Chustiy
Чустий (Толиқ исм Хўжаев Набихон) (1904-йил, Чуст шаҳри — 1983-йил 12-август, Чуст шаҳри) — шоир, таржимон. Муқимий театрида адабий эмакдош (1939—1941) ва директор (1941—1942) ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабиёт фондида директор (1942—1944), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим (1959—1968) бўлган.
| Чустий | |
|---|---|
| Набихон Хўжаев | |
![]() | |
| Таваллуди |
Набихон 1904-йил 20-феврал |
| Вафоти |
12-август 1983-йил (79 йил) Наманган вилояти, Чуст тумани |
| Фуқаролиги | ЎзССР |
| Касби | Шоир |
| Фаолият йиллари | >1983 |
| Болалари | Бахтиёр Кҳоджаэв Набихонович |
| Отаси | Нуриллахўжа |
Биографияси
Чустий тахаллуси остида ижод қилган Набихон (Набихожа) Нуруллоҳхожа ўғли 1904-йилнинг май ойида Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида тикувчи-ҳунарманд оиласида дунёга келган. 1917-йилда 14 кишидан иборат бўлган Набихонлар оиласи Қўқонга кўчиб бориб, тикувчилик ишлари билан шуғулланган. Чустий ҳам 12 ёшидан тикувчилик билан шуғуллана бошлайди. Ўша пайтда у Қўқондаги эски мактаб ва мадрасаларда таълим олади.
Чустий Октябр тўнтаришидан кейинги қарийб 60-70 йил давомида совет хўжалик тармоқларида, маданий-маърифий марказларда фаолият кўрсатади. Жумладан, 1930—1939-йлларда жамоа хўжаликларида, матлубот жамиятларида мас’ул лавозимларда фаолият кўрсата бошлайди. Набихон Нуруллоҳхожа ўғли Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллик юбилейини ўтказишга тайёргарлик муносабати билан Тошкентга ишга чақирилган. 1940—1946-йилларда эса Муқумий номидаги мусиқали драма театрида аввал адабий сафдош, сўнг директор лавозимида ишлайди. 1944—1945-йилларда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси адабиёт жамғармасида директор бўлиб хизмат юритади. Шунингдек, Чустий нашриётларда таржимон сифатида фаолият кўрсатади. 1970—1976-йилларда у ЎзФа Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлайди. 1976-йилдан бошлаб унга республика аҳамиятига молик нафақа тайинланди. Шеърларни мустақил равишда 18-20 ёшларида ёза бошлайди[1].
Ижодий фаолияти
Чустий бутун умри давомида 20га яқин шеърий тўплам яратган ва чоп эттирган. Чустий асосан мумтоз шеърият йўлида ижод қилиб, ғазал, мухаммас, мусаддас, мураббаъ, рубоий, туюқ, маснавийлар ёзган. Шоирнинг бу ижод намуналари унинг „Гул мавсуми“ (1969), „Ғазаллар“ (1977) тўпламлари ва „Ҳаётнома“ (1988), „Садоқат гуллари“ (1992), „Кўнгил тилаги“ (1994), „Кўргунча хайр энди“ (2004) девонларида нашр этилган. Турли йилларда яратилган „Тирик жаннатга кирган кампир“, „Кийикнома“, „Боги Эрам“ достонлари ҳам бор. Чустий айниқса Иккинчи жаҳон уруши йилларида фаол ижод қилган. Ватанпарварлик ва қаҳрамонлик мавзуларидаги „Шамшир“, „Лолазор“, „Ҳаёт завқи“, „Қўзғол“, „Жасур оила“ шеърий тўпламлари, „Зафарнома“ достони, „Даврон ота“ (К. Яшин ва С. Абдулла билан ҳамкорликда), „Ўзбекистон қиличи“, „Қурбон Умаров“, „Қўчқор Турдиев“ (С. Абдулла билан ҳамкорликда), „Қасос“ (А. Умарий ва Туйғун билан ҳамкорликда) саҳна асарларини яратган[2]. Унинг сўнгги девони „Кўнгил тилаги“ деб номланган.
Чустийнинг ишқий ва ахлоқий мавзудаги кўплаб ғазал, мухаммас, мураббаълари қўшиқларга айланиб, таниқли ҳофизлар томонидан куйлаб келинади. Чустий ўзбек мумтоз шеъриятининг улкан намояндалари Навоий, Фузулий, Нодира, Фурқат ва бошқаларнинг анъаналарини давом этгириш билан бирга уларнинг энг яхши ғазалларига тахмислар боғлаган[3].
Чустий қўшиқчи шоир сифатида ҳам ижод қилган. Унинг ўнлаб ғазаллари ХХ асрнинг 30-йилларида грампластинкаларда муҳрланган. Шоирнинг „Ноз этма“, „Ёримга савол“, „Авора бўлма дейди“, „Муҳтож бўлмагай“, „Минг балони енгади“, „Сурмага муҳтож эмас“, „Бевафоларнинг иши“, „Онанома“ каби кўплаб қўшиқлари мавжуд.
Чустий драматург ва таржимон бўлган. Шунингдек, у мумтоз ва замонавий форс адабиётининг машҳур вакиллари Саъдий, Ҳофиз, Хусрав Деҳлавий, Собир Термизий, Мирзода Ишқий, Жаъфар Ифтихор, Парвин Эътисомий ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 4 жилдли „Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати“ни тузишда фаол иштирок этган.
Вафоти
Чустий 1983-йил 12-августда вафот этган.
Вафотидан ўн кун олдин, Тошкентдан туғилган шаҳри Чустга жўнаб кетиш арафасида, Чустий тўрт қаторли ше'р ёзган ва уни оиласига етказиш учун дўстига ишониб топширган. Ше'рда шундай дейилган:
"Нуруллоҳхожа ўғли, унинг исми Набихожа,
Кичиклардан кичик, дўстларга қолдирди асар Чустий.
Саксон йил ўтди у дунёдан хабар келмагач охир,
Бу дунёдан у дунёга олиб кетди хабар Чустий.."
Хотираси
Тошкент, Чуст, Қўқон, Наманган шаҳарларидаги кўча, мактаб, кутубхона, кинотеатр ва жамоа хўжаликлари Чустий номи билан аталади. 2004-йил 20-феврал да Чустий таваллудининг 100 йиллиги нишонланди.
Манбалар
- ↑ Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда ислом маданияти. Шарқ нашриёти матбаа аксиядорлик компанияси, 2005 — 262-384-бет.
- ↑ „Шоир Чустий таваллуд топган кун“. 2023-йил 9-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 9-июн.
- ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси.
Адабиётлар
- Гул мавсуми, Т., 1969; Ҳаётнома, Т., 1988; Садоқат гуллари, Т., 1992; Кўнгил тилаги, Т., 1994; Кўргунча хайр энди, Т., 2004.
- Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам, Наманган, 1994; Қалблардасиз мавлоно Чустий, Наманган, 2004.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
