Бас (итал. бассо — паст) — 1) эркакларнинг энг паст, йўғон овози. Баланд ёки куйчан Б. (итал. бассо cантанте) ҳамда паст Б. (бассо профундо), опера амалиётида — ҳарактерли, ҳажвий Б. (бассо буффо) фарқ қилинади. Баланд Б. лирик (диапазони тахминан катта октавадаги "сол"дан биринчи октавадаги "фа" гача) ва драматик (катта октавадаги "фа" дан биринчи октавадаги "ми"гача) бўлади. Паст Б.нинг диапазони катта октавадаги "доми" дан — биринчи октавадаги "реми" гача бўлади. Рус хорларида октавачи Б.лар учрайди, улар инсон овози учун энг паст овоздаги товушларни ижро эта олади; ХХ аср хонандаларидан Ф. Шаляпин (Россия), Н.Гяуров (Болгария), Тео Адам (Германия), Ўзбекистонда Ҳ. Исмоилов, В. Гринченко, Қ. Муҳиддинов ва бошқаларнинг овози Б: 2) кўп овозли мусиқа асаридаги энг пастки партия. Хорда Б. биринчи (баритонлар ижро этади) ва иккинчи (ҳақиқий Б.) овозларга бўлинади; 3) рақамланган Б. (бассо cонтинуо) (қаранг Гомофония); 4) пастки регистрдаги мусиқа асбоблари: туба-Б., контрабас ваб., шунингдек Украина (басоля) ва Беларус (басетля) да халқ виолончели, Ўзбекистонда қайта ишланган халқ чолғулари — дутор—Б., ғижжак — Б. ва бошқа

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил