Биоорганик кимё — органик кимё билан биологиянинг бир қанча соҳаларидан таркиб топган фан. ХХ асрнинг 2-ярмида вужудга келиб, молекуляр биология, биокимё ва биологиянинг бошқа тармоқлари билан чамбарчас боғланган ҳолда ривожланмоқса. Асосан, биополимерлар (оқсиллар ва пептидлар, нуклеин кислоталар ва нуклетоидлар, липидлар, полисаҳаридлар ва бошқалар) ҳамда биорегуляторлар (ферментлар, витаминлар, гормонлар, жумладан фитогормонлар, шунингдек синтез йўли билан тайёрланган биологик фаол бирикмалар, мас, дори препаратлар, ўстирувчи моддалар, инсектофунгицидлар, гербицидлар ва ҳоказони тадқиқ қилади, уларни кимёвий жиҳатдан тоза ҳолда синтез қилади, тузилишини аниқлайди, бу моддаларнинг тузилиши билан биологик хоссалари ўртасидаги боғланишни очиб беради, биополимерлар, шунингдек табиий ва синтетик биорегуляторлар биологик таъсирининг кимёвий томонларини ўрганади.

Биоорганик кимё да асосий муаммоларнинг ҳал қилиниши биологиянинг янада ривожланиши учун катта аҳамиятга эга. Энг муҳим биополимерлар билан биорегуляторларнинг тузилишини ва хоссаларини аниқламасдан ҳаётжараёнларининг моҳиятини билиш, айниқса, кўпайиш (урчиш) ва ирсий белгиларнинг наелга ўтиши, ҳужайраларнинг ўсиши, иммунитет, хотира, нерв импулси ва бошқа мураккаб ҳодисаларни бошқариш йўлларини топиш мумкин эмас. Ферментларнинг тузилишини ва таъсир механизмини ўрганиш асосида юксак даражада фаол катализаторлар вужудга келтириш, мускул қисқаришини ўрганиш асосида кимёвий энергияни бевосита механик энергияга айлантириш, биологик системаларда ахборот (информация) сақланиши ва наслга утиши принсиплари, ҳужайралардаги кўп компонентой системаларнинг ўз-ўзини бошқариш принсипларидан техникада фойдаланиш муаммоларини ҳал этиш Биоорганик кимё соҳасида ўтказиладиган тадқиқотларга боғлиқ.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил