Bobur
Бобур (тахаллуси) тўлиқ исми — Заҳириддин Муҳаммад Бобур. (1483-йил 14-феврал-1530-йил 26-декабр) ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, „Бобурнома“ асари муаллифи, шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли шоир ва бобурийлар сулоласи асосчиси бўлган. Бобур ўз даврининг буюк шахсларидан бири эди. Унинг шеърлари, рубоийлари ўз вақтида ва ҳозир ҳам севиб ўқилмоқда. 6 та завжаси бўлиб, Биби Муборака, Моҳимбегим, Зайнаб Султон Бегим, Ойша Султон Бегим, Маъсума Султон Бегим ва Солиҳа Султон Бегим. Бобур Шайбонийхонга нисбатан адовати бўлган ва Бобурнома асарида унга нисбатан кескин танқид қилган.
| Заҳириддин Муҳаммад Бобур | |
|---|---|
Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршйх мирзо | |
|
Бобурнинг идеаллаштирилган портрети, ХВИИ аср бошлари | |
| Бобурийлар императори (Подшоҳ) | |
| Ҳукмдор | 20-апрел 1526 – 26-декабр 1530 |
| Ўтмишдоши | Умаршайх Мирзо |
| Вориси | Ҳумоюн |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
14-феврал 1483-йил Ахси, Андижон вилояти |
| Вафоти |
26-декабр 1530-йил (47 ёшда) Агра |
| Турмуш ўртоғи |
|
| Болалари | |
| Онаси | Қутлуғ Нигорхоним |
| Отаси | Умаршайх Мирзо |
| Касби | Шоҳ, шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, шаҳзода |
| Дини | суннийлик[1] |

Ҳаёти
Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони, Тошкент ҳокими Юнусхоннинг вориси Маҳмудхоннинг қизи эди. Бобур ота томондан Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзо наслидан бўлса, она томонидан Туғлуқ Темурхоннинг ўғли Хизр Хўжахон наслидан эди унинг еттинчи авлоди эди, ва насаби она томомидан Чингизхонга қайтади.
Отаси томондан:
- Амир Темур кўрагон (1336-1405)
- Мироншоҳ Мирзо (1366-1408)
- Султон Муҳаммад Мирзо (1408-1449)
- Султон Абу Саид кўрагон (1424-1469)
- Умаршайх Мирзо кўрагон (1456-1494)
- Бобур (1483-1530)
Онаси томондан:
- Туғлуқ Темурхон (1329-1362)
- Хизр Хўжахон (1358-1399)
- Муҳаммадхон (? — 1416)
- Шаралихон (тахтга чиқмаган)
- Увайсхон (1418-1425-йилларда)
- Юнусхон (1468-1487)
- Маҳмудхон
- Маҳмудхоннинг қизи Қутлуғ Нигорхоним (1457-1504)
- Бобур (1483-1530)
Бобурнинг онаси ўқимишли бўлган ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди. Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозил-у уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан „Бобур“ („Шер“) лақабини олади.
Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур сўфий — Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Кейинчалик, „Бобурнома“ асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизликдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494-йил июн).
Мовароуннаҳр тахти учун кураш

Мовароуннаҳр ХВ аср охирида ўзаро низолашаётган темурий шаҳзодалар ёки мулкдор зодагонлар бошчилик қилиб турган, деярли мустақил бўлиб олган кўпдан кўп вилоятларга парчаланиб кетган эди. Мовароуннаҳр тахти учун кураш авжга чиққан, турли сиёсий фитналар уюштирилмоқда эди. Бунинг устига Умаршайх Мирзога тобе бир неча бек ва ҳокимлар ёш ҳукмдорга (Бобурга) бўйсунишдан бош тортадилар. Уларнинг айримлари Бобурнинг укаларини ёқласа, баъзилари мустақиллик даъвосини қилади, яна бошқа бирлари Бобурга рақиб, бошқалари амаки, тоғаларига қўшилиб, уни жисмонан йўқотиш пайига тушади. Ўз амакиси ва тоғаси бўлмиш Султон Аҳмад Мирзо билан Султон Маҳмудхон хуружларини даф қилган Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2—3-йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди.
Бобурнинг Андижонни қайта эгаллаши

Бу пайтда, қисқа муддат ичида Самарқанд тахтига учинчи ҳукмдор келган эди. Султон Аҳмад Мирзо вафоти (1494-йил июл) дан кейин тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо Самарқандда давлатни 5-6 ойдан ортиқ идора этмади — қисқа муддатли касалликдан сўнг 43 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига Бухорода ҳоким бўлган ўғли Бойсунғур ўтиради. 1495—1496-йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақияциз юриш қилади. 1497-йил кузида у Самарқанд атрофидаги бир қанча жойларни ва 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни эгаллайди, Бойсунғур Қундузга қочади. Шаҳар қамал туфайли ниҳоятда оғир кунларни бошидан кечирмоқда эди. Ҳатто эккулик дон ҳам топиш мушкул эди. Бобур қўшинни таъминлашда катта қийинчиликларга дуч келди. Навкарларидан айримлари Андижон ва Ахси томон қочиб кетадилар. Бунинг устига Андижонда қолган айрим беклар Бобурдан юз ўгириб, унинг укаси Жаҳонгир Мирзо тарафига ўтадилар. Андижондан кўнгли нотинч бўлган ва иқтисодий қийинчиликларга учраган, айни замонда оғир хасталикни бошидан кечирган Бобур Самарқандни юз кун идора этгандан сўнг, уни тарк этишга қарор қилади, аммо Хўжандга етганда Андижон ҳам қўлдан кетиб, мухолифлар ихтиёрига ўтганини эшитади. Бобурнинг Тошкент ҳокими, тоғаси Маҳмудхон кўмагида Андижонни қайта эгаллашга уриниши натижа бермайди. Бу муваффақияцизлик Бобур қўшинига салбий таъсир этиб, кўпчилик бек, навкарлар (700—800 киши) Бобурни тарк этади. Ўзига содиқ кишилар (200—300) билан қолган Бобур маълум муддат Хўжандда тургач, Тошкентга — Маҳмудхон ҳузурига келиб, Андижонни қайтариб олиш режасини туза бошлайди. Маълум муддат ўтгач, Бобур Хўжандга қайтади, кўп ўтмай, Марғилонни қўлга киритади ҳамда Андижонни эгаллаш тадбирларини кўради. Ниҳоят, 2 йилдан сўнг (1498-йил июн) уни қайта қўлга киритади. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан сулҳ тузиб, унинг ихтиёрида „Хўжанд сувининг Ахси тарафи вилоятларини…“ қолдиради, Андижон тарафи вилоятларини ўз тасарруфига олади.
Самарқандни босиб олиш учун қилинган ҳаракатлар

Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499-йил Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай, катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди (1499-йил), Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади (1500-йил), бироқ шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур 1500-йил кеч кузида ўз қўшини (240 киши) билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли унга пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар ҳимояси учун қолдирган 600 нафар аскари қириб ташланади. Шайбонийхон Бухорога чекинади. Қисқа вақт ичида Самарқанднинг барча туманлари, Қарши ва Ғузор шаҳарларида Бобур ҳокимлиги эътироф этилади, аммо шаҳарда озиқ-овқат захиралари тугаб, очарчилик бошланган эди. Бундан хабар топган Шайбонийхон катта куч тўплаб, яна Самарқандга юриш бошлайди. 1501-йил апрелда Зарафшон бўйидаги Сарипул қишлоғи яқинида бўлган жангда Бобур қўшинлари енгилади. Бобур Самарқандга чекинади. Шаҳар яна қамал қилиниб, у тўрт ой давом этади. Қамалда қолган шаҳар аҳолисининг очликдан тинкаси қурийди, Бобур 1501-йилнинг 2-ярмида ноиложликдан Самарқандни тарк этиб, Тошкентга, Маҳмудхон ҳузурига йўл олади.
Темурий, Бобурий ва Шайбоний сулолари
Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон 1451-йилда Темурийлар давлатида Бобурнинг бобоси Абу Саиднинг ҳокимият тепасига келишига ёрдам берган. Шу билан бирга, Абулхайрхоннинг қизи Хонзода Абу Саидга турмушга чиққан. Унинг қизидан набираси Темурийлар оиласининг Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида дафн этилган[2].
Ўзбек хони Абулхайрхон 1450-йилда Улуғбекнинг қизи Робия султон бегимга (1485-йил вафот этган) уйланган. Уларнинг никоҳидан Суюнчхўжахон, Кўчкунчихон ва Оқ Бурун султонлар туғилган. Суюнчхўжахон ва Кўчкунчихонлар шайбонийлар орасида катта нуфузга эга бўлиб Туркистон, Тошкент ва Мовароуннаҳрни идора этганлар. Кўчкунчихон Муҳаммад Шайбонийхон вафотидан кейин Шайбонийлар давлатини бошқарган[3].
Шайбонийхон Бобурнинг амакиваччаси, Маҳмудхоннинг қизи — Ойша Султон хонимга уйланган, у Муғул хоним номи билан танилган ва хон умрининг охиригача унинг ҳурматли рафиқаси бўлган. Бобурнинг яна бир амакиваччаси, Қутлук Хоним, шайбонийзода Жонибек Султон билан турмуш қурган[4].
1519-йилда Бобур шеърий тўпламининг қўлёзмасини Самарқандга Кўчкунжихоннинг ўғли, шоир Пўлат Султон Шайбонийга юборади[5].
1520-йилларда Бобур шайбонийлар билан яхши муносабатларни ўрнатди. Бобурнинг ўзи таъкидлаганидек, 1526–1527-йилларда Ҳиндистонни босиб олиш пайтида ўзбек саркардалари — султонлар: Қосим Ҳусайн Султон, Биҳуб Султон, Танг Атмиш Султон, шунингдек, Ғозипурдан Маҳмудхон Нухани, Баба Кашка, Тулмиш Ўзбек, Қурбон Чахри унинг тарафида жанг қилишган.
1528-йилда Шайбонийлар Бобурга элчиларни юбориб, уни Ҳиндистондаги ғалабаси билан табриклайдилар[6].
Мовароуннаҳрни тарк этиши
Бобур Темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. 1503-йил Тошкент хони Маҳмудхон, Бобур ва қалмоқларнинг бирлашган қўшини Шайбонийхон томонидан Сирдарё бўйида тормор қилинади. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. 1501–1504-йилларда Бобур Фарғона мулкини қайтариб олиш учун Султон Аҳмад Танбал, Жаҳонгир мирзоларга қарши олиб борган кураши муваффақияцизлик билан тугайди. Темурийларнинг тўхтовсиз жанглари ва оғир солиқларидан толиққан халқ Бобурни қўлламади ва у Мовароуннаҳрни тарк этишга (1504-йил июн) мажбур бўлади.
Кобулни эгаллаши


Бобур 200-300 кишилик навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб Ғазна ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Кобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. „Боғи Шахроро“, „Боғи Жаҳоноро“, „Ўртабоғ“, „Боғи вафо“ ва „Боғи Бобур“ каби оромгоҳлар ташкил этди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1506-йил баҳорда вафот этган Қутлуғ Нигорхоним Мирзо Улуғбек шу ерда бунёд эттирган „Боғи Наврўзий“га дафн этилади.
Бобур Афғонистонда бир фотиҳ сифатида эмас, балки шу юрт, эл ободонлиги ва равнақи учун жон куйдирган тадбирли ҳукмрон сифатида қизғин фаолият кўрсатди. Унинг манфаатлари йўлида одилона ва оқилона иш тутди. Афғонистондаги амалий фаолиятига кўра, Бобур бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда қудратли давлат бошлиғи ва музаффар саркарда сифатида катта обрў орттира борди, минтақадаги сиёсий ҳаёт эътиборли ўринга кўтарилди. Шайбонийларнинг тобора кучайиб бораётган юришига қарши биргаликда чора кўриш масаласида Султон Ҳусайн Бойқаро барча темурий ҳукмдорлар қаторида Бобурни ҳам маслаҳат йиғинига махсус таклиф этиши ана шундай юксак нуфузни кўрсатувчи далилдир. Бобур шу таклиф бўйича Ҳиротга отланади. Ҳусайн Бойқаронинг тўсатдан вафот этишига (1506-йил) қарамай, у Ҳиротга боради ва темурий ҳукмдорлар билан учрашиб музокаралар ўтказади. Темурий ҳукмдорларнинг бирлашиб Шайбонийхон қўшинларига тўсиқ қўйиш режалари амалга ошмайди ва тез орада бирин-кетин мағлубиятга учраб, салтанатни батамом қўлдан чиқарадилар.
1507-йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди, аммо бу уриниши муваффақияциз тугаб, яна пойтахт Кобулга қайтади.
Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради, ўз қўшинларини доимо шай тутади. Шайбонийхон Хуросоннинг йирик марказларини қўлга киритгач, Эронни забт этиш учун юриш бошлайди, аммо Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан қаттиқ тўқнашувда (1510-йил) енгилади, ўзи ҳам Марвда ҳалок бўлади. Шоҳ Исмоил Хуросон ва Мовароуннаҳрга қўшин киритиб шайбонийларга кетма-кет зарар етказа бошлайди. Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб, 1511-йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октабр бошида эса Самарқандни яна қўлга киритади. Бобурнинг шиа йўналишидаги эронийлар раъйи билан иш тутиши аҳолида норозилик туғдиради. 1512-йил 28-апрелда Кўли малик жангида Убайдулла Султон бошлиқ шайбонийлардан енгилган Бобур Ҳисор томон кетади. 1512-йил кузида Бобур шоҳ Исмоил юборган Нажми Соний лақабли лашкарбоши билан Балхда учрашиб, Амударёдан кечиб ўтиб, аввал Ҳузар (Ғузор) қалъасини олади, сўнг Қаршига юриш қилади, шаҳар узоқ муддатли қамалдан сўнг таслим бўлади, шаҳар ҳимоячилари қаттиқ жазоланади. 1512-йил 24-ноябрда Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Кобулга қайтишга мажбур бўлади. Бобур Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади.
Ҳиндистонни эгаллаши

1519-йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5-6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради.

Ниҳоят, 1525-йилда Бобур 12 минг қўшин билан Ҳиндистонга юриш бошлади .1526-йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди.
Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шимолий Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради.
Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.
Ҳиндистон равнақи учун қоъшган ҳиссаси
Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди. У турли ғазаллар муаллифи саналади.
Шоир сифатида ижодий фаолиятининг бошланиши
Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; „Ул фурсатларда бирориккирар байт айтур эдим“, деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.
Адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олим-у фозиллар даврасида бўлди, хусусан, ижод аҳлига, касб-у ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.
Ижоди
Бобур 18-19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг „Топмадим“ радифли ғазали ва „Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши“ мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.
Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дилдилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёр-у диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носўзликларидан нола бадиий таҳлил этилади.
Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуси ҳам салмоқли ўрин тутади. Унинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусн-у латофати, шарқона одоб-у ахлоқи, ноз-у карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади.
Бобурнинг шеърий асарлари тўпланиб, девон ҳолига келтирилган санани кўрсатувчи аниқ тарихий маълумотлар маълум эмас. Аммо „Бобурнома“нинг 1518—1519-йиллар воқеалари баёнига бағишланган фаслида Бобур девонини Кобулдан Самарқандга юборганлиги тўғрисида сўз боради. Демак, шу йилларда унинг девонига тартиб берилган ва мазкур девон Мовароуннаҳрда ҳам тарқалган.
Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
„Мубаййин“ асари
1521-йил Ҳиндистонга юришлари даврида Бобур „Мубаййин“ асарини яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асарда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоий-иқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастурул-амал сифатида мўлжалланган „Мубаййин“да, айни замонда, намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаръий мезонлар баён қилинган. Шу йилларда Бобур Шарқ шеъриятининг асосий масалаларидан бири аруз вазни, унинг назарияси ва амалиётига оид илмий рисоласини якунлайди. Бобур номини дунёга машҳур қилган шоҳ асари „Бобурнома“ устидаги ижодий ишини 1518—1519-йилларда бошлаган.
Бобурнинг юқорида келтирилган асарларидан ташқари, „Хатти Бобурий“, шунингдек мусиқа санъати ва ҳарб ишларига махсус бағишланган қатор рисолалари ҳам бўлган, аммо кейинги икки асар матни ҳануз топилган эмас. „Хатти Бобурий“да муаллиф араб алифбосини таҳрир этиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштирган.
Бобурнинг заҳарланиши

1526-йил 21-декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирилади. Маҳв этилган Иброҳим Лоъдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қоънимсиз ҳаёт таъсирими, ҳар ҳолда кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради.
1527-йил октабрида Бобур яна хасталикка учрагач, умрининг охирлаб қолганини ҳис этади. Шунда Бобур ўзи эътиқод қўйган Хожа Аҳрор Валий руҳидан нажот тилаб, ихлос билан унинг насрда битилган „Волидия“ асарини шеърий таржима қилади. Бобурнинг моҳир таржимон сифатидаги қобилияти намоён бўлган 243 байтли бу асар катта ижодий илҳом билан жуда қисқа муддатда якунланган. Бобурнинг ўз эътирофича, таржима тугаши ҳамоноқ батамом соғайиб кетган. Бу йилларда у „Бобурнома“ фасллари устида ишлашни давом эттирди, янги-янги ғазал-рубоийлар яратди, ўз ибораси билан айтганда, „Ҳиндистонға келгали айтқон ашъорни“ тартибга солиб, шунингдек, „Волидия“ таржимасини, „Хатти Бобурий“ билан битилган намуна ва қитъаларни Мовароуннаҳр ва Афғонистонга, Хумоюн, Хожа Калон, Ҳиндол ва бошқаларга юборади. Ҳумоюн Мирзога аталган ижтимоий-ахлоқий масалаларни таҳлил этувчи машҳур мактуби ҳам Бобур ижодий фаолиятининг ёрқин қирраларидан бири бўлган.
Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539-йил), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган „Боғи Бобур“га қўйилди.
Бобур фарзандлари

Бобурнинг қизи Гулбадан бегим (1522, Кобул −1603, Деҳли) Марказий Осиёдан ўрта асрларда этишиб чиққан ягона аёл-тарихчи.
Бошқа фарзандлари: Фахринисобегим (1502—1502), Ҳумоюн (1508—1556), Меҳр Жаҳонбегим, Эшон Давлатбегим, Барбул Мирзо (1518—1521), Фаррух Мирзо (1526—1527), Гулбаргбегим, Маъсума Султонбегим, Камрон Мирзо (1509—1557), Гулизарбегим, Муҳаммад Аскарий Мирзо (1517—1554), Султон Аҳмад Мирзо (1517—1525), Шоҳруҳ Мирзо (1522—1527), Гулрангбегим (1511/1515 — 1534-йилдан кейин), Гулчеҳрабегим (1515/1517—1557), Абу Носир Муҳаммад Ҳиндол Мирзо (1519—1551), Алур Мирзо (1524—1529).
Мустақиллик йилларида Бобур ёди
Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида ҳақиқий қадр-қиммат топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра 1993-йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги тантанали нишонланди. Андижон шаҳрида Бобур номида театр, кутубхона, миллий боғ („Боғи Бобур“) бор. Бобур миллий боғи мажмуасида „Бобур ва жаҳон маданияти“ музейи, шоирнинг рамзий қабр мақбараси бунёд этилган. Шаҳар марказида (муаллифи Равшан Миртожиев) ва Бобур боғидаги ёдгорлик мажмуида (муаллифи Қодиржон Салоҳиддинов) шоирга ҳайкал ўрнатилди. Андижондаги марказий кўчалардан бирига, шунингдек Тошкентдаги истироҳат боғи ва кўчага, Андижон вилояти, Хонобод шаҳридаги истироҳат боғига Бобур номи берилди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шарқшунос олим Убайдулла Каримов бу медалнинг биринчи совриндори бўлди.
Бобур ижоди ва ҳаёти
Бобур ижодини ўрганиш 1958-йил йўлга қойилган. Бу йили Тошкентда катта илмий анжуман ташкил қилинган. Шароф Рашидов Бобур ижодини ўрганиш учун алоҳида эътибор қилган. Бобур асарлари нашр қилинган[7] ва Ҳамид Сулаймонов Бобур миниатюраларининг нусхаларини хориждан олиб келиб нашр қилган.
Шарқшунос Сабоҳат Азимжонова Бобур хаёти ва тарихи тўгрисида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ва фундаментал монографий нашр қилган.
Бобур нафақат буюк саркарда, шоҳ, балки буюк шоир бўлган. Бобур ҳақида ўзбек халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров „Юлдузли тунлар“асарини ёзган. Бу асар айнан Бобурнинг ёшлигидан то вафот этгунга қадар воқеаларини ўз ичига қамраб олади.
Андижонлик табиацҳунос олим Зокиржон Машрабов раҳбарлик қиладиган Халқаро Бобур жамғармаси (23-декабр 1993-йил) Бобур ижодини ўрганишда катта ишларни амалга оширган. Жамғарманинг илмий экспедицияси 10 дан ортиқ Шарқ мамлакатлари бўйлаб автомобилда илмий сафарлар уюштириб, 200 минг км дан ортиқ масофани босиб ўтди, Бобур ва бобурийлар қадамжолари, уларнинг илмий меросига оид янги маълумотлар тўплаб, уларни илмий истеъмолга киритди. Мазкур маълумотлар асосида 10 дан зиёд илмий, ҳужжатли, бадиий асарлар (З. Машрабов, С. Шокаримов: „Асрларни бўйлаган Бобур“; С. Жалилов: „Бобурнинг Фарғона давлати“, „Бобур ва Андижон“; Қамчибек Кенжа: „Ҳинд сориға“; Х. Султонов: „Бобурнинг тушлари“, „Бобурийнома“; Р. Шамсуддинов: „Бобурийлар изидан“, „Бобурийлар сулоласи“; Т. Низом: „Уч сўз“), 10 га яқин ҳужжатли, видеофилмлар (Ф. Расулов: „Бобур изидан“, „Муқаддас қадамжолар“; Т. Рўзиев: „Бобур саломи“, „Бобур номидаги Халқаро илмий экспедиция“; Т. Ҳамидов: „Ифтихор“) яратилди. Жамғарманинг Лоҳур (Покистон), Ҳайдаробод (Ҳиндистон), Абу Даби (Бирлашган Араб Амирликлари), Москва (РФ), Ўш (Қирғизистон), Тошкент, Наманган (Ўзбекистон) шаҳарларида бўлимлари мавжуд. 1998-йил Жамғарманинг бобуршунослик соҳасидаги халқаро мукофотлари илк марта Пиримқул Қодиров, Сабоҳат Азимжонова, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Неъматилла Отажонов, Хайриддин Султонов, Эйже Мано (Япония), Муҳаммадали Абдуқундузов, Мақсуд Юнусов, Шафиқа Ёрқин (Афғонистон), Маъмуржон Тўхтасинов, Равшан Миртожиев, Мажид Турсунов, Раҳмонжон Азимов, Муҳаммаджон Мирзаевга берилган.
Нашр қилинган асарлари
- Бобур. Танланган асарлар. -Т.: 1958;
- Бобур. Асарлар. Уч жилдлик.-Т.: Фан, 1965-66;
- Бобур. Бобурнома. -Т.: 1960, 1989;
- Бобур. Мухтасар. Тошкент, 1971;
- Бабур. Трактат об арузе (родг. И.Стеблевой). — М.:1972;
- Бобур. Девон. -Т.: Фан. 1994; 6. Бобур. Мубаййин. — Т.: 2001.
Адабиёт
- Бобурнома, Т., 1989; Бабурнаме (2издание, доработанное), Т., 1993; Китобссалот, Т., 1993; Китобззакот, Т., 1993; Китоблҳаж, Т., 1993; Девон, Т., 1994; Маҳрами асрор топмадим, Т., 1995.
- Абдулаҳад Муҳаммаджонов, Абдурашид Абдугафуров, ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Азимжонова С, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мақолалар тўплами, Т., 1995; Ахмедов Бобур, Историкогеографическая литература Средней Азии ХВИ—ХВИИИ вв. (Писменниэ памятники), Т., 1985; Самойлович А., Собрание стихотворений императора Бабура, Петроград, 1917; Стеблева И. В., Семантика газелей Бабура, М., 1982; Ёқубов Ҳ., Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Т., 1949;Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1993; Ҳасанов С, Бобурнинг Аруз рисоласи, Т., 1981; Машрабов З., Шокаримов С, Асрларни бўйлаган Бобур, Т., 1997; Воҳидов Р., Биз билган ва билмаган Бобур, Т., 2000.
- Рустамжон Умматов. Бобуршоҳ ва Наполеон. Т: „ЙАА“, 2024.
- Х.Ёқубов. Бобир. -Т.:1941;
- В.Зоҳидов. Бобирнинг фаолияти ва илмий-адабий мероси ҳақида. Китобда: Бобир. Бобирнома. -Т.:1960;
- Азимджанова С. Индийский диван Бабура. Т.: Фан, 1966.
- Х.Назарова."Бобурнома" тилининг синтактик қурилиши. Докт. дисс. — Т.: 1980;
- Стеблева И. В. Семантика газелей Бабура. — М.: 1983.
- Ҳ.Қудратуллаэв. Бобурнинг адабий-эстетик қарашлари. -Т.: Фан, 1983;
- С.Ҳасанов. Бобурнинг „Рисолайи аруз“ асари. -Т.:1986;
- Хайриддин Султон. Бобурийнома. -Т.:1996;
- Ғайбуллоҳ ас-Салом, Н.Отажон. Жаҳонгашта „Бобурнома“. — Т.:1996;
- У.Эрскин. Ҳиндистонда Бобур давлати (Инглиз тилидан Ғ.Сотимов тар.). — Т.: 1997:
- Р.Шарма. Бобурийлар салтанати (Инглиз тилидан Ғ.Сотимов тар.).. -Т.: 1999.
Манбалар
- ↑ Чристине Исом-Верҳаарен, Аллиэс wитҳ тҳе Инфидел, (И. Б. Таурис, 2013), п. 58.
- ↑ Лебедева Т. И., О неисследованнйкҳ погребениякҳ Гури Амир //Аркҳеология, история и кул’тура Средней Азии. Ташкент, 2002, с.68
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Кҳафиз-и Танйш Букҳари. Шараф -наме-йи шакҳи (Книга шакҳской славй). Наука. 1983
- ↑ Тҳе Бабурнама ин Энглиш. Вол.2. Лондон, 1922, п.799
- ↑ Мансура Ҳаидер, Релатионс оф Абдуллаҳ Кҳан Узбег wитҳ Акбар // Cаҳиэрс ду Монде руссе эт совиéтиқуэ, Вол. 23, Но. 3/4 (Жул. — Деc., 1982), п. 313
- ↑ Бобур. Танланган асарлар. Т.: 1958; Бобур. Асарлар. Уч жилдлик.-Т.: Фан, 1965-66; Бобур. Бобурнома. -Т.: 1960, 1989; Бобур. Мухтасар. Тошкент, 1971
Ҳаволалар
- Бобур асарлари (Wайбаcк Мачине сайтида 2014-09-06 санасида архивланган), ЎзЛиб кутубхонаси
- „Бобурнома“, ЎзЛиб кутубхонаси (Wайбаcк Мачине сайтида 2014-09-06 санасида архивланган)
- Бобуршунослик (Тҳе Интернатионал Элеcтрониc Платформ).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 14-fevralda tugʻilganlar
- 1483-yilda tugʻilganlar
- 1530-yilda vafot etganlar
- 26-dekabrda vafot etganlar
- Webarxiv andozasi wayback havolalari
- Oʻzbekiston milliy ensiklopediyasi maqolalari
- 1531-yilda vafot etganlar
- Movaraunnahr hukmdorlari
- Oʻzbekistonlik yozuvchilar
- Oʻzbekiston tarixi
- Turkiy hukmdorlar
- Alifbo boʻyicha shoirlar
- Turkiy shoirlar
- Boburiy hukmdorlar
- Bobur
- Adabiyot tarixi
- Hindiston
- Pokiston
- Afgʻoniston
- Imperiyalar
- Sulolalar
- Temuriylar sulolasi