Бешариқ тумани — Фарғона вилоятидаги туман. 1926-йил 29-сентабрда ташкил этилган. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Фурқат туманлари, Тожикистоннинг Конибодом ва Ашт туманлари билан чегарадош. Майдони 0,77 минг км2. Аҳолиси 252 минг киши (2024). Бешариқ туманида 1 шаҳар (Бешариқ) ва 15 қишлоқ фуқаролари йиғини (Чорбоғтўронғи, Андархон, Қумқишлоқ, Бешсари, Иттифоқ Бешариқ, Ватан, Рапқон, Товул, Яккатут, Қашқар, Қоражийда) бор. Маркази — Бешариқ шаҳри.

Бешариқ тумани
туман
Таркибида Фарғона вилояти
Маъмурий маркази Бешариқ
Асос солинган санаси 1926-йил
Ҳоким Расулжон Жўраев [1]
Расмий тили ўзбек
Аҳоли 223.8 минг [2]
Миллатлар таркиби Ўзбеклар - 99,7%
Динлар таркиби Мусулмонлар
Майдони 780 км²
Вақт минтақаси УТC+5
Харитада
Beshariq tumani xaritada

Табиати

Релефи пасттекислик, қир, тошлоқ ва қумли чала чўллардан иборат. Жан.ғарбида қум барханлари, шарқида Марказий Фарғонанинг Сўх-Исфара массиви бор. Ер юзаси шимолга нишабатан Иқлими кескин континентал. Январнинг ўртача ҳарорати —2 °C, июлники 28 °C. Йилига 200 мм ёгин тушади. Жанубий қисмига кўпроқ ёғин ёғади. Баҳорда ғарбдан шарққа кучли (баъзан секундига 30 м тезликда) шамол эсади. Вегетация даври 205 кун. Туманнинг шимолда Сирдарё, жанубда Исфара дарёси оқади, ғарбида Қайроққум сув омбори бор. Бешариқ тумани ерлари Катта Фарғона каналидан суғорилади. Туман ҳудудидан Сўх-Исфара коллектори ўтган. Туман қир қисмининг тупроғи сершағал, текислик қисмининг тупроғи эса суғориладиган бўз тупроқ. Шувоқ, шўра, янтоқ, қамиш, қўға, оқ мия, қизил мия, юлғун, саксовул ўсади. Юмронқозиқ, қуён, эчкемар, бўри, тулки, ҳар хил илонлар яшайди. Туман ерларида фақат суғориб деҳқончилик қилиш мумкин[3].

Аҳолиси

Аҳолиси, асосан ўзбеклар; тожиклар, қирғизлар, татарлар ва бошқалар ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 193 киши тўғри келади. Шаҳарликлар 50 минг кишидан ортиқ, қишлоқ аҳолиси 173 минг кишидан ортиқ киши. Жами аҳоли сони 223.8 минг киши (2019).

Хўжалиги

Туманда пахта тозалаш заводи, тиббиёт пахтаси тайёрлайдиган, йигирувтўқув ва мебел фабрикалари, пахта чиқиндисидан картон ишлайдиган ва паст нав пахтани қайта ишлаб тозалайдиган маҳаллий саноат комбинати бор. Туманда 138 кичик корхона ва 2 кооператив корхона мавжуд. Булардан энг муҳимлари: металл қопқоқлар тайёрловчи, халқ истеъмоли моллари чиқарувчи „Навбаҳор“, „Баҳор“ кичик корхоналаридир. Қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерлар 21,6 минг га, шу жумладан 12,3 минг га ерга пахта, 0,09 минг га ерга сабзавот, 0,9 минг га ерга беда, 0,76 минг га ерга маккажўхори, 0,04 минг га ерга шоли экилади.

Саноати

Бешариқ туманида 3 жамоа хўжалиги, 4 ширкатлар уюшмаси, 1 хўжаликлараро корхона, паррандачилик фабрикаси, 148 фермер хўжалиги ва Қўқон ўрмончилик хўжалигининг филиали бор. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 46,7 минг кррамол, 32,5 минг қўй ва эчки. 54,4 минг парранда бор. Бешариқ тумани ғарбидан Тошкент—Қўқон темир йўли ўтади. Яқин темир йўл стансияси—Рапқон туман марказидан 2 км. 1999/2000 ўқув йилида 47 умумий таълим мактабида 33,8 минг ўқувчи, 2 лицейда 236 ўқувчи таълим олди. 9 кинотеатр, 46 оммавий кутубхона, 24 клуб, маданият уйи, музей, 866 ўринли 5 касалхона, поликлиника ва 54 тиббий пункти бўлиб, уларда 165 врач, 654 ўрта маълумотли тиббий ходим ишлайди. 1932-йилдан „Бешариқ тонги“ туман газетаси чиқади (адади 2500).

Манбалар