Асқад Мухтор (тахаллуси; фамилияси Мухторов, 1920-йил 23-декабр, Фарғона – 1997-йил 17-апрел, Тошкент) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси. „Дўстлик“ ордени соҳиби (1995)[1].

Асқад Мухтор
Таваллуди 23-декабр 1920-йил
Фарғона, Ўзбекистон
Вафоти 17-апрел 1997-йил(1997-04-17)
(76 ёшда)
Тошкент, Ўзбекистон
Касби Ёзувчи, публистис ва таржимон
Ижод қилган тиллари Ўзбек тили
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Таълими Ўрта Осиё Давлат Университети (Ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)
Йўналиш Реализм
Модернизм
Фаолият йиллари 1939—1997
Жанр Наср, назм ва драматургия
Мукофотлари

Асқад Мухтор „Опа-сингиллар (роман)“, „Туғилиш“, „Давр менинг тақдиримда“, „Чинор“ ва „Аму“ романлари, бир қатор қисса, ҳикоя ва драмалари, кузатувларга асосланган фалсафий лирикаси, жаҳон адабиёти намуналаридан бадиий юксак таржималари билан ХХ аср ўзбек адабиётига катта ҳисса қўшган сўз санъаткоридир.

Дастлабки достони – „Бизнинг авлодлар“ Бухоро меҳнаткашларининг ўтмиш ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Адиб ижодида ўзбек халқининг маънавий камолотини кўрсатиш масаласи муҳим ўрин эгаллаган. Бу ниятини у ўзбек ишчи синфи ҳаётини тасвирлаш орқали амалга оширишга интилади. Кейинчалик „Чинор“(роман), „Опа-сингиллар“ ва „Бўронларда бордек ҳаловат“ асарларида ҳам бу ўз аксини кўрсатади[2].

Таржимаи ҳоли

Асқад Мухтор 1920-йил 23-декабрда Фарғона шаҳрида ишчи оиласида туғилган. Асқад Мухтор 11 ёшида ота-онасидан етим қолиб, болалар уйида тарбияланади. Мактабни тугатгач Ўрта Осиё университетининг филология факултетига ўқишга кирди. Университетни 1942-йилда тугатган. 1957—1969-йилларда Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмаси котиби бўлиб фаолият юритган. Асқад Мухтор „Шарқ юлдузи“, „Гулистон“ журналларида ишлаган. Андижон педагогика институти ўзбек адабиёти кафедрасини мудири бўлиб хизмат қилган. Андижон педагогика институтида кафедра мудири (1942—1945). „Ёш Ленинчи“, „Қизил Ўзбекистон“ газеталарида мас’ул котиб, бўлим мудири (1945—1948). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви котиби (1957—1969, 1985—1988), уюшма бошқаруви раисининг ўринбосари (1965), „Шарқ юлдузи“ (1960—1965), „Гулистон“ (1969—1980) журналлари, „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ газетаси бош муҳаррири (1981—1982) бўлиб фаолият олиб борган. Асқад Мухтор 1997-йилнинг 17-апрелида Тошкентда вафот этган[2]

Ижоди

Асқад Мухторнинг „Пўлат қуювчи“ поэмаси ва „Дарёлар туташган жойда“, „Опа-сингиллар“, „Туғилиш“ асарлари ўртасида муштараклик бор. „Чинор“ романида эса меҳнат кишисининг юксак инсоний фазилатлари тасвирланган. „Чинор“ романи мазмун ва шаклига кўра ўзига хос асар бўлиб, унда ўзбек халқи босиб ўтган тарихий йўл, кишилар руҳияти ифода этилади.

Меҳнат кишиси образи, унинг яратувчилик фаолияти „Бўронларда бордек ҳаловат“ (1976) қиссасида янги қирралари билан акс этди. „Аму“ (1986) романи Афғонистондаги воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Адиб қаҳрамонлари фикрловчи, мушоҳада юритувчи, баҳслашувчи кишилардир. Бу ҳол унинг лирикаси учун ҳам хосдир.

Сўнгра у „Ёш ленинчи“, „Қизил Ўзбекистон“ газеталари, „Шарқ юлдузи“, „Гулистон“ журналларида ишлади. Ўзбекистондаги биринчи ҳафталик газета – „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“нинг ташкилотчиларидан бири бўлди. Ёзувчилар уюшмасида котиблик қилди[2]

Шеърият

„99 миниатюра“, „Шеърлар“ ва „Сирли нидо“ ва бошқа китобларига кирган назмлари билан ўзбек поэзиясининг бой имкониятларини намойиш қилди. Унинг поэтик ижоди ҳаётий мазмунга тўла, кўпроқ воқеабанд ҳажвиётга мойил. Уларда инсон ҳаётининг ўткинчилиги ва ҳақиқати ҳақидаги ўйлар, инсон ва табиат муносабатларига оид мураккаб савдолар акс этган.

Шеърий тўпламлари

  • „Пўлат қуювчи“ (1947)
  • „Ҳамшаҳарларим“ (1949)
  • „Раҳмат, меҳрибонларим“ (1954)
  • „Чин юракдан“ (1956)
  • „99 миниатюра“ (1962)
  • „Карвон қўнғироғи“ (1964)
  • „Шеърлар“ (1966)
  • „Қуёш беланчаги“ (1971)
  • "Умид-абадий"
  • „Сизга айтар сўзим“ (1978)
  • „Сирли нидо“ (1984) сингари шеърий китоблар ёзди. Ўзбек шеъриятига чуқур тафаккур ва мураккаб туйғулар тасвирини олиб кирди[2]

Қиссалар

  • „Дарёлар туташган жойда“ (1950),
  • „Қорақалпоқ қиссаси“ (1958),
  • „Бухоронинг жин кўчалари“ (1980),
  • „Жар ёқасидаги чақмоқ“ (1982),
  • „Кумуш тола“ (1987);

Романлар

  • „Опа-сингиллар“ (1955),
  • „Туғилиш“ (1960),
  • „Давр менинг тақдиримда“ (1964),
  • „Чинор“ (1969),
  • „Аму“ (1984);

Песалар

  • „Мардлик чўққиси“ (1948),
  • „Яхшиликка яхшилик“ (1949),
  • „Зар қадри“ (1978),
  • „Самандар“ (1978);

Ҳикоялар тўплами

  • „Ҳаётга чақириқ“ (1956),
  • „Дунё болалари“ (1962);

Бошқа асарлари

  • „Аналҳақ“,
  • „Чодирхаёл“,
  • „Инсонга қуллуқ қиладурмен“ (1994, тўплам),
  • „Тўққизинчи палата“ (ҳикоя),
  • „Уйқу қочганда“ (1997, сўнгги китоби. У адибнинг инсониятга қолдирилган васиятдек янграйди),
  • „Адолат“ (Эртак қаҳрамонлари: Тул кампир, унинг арзанда қизи, чўри қиз Адолат, ўн икки биродар (ойлар)),
  • „Ҳафта“,
  • „Пўлатжон юз туп кўчат экмоқчи“ каби шеърларини ёзди. Бу асарларида инсон маънавиятининг қадри, одамнинг бош фазилати ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик эканлигини самимий тасвирлади[3]....

Таржималар

Асқад Мухтор жаҳоннинг Софокл, Тагор, Пушкин, Лермонтов, Блок, Маяковский сингари буюк адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилди ва ўзбек китобхонларининг меҳрига сазавор бўлди[3]

Адабиётлар

  • Тоғаэв О. Асқад Мухтор. Тошкент. „Тошкент“, 1966.
  • Сайимов Б. Асқад Мухтор прозаси. Тошкент. „Фан“, 1969.
  • Шарафиддинов О. Ижоднинг катта йўлида. „Истеъдод жилолари“ китобида. Тошкент. Адабиёт ва санъат нашриёти. 1976.
  • Каримов Н. ва бошқалар. 20 аср ўзбек адабиёти тарихи. Тошкент: „Ўқитувчи“, 1999[4]..

Манбалар