Botqoqlik

Ботқоқлик — ернинг доимо ёки узоқ вақт нам, зах бўлиб ётадиган жойи. Ботқоқликда торф қалин (0,2—0,3 м) бўлади, ўсимликларнинг илдизлари торф остидаги грунтга етиб бормайди. Торф қатлами юпқа бўлса, ботқоқлашган ерлар деб аталади. Ботқоқлик халқ хўжалигида катта аҳамиятга эга. Ботқоқлик қуритилгандан сўнг торф асосан ўғит, ёқилғи ва мол тагига тўшама сифатида ишлатилади, ундан кимёвий маҳсулотлар олинади, қурилишда фойдаланиладиган плиталар ишлаб чикарилади. Ботқоқлик кўпинча ўрмони кесилиб ёки куйиб кетган жойларда ва ўглоқларни узоқ муддат сув босиши, шунингдек саёз сув ҳавзаларини ут қоплаши натижасида ҳосил бўлади. Ўсимликлар таркиби ва ўсимликларнинг озиқланиш тартибига кўра Ботқоқликлар 3 хил бўлади: пастқам Ботқоқлик, дўнг Ботқоқлик ва оралиқ Ботқоқлик Пастқам Ботқоқлик учун эвтроф ўсимликлар ҳарактерли. Улар минерал тузларга бой грунт сувлари кўп бўлган дарё қайирларида, водийларда, эски кўллар ўрнида ва сувайирғичларнинг пастқам жойларида учрайди. Бундай Ботқоқликларда асосан, қиёқ, қамиш, рўвак, қирқбўғимлар; дарахтлардан олха (қандағоч) ва қайин ўсади. Пастқам Ботқоқликда сув каламушлари, дала сичқонлари, қундуз, балчиқчи, ботқоқтовуғи, ўрдак, ғоз яшайди, қобон, қамишзор мушуги, қизил ғоз, сақоқушлар учрайди. Дўнг Ботқоқлик учун олиготроф ўсимликлар ҳарактерли бўлиб, улар сувайирғичларда ёки дарёларнинг баланд террасаларида учрайди ва ёғиндан ташқари минерал тузлари кам грунт сувларидан тўйинади. Ўсимликлари кам. Дўнг Ботқоқликлар ўрмонли ва ўрмонсиз бўлади. Оралиқ Ботқоқлик оралиқ ҳолатни эгаллайди ва ёғиндан ҳамда ўртача минераллашган грунт сувларидан туйинади. Оралиқ Ботқоқлик учун мезотроф ўсимликлар хос. Қайин, қарағай, бардидошлар, сфагн йўсинлари ўсади. Ботқоқликларнинг кўп қисми Шим. ярим шарда бўлиб, қарийб 350 млн. га.
Туркистон ўлкасида Ботқоқликлар йирик дарёлар (Амударё, Сирдарё, Чу ва Или дарёлари) водийсида, ёйилмаларнинг теваракатрофларида ва пастқам жойларда учрайди. Торф қатлами жуда юпқа ёки бутунлай йўқ, ўсимликлардан қўға ва қамиш ўсади. Шарқий Помирда, Оқсув, Музқўл дарёлари водийларида, Зўркўл, Қоракўл ва бошқа кўллар атрофида ҳам Ботқоқлик кўп.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |