Бароқхон, Бароқ Эшон (тўлиқ исми — Бароқхон ибн Эсон Тува ибн Мутуген ибн Чиғатой) (? — 1271) — Чиғатой улуси хони (1266— 71). Жамол Қаршийнинг ёзишича, 1266-йил Оҳангарон водийсида Чиғатой авлодларидан биринчи бўлиб исломга кирган Муборакшоҳ ўзини Чиғатой улуси хони деб эълон қилади. Шу тариқа биринчи марта Чиғатой улусига мўғуллар давлати олий ҳукмдори тайинламаган киши хон бўлади. Бундан ғазабланган олий ҳукмдор Хубилай Бароқхонни Туркистонга жўнатади. У дас-тлабки вақтларда ўзининг хон қилиб юборилгани хусусидаги ёрлиқни яшириб, гўё бошпана излаб келгандек Сурхондарёга — қариндошлари ҳузурига боради ва аста-секин мўғуллардан қўшин тўплай бошлайди. 1266-йил сентабрда Бароқхон Муборакшоҳ қўшини билан жанг қилиб, уни асир олади ва Ўзганда ўзини Чиғатой улуси хони деб эълон қилади. Аммо, Бароқхон тез орада Хубилай қоонга итоат қилмай қўяди. Шу боис Хубилай унга қарши қўшин юборади, Бароқхон Шарқий Туркистонда Хубилай қўшинини тор-мор келтиради. Шу вақт чингизийлардан Хайду марказий ҳокимият билан Бароқхон ўртасидаги қарама-қаршиликлардан фойдаланиб Еттисув ва Сирдарёнинг шарқидаги ерларни босиб олиш тараддудига тушади. Натижада 1268-йил ҳар икки томон қўшинлари тўқнашиб, Бароқхон енгилади. Аммо, Хайду уни таъқиб этмай, келаси йили баҳорда қурултойга келишни ва ўртадаги рақобатга чек қўйиб, сулҳ тузишни таклиф қилади. 1269-йил баҳорида қурултой чақирилиб, унда сулҳ тузилади ва Хайду билан Бароқхон тасарруфидаги ерлар чегараси аниқ белгилаб олинади. Бароқхон вафот этгач, ўрнига ўғли Тува (Дува) тахтга ўтиради.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил