Boborahim Mashrab
Машраб (асл исми: Бобораҳим Мулла Вали ўғли; 1640/1653/1657-йил, Андижон– 1711-йил Балх) – ўзбек шоири ва сарвиноз киши, тасаввуф адабиётининг етук намоёндаси.
| Бобораҳим Машраб | |
|---|---|
|
| |
| Таваллуди |
1640-йил (ёки 1653, 1657) Андижон вилояти |
| Вафоти |
1711-йил Балх вилояти, Қундуз шаҳри |
| Соҳаси | шоир |
| Машҳур ишлари | „Қиссаи Машраб“, „Кошки“, „Ўзум“,„Қолмади“ |
| Дини | Ислом |
Ҳаёти
Бобораҳим Машраб 1641-йилда (ёки 1640, 1653, 1657) Андижонда туғилган. Лекин, кўпчилик уни Наманганлик деб билади. Аслида таваллуд топган жойи Андижондир. Дастлаб эшон Мулло Бозор Охунд қўлида таҳсил олади. Ёшлик йилларида оиласи билан Наманган шаҳрига кўчуб боради ва таълим олишни бошлайди. 1665-йилда Қашқарга Офоқ Хўжа ҳузурига бориб билимини янада чуқурлаштиради. Лекин бу ердаги пир-у муршидлик узоққа чўзилмайди. У Офоқхўжанинг даргоҳидаги канизаклардан бирига кўнгил қўяди. Буни сезиб қолган шайх уни номини қора қилиб, ҳайдаб юборади. Бу воқеалардан сўнг Машраб Самарқанд, Хўжанд, Бухоро каби шаҳарларда кезиб юради ва Қубодиёнда Сўфи Оллоёр билан учрашиб қолади[1].
Машраб 1673-йилдан бошлаб умрининг охиригача қаландарларча ҳаёт кечиради. У 1711-йилда Балхга келади. Сўнг Балх вилояти ҳокими Маҳмуд Қатағон томонидан уни Исломга шак келтирганликда айбланади ва Қундуз шаҳрида дорга осиб ўлдиртиради[1].
Машраб номи ХВИИИ ХИХасрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда зикр этилади (масалан, Баде Самарқандийнинг „Музокир ул-ас'ҳоб“ида). Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат „Девони Машраб“, „Девонаи Машраб“, „Эшони Машраб“, „Ҳазрати шоҳ Машраб“ номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади. Қиссалар кейинчалик ўзгартириш ва тузатишларга дуч келган, турли тўқималар, янги-янги ривоят, накдлар, саргузашт ва латифасимон лавҳалар билан тўлдирила борилган. Натижада қиссаларда тарихий Машраб ва унинг ижтимоий ва ижодий фаолияти халқ тасаввуридаги тўқима Машраб ҳамда у ҳақидаги саргузашт-ривоятлар билан қоришиб кетган. Шундай бўлсада, Машраб ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич баён этувчи, шунингдек, яратган асарларининг кўпгина қисмини ўзида жамловчи адабий-тарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.
Қуйидаги асарларда ҳам Машраб ҳақида айрим маълумотлар учрайди:
- „Тазкират ул-авлиё“ (Мажзуб Намангоний),
- „Тазкираи қаландарон“ (Ис'ҳоқ Боғистоний),
- „Музаккири ас'ҳоб“ (Малеҳо Самарқандий),
- „Мунтахаб ут-таворих“ (Ҳакимхон Тўра),
- „Ансоб ус-салотин“ (Мирзо Олим).
Машраб ҳақида мукаммалроқ тасаввур ҳосил қилувчи манба – „Қиссаи Машраб“дир (бошқа номлари „Шоҳ Машраб“, „Девонаи Машраб). Унинг кўпгина қўлёзма ва тошбосма нусхалари мавжуд.
Ҳаёти
Бобораҳим Машраб қачон туғилгани борасида олимлар орасида ҳар-хил фикрлар мавжуд. Машраб отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади. Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд (хўжа Убайдулло) қўлида диний таълим олади, сўфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади.
Тахминан, 1665-йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра, ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хўжа эшон ҳузурига боради. Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хўжа даргоҳида ва унинг тарғибот сабоқлари таъсирида яратилган. Офоқ Хўжа шахсий хислат-фазилатларини мадҳ этувчи, уни „пир-у раҳбар“ деб тан олувчи байт-мисралар мужассам бўлган ғазал ва мухаммаслар ҳам („Кошки“, „Ўзум“ радифли ғазаллар, „Қолмади“ радифли мухаммас) шу муридлик йиллари маҳсулидир.
Машраб тахминан 1672–1673-йилларда Офоқ Хўжа даргоҳини тарк этади. Қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизакларнинг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб қувилиши заминида пир билан мурид ўртасида жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса, ҳақиқатга мувофиқ бўлади.
Машраб пири даргоҳидан кетгач, деярли 40 йиллик умрини доимий сафарда, турли ўлкаларда дарбадарликда ўтказади. Қўнимсиз ҳаётга юзланган шоир, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Оддий халқнинг қашшоқ ҳаёти, зулм-у ситам остидаги оҳ-у ноласи шоир қалбини ларзага солади („Дили тиғи ситамдин пора бўлғон халқни кўрдум“…).
Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у баъзи руҳонийларнинг кирдикорлари ва ҳийлагарликларини фош этади, текинхўр мулкдорлар ва жоҳил амалдорларнинг зўравонлик фаолиятларини танқид қилади. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбағал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу тескаричи гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.
Ижоди
Машраб қолдирган бадиий мерос ҳажм ва жанрлар жиҳатидан ҳанузгача аниқланган эмас. Аммо бизга ҳозирча маълум асарларининг ўзи ҳам Машрабнинг фавқулодда ноёб истеъдод эгаси эканлигидан далолат беради. Машраб ижоди шеъриятнинг янада кенгроқ ижтимоий мазмун ва жанговар руҳ касб этишида, адабиётдаги халқчиллик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, лирик турларнинг такомиллашуви ҳамда бадиий санъатнинг камолотга эришувида янги бир юқори босқични ташкил этади.
Машрабнинг моҳиятан инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук намуналарни учратамиз. Аммо Машраб, аввало, моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба' ҳамда халқ ғам-у ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшиқларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.
Машраб ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам, худди ғазаллари каби шўх ва жарангдор, нафис ва завқбахшдир.
Мумтоз шеъриятда мурабба' турининг узил-кесил мустаҳкамланиши ва такомилида Машраб ижодининг ўрни катта.
Машрабнинг романтик кўтаринкилик руҳи уфуриб турган асарларини адабиёт тарихида мурабба турида яратилган энг етук намуналар жумласига киритиш мумкин. Машрабнинг ғазал, мустазод ва мурабба'ларида ишқ-муҳаббат вафо-садоқат мавзуи етакчи ўринда турса, мухаммас ва мусаддасларида чуқур ижтимоийлик устунлик қилади, тақдирнинг кемтиклиги ва ҳаётнинг носозликларидан, давр (чарх, фалак) ва адолациз муҳитнинг шахс бошига тинимсиз келтираётган жабр-у жафосидан шикоят, таъқиб-тазйиқидан норозилик дардли, аммо қатъий ва кескин ифодаланади.
Машраб қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳанг-таъкидлари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир шеърларида Аллоҳнинг мавжудлиги, бор-у бирлиги, барча жонли ва жонсиз мавжудотни яратганлиги узил-кесил ва қатъий тан олинади, Худонинг куч-қудрати, тақдирнинг ўзгармаслиги ва Маҳшар куни ҳақидаги таълимот тўла-тўкис қабул қилинади.
Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлашган.
Машраб қолдирган адабий мерос тўла аниқланиб, ўрганилган эмас. Баъзи тадқиқотчилар жуда кўп шеърий ҳикоят ва ғазалларни ўзида жамловчи „Мабдаи нур“ номли йирик асарни шоирга нисбат берадилар. Шоир мероси, асосан,„Қиссаи Машраб“асари орқали етиб келган. Асарда Риндий, Умар, Маҳваш, Зинда ва Мансур тахаллуслари ҳам учрайди.
„Мабдаи нур“ ва „Кимё“ асарлари муаллифлиги борасида мунозара мавжуд. 1997-йилда „Мабдаи Нур“ (Жалолиддин Румий „Маснавийи маънавий“сига шарҳ) Бобораҳим Машрабнинг асари сифатида чоп этилди.
Машраб ижодини ўрганиш
Машраб ижоди ҳақида рус шарқшунослари Н.И.Веселовский, Н.С.Ликошин, В.Л.Вяткин; ўзбек адабиёцҳунослари Иззат Султон, В.Зоҳидов, И.Мўминов, Ғафур Ғулом, А.Ҳайитметов, В.Абдуллаэв, А.Абдуғафуров, Э.Шодиэв, И.Абдуллаэв, Ж.Юсуповнинг тадқиқот ва мақолалари бор. Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Машраб асарлари бир неча марта чоп этилган (1958, 1960, 1963, 1971, 1979, 1990).
Хотира
Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар ва жамоа хўжаликлари бор. Афсуски, 2019-йилда Тошкентда ташкил қилинган шоирлар хиёбонида бошқа шоир ва ёзувчилар қаторида Машрабга ҳайкал қўйилмади.
Адабиётлар
- Муҳсин Зокирий, Бобораҳим Машраб, Т., 1966;
- Абдуғафуров А., Машраб. "Мабдаи Нур". -Т.: 1994.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Ҳамиджон Хомидий; Маҳмуд Ҳасаний. Машриқзамин ҳикмат бўстони. Тошкент: „Шарқ“ нашриётматбаа консерни, 1997-йил — 251-бет.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Бобораҳим Машрабга тегишли иқтибослар мавжуд. |