Арабча хаттотликда „Аллоҳ“ калимаси

Аллоҳ (араб. الله ; Аллаҳ – илоҳий куч, туркий халқларда, хусусан, туркий элатларда – Тангри, форс-тожикча Худо, Язид) – ислом динида бутун мавжудотни яратган олий илоҳий куч; худонинг исми. Одатда Аллоҳга Таоло (улуғ, олий), Таборака ва таоло, Жалла жалалаҳу, Азза ва жалла, Карим, Бузруг, Парвардигори олам каби сифатлар қўшиб айтилади. Ислом динига биноан, Аллоҳ – яккаю-ягона худо, оламнинг яратувчиси ва қиёмат кунининг эгаси. У Муҳаммад пайғамбар (с.а.в – салаллаҳу алайҳи васаллам)ни инсониятга ўзининг энг сўнгги элчиси сифатида юборган.

Исломнинг энг асосий талаби ҳисобланган калимаи шаҳодат „Ла илаҳа иллалоҳ“ („Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ“), деб уқтиради. Исломга кўра, Қур’он Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий орқали юборилган Аллоҳнинг сўзидир. Қур’они каримда Аллоҳнинг ягоналиги ва буюклиги жуда кўп бор таъкидланади. 112-сура – Ихлосда:

"...У — Аллоҳ Бирдир (я’ни, Унинг ҳеч қандай шериги ё’қдир. У якка-ю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (я’ни, барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (я’ни, Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, отаси-онаси ҳам ё’қдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир"

дейилган. Шунингдек, Қур’онда доимо Аллоҳнинг мукаммаллиги, қодирлиги ва улуғлиги ҳақида гапирилади:

  • Аллоҳ „алийм“, яъни билувчидир, у бўлиб ўтган ишларни, энди бўладиган ишларни, хоҳ катта, хоҳ кичик, барчасини билади;
  • Аллоҳ "мурид", яъни хоҳлагувчидир – дунёдаги ишларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши ила бўлади, у хоҳлаган иш бўлмай қолмас ва хоҳламаган иш асло бўлмас;
  • Аллоҳ "қадир", яъни ҳар ишга қудрати етувчидир;
  • Аллоҳ "басир", яъни кўрувчи ер ва осмондаги, қоронғу ва ёруғдаги, катта ва кичик нарсаларнинг барчасини кўради;
  • Аллоҳ "сами’", яъни эшитувчи – баланд бўлсин, секин бўлсин ҳар қандай овозларни эшитади;
  • Аллоҳ "мутакаллим", яъни сўзлагувчи – Қур’они каримдаги барча оятлар, шунингдек, Таврот, Инжил, Забур китоблари Аллоҳ таолонинг сўзидир;
  • Аллоҳ "мукаввин", яъни бўлдиргувчи – дунёдаги барча нарсалар унинг бўлдирмоғи ила бўлган;
  • Аллоҳ "раббун", яъни тарбия қилувчи – барча жонли ва жонсиз нарсаларни тарбия қилади;
  • Аллоҳ таоло "одил", яъни тўғрилик қилувчи – ҳар бир ҳукмни ва ҳар бир ишни тўғрилик ила қилади, ҳеч кимга жабр ва зулм қилмайди.

Ислом уламолари:

У (Аллоҳ) меҳрибон ва кечиримли. Бандаси унга денгизларнинг кўпигичалик гуноҳ билан келса, Роббига юзланса Аллоҳ хоҳласа Ўз фазлига олиб ҳамма гуноҳини кечириб, ўрнини савоб билан тўлдириб қўяди. У мингта ота-онадан ҳам меҳрибондир. Аллоҳ Одамлар бутунлай унга итоат этишлари (исломга киришлари), ундан қўрқиб виждонли бўлишлари, барча нарсада Аллоҳга ва унинг иродасига ишонишлари лозим

дея таъкидлайдилар.

Мусулмон аҳли эътиқодида: Аллоҳ ўзи хоҳлаган пайтда ердаги барча нарсани барбод этади, ўликларни тирилтиради ва уларни ўз ҳузурига ҳукм қилиш учун йиғади: у ерда ҳар кишининг қилган амалига кўра ё жаҳаннам (дўзах) азобига дучор қилади ёки жаннат билан мукофотлайди. Аллоҳ ҳақидаги таълимот ислом дини ва илоҳиёт фанининг асоси бўлиб қолган. Аллоҳ табиатининг турли қирралари ҳадис, тафсир ва илоҳиётга оид махсус асарларда тилга олиниб, тушунтирилади. Шунга кўра, У инсон сифатларидан тубдан фарқ қилади. Ислом таълимотига кўра, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари тўғрисида чуқур баҳс юритиш шар’ан ман этилади. Аллоҳ бирор нарсага ўхшатилмайди ва бирор нарса ҳам Аллоҳга ўхшатилмайди. Аллоҳнинг исм ва сифатлари Қур’они каримда тилга олинган 99 исмларида яққол кўринади (қаранг: Аллоҳнинг исмлари).

Манбалар