  • Абдулғофур ал-Форисий. Ас-Сийāқ ли-тарӣх Найсāбӯр. – Лондон: 1965. 49а-51а;
  • Ибн Фазлуллоҳ ал-Умарий. Масāлик. ВИИИ, 89-92;
  • Ас-Сам’оний. Ал-Ансāб. Х, 156;
  • Аз-Заҳабий. Ал-Ибар. – Қувайт: 1960. ИИИ, 259;
  • Ас-Субкий. Ат-Табақāт. ИИИ, 374-423; ВИИ, 153-162;
  • Броcкелманн. ГАЛ. И, 432-433, 556; Суппл., И, 770-772;
  • Иброҳим Басюний. Ал-Имāм ал-Қушайрӣ сӣратуҳ, āсāруҳ, мазҳабуҳ фи-т-тасаввуф. – Қоҳира: 1972;
  • Касıм Куфралı. „Куşэйрî“ ТДЕД. И (1946). 18-25;
  • Ҳ. Риттер. „Арабисче Ҳандсчрифтен ин Анатолиэн ун Истанбул“. Ориэнс. ИИИ (1950). 36-41, 43-51;
  • Т. Иванйı. „Тоwардс а Граммар оф тҳе Ҳеарт: Ал-Қуšайрī’с Наḥw ал-қулūб“. Тҳе Арабист Будапест Студиэс ин Арабиc. ХВИИ. – Будапест: 1996. 41-54;
  • Ҳ. Ҳалм. „ал-Ḳушайрī“". ЭИ2 (İнг.). В, 526;
  • Сüлейман Улудаğ. „Куşэйрî, Абдüлкерîм б. Ҳевâзин“. ТДВ İА. – Анкара: 2002. ХХВИ, 473-475;
  • А. А. Али-заде. Кушайри Абд ал-Карим // Исламский энсиклопедический словар. -М.: „Ансар“, 2007;
  •  А. Д. Книш. ал-Кушайри. Ислам: энсиклопедический словар. Отв.ред. С. М. Прозоров. – М.: „Наука“, 1991. 146.

Манбалар

  1. ↑ „Қушайрий“.
  2. ↑ „“Имом Абдулкарим Қушайрий”“. 2023-йил 10-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 10-январ.
  3. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4. 

Ҳаволалар