„Азизим“ (франсузча: Бел-Ами) – франсуз ёзувчиси Ги де Мопассаннинг 1885-йилда нашр этилган романи. Ушбу роман юқори мартабага кўтарилишни орзу қилувчи қаҳрамоннинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади. Асар бош қаҳрамони ҳеч қандай алоҳида истеъдодга эга бўлмаса-да, биргина келишган ташқи кўриниши орқали ҳар қандай хонимнинг қалбини забт эта олади, унинг виждони эса ҳар қандай бемаъниликни кечира олади.

Азизим
Бел-Ами
Асосий маълумотлар
Жанр тарбиявий роман
Муаллиф Ги де Мопассан
Оргинал тили франсуз
Ёзилган сана 1885
Аввалги Уне виэ
Кейинги Монт-Ориол

Сюжети

Бош қаҳрамон Жорж Дюруа жуда келишган йигит, аммо Парижда жуда муҳтожликда ҳаёт кечиради. Бир куни у Африкада у билан бирга хизмат қилган эски аскар шериги Чарлз Форестени учратади. Аллақачон муваффақиятли журналистга айланган дўсти Чарлз айни дамда кечки овқат зиёфатини уюштиришни режалаштираётган бўлади ва бу зиёфатга Жоржни ҳам таклиф қилади. Шу билан бирга Форесте Дюруага ўзини журналистикада синаб кўриш таклифини беради.

Кечки овқат пайтида Жорж Чарлзнинг рафиқаси Мадлена, унинг дўсти Клотилда де Марел, Форестенинг хўжайини ва бир вақтнинг ўзида йирик бизнесмен жаноб Валтер, шунингдек, журналистнинг бир нечта ҳамкасблари билан учрашади. Дюруа столдаги барча суҳбатдошларни мафтун этади. Форестенинг хўжайини Валтер уни ёқтириб қолади ва Дюруа ундан „Африка ўқчисининг хотиралари“ номли мақола ёзиш вазифани олади. Дюруа мақолани ёзиш учун бирор ғоя ўйлаб топишга қанчалик ҳаракат қилса ҳам уринишлари муваффақияцизликка учрайверади. Шундан сўнг у Мадленага ёрдам сўраб мурожаат қилади ва Мадлена унга ажойиб мақола ёзиб беради. Дюранинг илк мақоласи Валтер томонидан қабул қилинади ва унга ушбу мақоланинг давомини ёзиш вазифаси топширилади.

Мақоланинг давомини ёзиш учун Жорж Дюруа яна Мадленага мурожаат қилишга ҳаракат қилади, лекин Форесте унинг бу қилмишидан ғазабланади ва хотинига Жоржга бу масалада ёрдам беришини таъқиқлайди. Жорж Дюруа мақолани бир неча марта қайта ёзади, лекин мақола қабул қилинмайди. Кейин эса унга мақола учун маълумот тўплаш вазифаси топширилади. Дюруа буни Сен-Потен исмли газета ходимидан ўрганади.

Тез орада Жорж муваффақиятли мухбирга айланади, унинг истеъдоди раҳбарларининг эътиборидан четда қолмайди. Жорж яхши пул топади, лекин бой бўлолмайди. У юқори мартабали аёл Клотилда де Марел билан танишади ва унинг севгилисига айланади. Клотилда де Марелнинг кичик қизи Лорина Дюруани яхши кўриб қолади ва унга азизим тахаллусини беради. Тез орада Жорж билан мулоқот қиладиган барча хонимлар уни шу тахаллус билан чақира бошлайдилар. Клотилда доим унга пул масаласида ёрдам беради, аммо бир куни Жорж бундан ғазабланади ва қўлига пул тушиши биланоқ ҳаммасини қайтариб беришга ваъда беради, аммо бу қарзини қайтариш учун пул топа олмайди.

Бу орада жаноб Форестенинг аҳволи ёмонлашади ва у даволаниш учун Каннга жўнайди. У ердан Дюруага Мадленадан телеграмма келади, Форесте ўлим тўшагида ётгани сабабли Мадленна ундан зудлик билан етиб келишини сўрайди. Жорж келиши билан Чарлз ҳам вафот этади ва Жорж Мадленага унга турмушга чиқишини таклиф қилади. Мадлена Жоржнинг зодагонлик унвонига эга бўлиши ва унинг одатдаги турмуш тарзига, эски дўстлари билан учрашувларига халақит бермаслиги шарти билан Мадам Дюруа бўлишга рози бўлади. Тез орада Жорж жаноб Дю Руа де Кантелга (исм-фамиллиясига туғилган жойининг номи қўшиб айтилади) айланади ва Мадленага уйланади. Бироқ шу билан бирга Жорж Клотилда билан севги муносабатларини ҳам қайта янгилайди.

Мадлена Дюруага мақолалар ёзишда ёрдам беради, Жоржнинг мақолалари Форестенинг эски мақолаларига ўхшаб кетаётгани унинг атрофидагиларга сезилиб бораверади. Жорж газетада Форестенинг ўрнини эгаллайди ва ҳамкасблари уни ўлган дўстининг исмини тасодифан айтиб чақиргандай уни масхара қилишни бошлайдилар. Бундан ғазабланган Жорж Мадленани ўлган дўстидан рашк қилиб, уни хиёнатда гумон қила бошлайди.

Жорж ишлайдиган газета ўрта даражадан етакчи сиёсий нашрга айланади. Мадлена турли сиёсий ва дунёвий қарашларга эга кишилар билан танишади ва улардан турли маълумотлар тўплайди. Мадлена ва Жорж биргаликда ишлаган ҳолда эски ҳукуматни ағдариш ва вазирлик лавозимини Мадлена ва Валтернинг эски дўсти Ларош-Матега топширилишига ёрдам берадиган мақолалар ёзадилар. Дюруанинг уйи йирик сиёсий маконга айланади, Жорж Ларош-Матенинг буюртмасига кўра мақолалар ёза бошлайди.

Орадан кўп вақт ўтмай, Дюруа Мадленадан қасос олишни истайди. Хўжайинининг хотини Валтер хонимни йўлдан оздиради, Валтер хоним эса эрининг Марокаш облигациялари билан боғлиқ катта молиявий фирибгарлик сирини Жоржга очиб беради.

Мадленанинг эски дўсти граф Водрек вафот этади (асарда Мадлена унинг севгилиси эканлигига ишора бор) ва у Мадленага мерос сифатида миллион франк қолдиради. Дюруанинг хотини граф Водрекнинг севгилиси эканлигига ишончи комил бўлади ва у хотинини унга пулнинг ярмини беришга мажбур қилади, акс ҳолда турмуш қурган аёлнинг кекса графдан мерос олиши жамиятда кўплаб миш-мишларга сабаб бўлишини айтади. Шундай қилиб у, ниҳоят, ўзи истаганидек бой-бадавлат инсонга айланади. Айни дамда Валтернинг облигациялари бўйича фирибгарлик иши содир бўлади ва бу ҳам Дюруанинг мамлакатдаги энг бой одамлардан бирига айланишига сабаб бўлади. Жорж Валтерга ҳасад қилади ва эндиликда шу вақтга қадар у билан яхши муносабатда бўлиб келган Валтернинг қизи Сюзаннага уйлана олмаслигидан афсусланади.

Шундан сўнг Жоржнинг навбатдаги ишқий муносабатлари унинг собиқ севгилиси Клотилда де Марел ва Валтернинг рафиқаси билан давом этади. Валтернинг рафиқаси кекса, жуда тақводор, қатъий ва ўқимишли аёл бўлиб, дастлаб узоқ вақт давомида Дюруанинг унга бўлган муносабатларига қаршилик кўрсатади, лекин кейинчалик худди гирдоб ичига тушиб қолгандек Дюруа билан ишқий муносабатларга шошилади. Валтер хоним тезда Жоржнинг жонига тегади, Жорж ундан ҳар томонлама қоча бошлайди, у Жоржга жуда кўп муаммолар туғдира бошлайди. Бу эса Жоржни янада безовта қилади. Шу билан бирга Клотилда билан муносабатлар ҳам силлиқ кечмайди, лекин Клотилда ҳар сафар, ҳатто Дюруанинг Мадленага уйлангани, ўзига бошқа маъшуқа топганидан кейин ҳам уни кечираверади.

Кейинчалик, Валтернинг қизига уйланиш ва бу орқали катта маҳр олиш ҳақида ўйлай бошлаган Жорж ахлоқ полициясига шикоят қилади ва хотинини Ларош-Мате билан хиёнат устида қўлга туширади, бунинг натижасида у вазирни ўз вазифасидан ағдариб, хотини билан ажралиш имкониятини қўлга киритади. Шу билан бирга у Сюзанна билан муносабатлар учун ўзига замин яратади, қизни яхшигина куёвликка номзод кимсани ташлаб кетишга ва ўзи билан қочишга кўндиради. Улар бирга қочиб кетишади. Қайтиб келгач, бу воқеадан ғазабланган Валтер қизини Дюруага турмушга беришга мажбур бўлади, акс ҳолда Жорж қизнинг ҳам унга ошиқ бўлишига қарамай, Сюззаннанинг ота-онаси Жоржнинг узоқ ўтмиши сабаб, уларнинг бу муносабатларига расмий мақом беришни истамаётганликлари ҳақида миш-мишлар тарқатишини айтади. Жорж каби йигит билан никоҳсиз муносабатлар юқори табақага эга одобли қизнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушуниб етган Сюзаннанинг ота-онаси Дюруани ўз оиласига қабул қилишни истамасалар-да, бу шартга ноилож рози бўлишади. Валтернинг рафиқаси уларнинг турмуш қуришларига мутлақо қарши бўлади, у қизи ва Жорждан нафратлана бошлайди, аммо вазиятга дош бера олмайди ва таслим бўлади. Шундай қилиб, Жорж катта бойликнинг меросхўри, Франсиядаги биринчи рақамли бадавлат кишининг куёвига айланади. Жорж ўз тўйида севгилиси Клотилдага кўзи тушади ва у орадан шунча воқеалар бўлиб ўтганига қарамай, эски маъшуқаси билан бирга бўлиш унга қанчалар ёқимли бўлганини эслайди ва Клотилданинг нигоҳидан ҳам худди шу маънони уқади.

Асар қаҳрамонлари

  • Жорж Дюруа – бош қаҳрамон, собиқ аскар. У ўзини журналистикада синаб кўради, роман давомида бой ва нуфузли аёлларга уйланиш орқали карера қилади. Ҳеч қандай истеъдодга эга бўлмаган, ахлоқсиз йигит.
  • Чарлз Форесте – Дюруанинг армиядаги сафдоши, унга иш берган журналист.
  • Мадлена Форесте – Чалрз Форестенинг, кейинчалик Дюруанинг рафиқаси, вазир Ларош-Матенинг маъшуқаси. У ўзининг истеъдодсиз эрларига мақолалар ёзишда ёрдам беради, шунингдек, уларга ошиқларидан оладиган эксклюзив маълумотларни тақдим этади.
  • Клотилда де Марел – Жоржнинг севгилиси, у билан доимий равишда ажрашиб, яна қайта ярашиб юради.
  • Лорина де Марел – Клотилданинг қизи, у Жоржга „Азизим“ лақабини берган.
  • Жаноб Валтер – „Франсия ҳаёти“ газетасининг эгаси, бой ва йирик тадбиркор.
  • Виржиния Валтер – жаноб Валтернинг хотини, Жоржнинг маъшуқаси.
  • Сюзанна Валтер – Жоржнинг иккинчи хотини.
  • Граф Водрек – кекса бой зодагон.
  • Жаноб Ларош-Мате – франсуз вазири, Валтернинг олдида қарздор шахс, у билан биргаликда молиявий фирибгарликларни амалга оширади. Мадленанинг севгилиси.
  • Норбер де Варен – „Франсуз ҳаёти“да ишловчи пессимист шоир.
  • Сен-Потен – „Франсия ҳаёти“ газетасининг мухбири. Жоржга интервю олиш санъатини ўргатган.
  • Жак Ривал – „Франсия ҳаёти“ газетасининг журналистларидан бири.
  • Рейчел – фоҳиша, Жорж Дюруа дея ақлдан озган қаҳрамон.

Экранлаштирилиши

  • 1916-йилда режиссор Максимилиан Гарри томонидан „Чёрний дом“ номли русча филм суратга олинган.
  • 1939-йилда немис тилида филм суратга олинган, бош ролни Вилли Форст ижро этган.
  • 1955-йилда роман асосида бош ролда Жоханнес Ҳеэстерс иштирокида яна бир филм суратга олинган.
  • 1979-йилда Италия телевидениесида 4 қисмли мини-сериал суратга олинган, режиссёр – Сандро Болки, бош ролда – Коррадо Пани.
  • 1983-йилда франсуз телевидениесида 3 қисмли „Миллий друг“ мини-сериали суратга олинган. Режиссёр – Пер Кардинал, бош ролларни Жак Вебер ва Мариса Беренсон ижро этган.
  • 2012-йилда оман асосида филм экранлаштирилган, бош ролларни Роберт Паттинсон, Ума Тҳурман ва Кристина Риccи ижро этган.

Театр томошалари

  • 1997-йилда Моссовет театри саҳнасида „Миллий друг“ спектаклининг премераси бўлиб ўтган. Постановкачи режиссор – Андрей Житинкин. Виржиния Валтер ролини Маргарита Терехова, Жорж Дюруа ролини Александр Домогаров ижро этган.
  • 2014-йилда Н. М. Загурский номидаги Иркуцк мусиқали театри саҳнасида „Азизим“ романи асосида ишланган „Миллий друг“ балетининг премераси бўлиб ўтган (куй: Константин Артамонов, либретто: Людмила Светкова).
  • 2017-йилда режиссёр „Балтийский дом“ фестиваллар театри саҳнасида „Миллий друг“ спектакли премераси бўлиб ўтган. Ресиссор – Н.Индейкин.

Рус тилига ўгирган таржимонлар

  • Анастасия Чеботаревская-Сологуб
  • С. Бархардт
  • Мария Шишмарёва
  • Й. Г. Абрамсон
  • М. В. Соседова
  • Николай Любимов

Ҳаволалар