Atmosfera sirkulyatsiyasi
Атмосфера сиркуляцияси (лот. cирcулатио — доиравий айланиш) — горизонтал ўлчами материк ва океанларга, қалинлиги бир неча км дан ўнлаб км ларга тенг бўлган жуда катта кўламли ҳаво оқимлари системаси. Материк ва океанлар сиртининг турлича исиши, ҳаво оқимларининг ишқаланиши ва Ернинг айланиши та’сиридаги оғиши, шунингдек тўлқин ва гирдоблар ҳосил бўлиши (планетар А. с., глобал А. с.) туфайли вужудга келади. Ҳаво массаларининг кўчиб юриши кенгликлараро ва меридианал йўналишда рўй беради. Тропосферада энг турғун оқимларга пассат, антипассат ва муссонлар киради. Ҳаво массаларининг кўчиши катта кўламдаги гирдоблар (қаранг Сиклон ва Антициклон) туфайли ўзгариши мумкин. Стратосферанинг юқори қисмларида ҳаво оқимлари зонал (ёзда шарқий, қишда ғарбий йўналишда) бўлади.А. с. йилдан-йилга ёки бир кўп йиллик даврдан бошқа кўп йиллик даврга ўзгариб туриши Ер атмосфераси Қуёшдан оладиган радиация миқдори билан, я’ни Қуёш фаоллиги билан белгиланади (қаранг Қуёш радиацияси). А. с. иқлимни шакллантирувчи муҳим жараён; Ернинг ҳар қандай жойидаги иқлим хусусиятлари умуман доимий А. с.га, қишлоқ хўжалигида барча турдаги ишларни олиб боришда муҳим аҳамиятга эга бўлган айрим йиллар об-ҳавосининг хусусиятлари эса сиркуляциянинг йилдан-йилга ўзгаришига боғлиқдир. А. с.ни ўрганиш халқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигини метеорологик ма’лумотлар билан та’минлашда муҳим аҳамиятга эга.[1]