Аксиядорлар жамияти — даромад топиш мақсадида ҳиссадорлик тамойилига биноан уюшган шерикчилик жамияти. Аксиядорлар жамияти бошқа шерикчилик корхонасидан фарқлироқ, муомалага номинал қиймати кўрсатилган аксиялар чиқариш ва уни сотиш йўли билан тарқатиш бундай жамиятнинг молиявий негизини ташкил этади. Аксия эгалари дивиденд шаклида даромад оладилар. Аксиядорлар жамиятининг очиқ ва ёпиқ жамият шаклидаги кўринишлари бор:

  • Ёпиқ аксиядорлар жамияти — аксия эгалари маълум гуруҳ, масалан, таъсисчиларнинг ўзи билан чекланади. Аксиялар фақат уларнинг ўртасида тарқатилади.
  • Очиқ аксиядорлар жамияти — жамият аксиялари эркин сотилади ва сотиб олинади, аксиядорлар сони чекланмаган, хоҳлаган ва аксия олишга пули бор юридик ёки жисмоний шахс, шу жумладан, ажнабий шахслар унинг аъзоси бўла олади.

Аксиядорлар жамияти пулни бир ерга тўплаб бизнесга қўйиш учун тузилади. Унинг ташкилотчилари таъсисчилар деб юритилади. Таъсисчи фирмалар, банклар, давлат ва айрим фуқаролар бўлиши мумкин. Аксиядорлар жамиятининг афзаллиги шундаки, у майда пулни тўплаб йирик пулга айлантириш, яъни капитал бўла оладиган пулга айлантиришдан, майда пулдорларнинг пулини ҳам бизнесга қўйишдан иборат. Аксиядорлар жамиятини бошқаришнинг олий органи — аксиядорлар мажлиси, сўнгра — директорлар кенгаши ва қуйи бўғини — бўлинмалар бошқармасидан иборат. Аксиядорлар мажлиси аксиядорлар жамияти йиллик ҳисоботини, низомдаги ўзгаришларни, даромаднинг тақсимланишини, фойда-зарар ҳисоб-китобини, тафтиш натижалари, раҳбарларни сайлаш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарорлар қабул қилади. Дастлаб аксиядорлар жамияти ХВИИ асрда пайдо бўлган, ҳозир кенг тарқалиб, оммавий тус олган. Ўзбекистонда аксиядорлар жамияти бозор ислоҳотлари давомида мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида пайдо бўлди, давлат корхоналарини аксиядорлар жамияти айлантириш мулкий ўзгаришларнинг йўналишларидан бирига айланади. Ислоҳотларнинг биринчи босқичида ёпиқ турдаги аксиядорлар жамияти ташкил топди. Унинг 2-босқичида очиқ турдаги аксиядорлар жамияти шакллана бошлади. Ўзбекистонда 1995-йилда 2255 та, 1996-йилда 5500 та аксиядорлар жамияти ишлади. Ўзбекистонда аксиядорлар жамияти нодавлат секторига киради. Аксиядорлар жамияти мустақил, лекин улар давлат белгилаган қонун-қоидалар асосида иш кўради. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг „Аксиядор жамиятлар ва аксиядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ (1996.25.4) қонунига биноан олиб борилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил