Дев — 1) зардуштийликда ёвузликнинг асосий тимсоли (қаранг Анхрамайну). Авестода "дайва" тарзида қайд этилган; 2) туркий ва форс-тожик халқари мифологиясида ёвузлик тимсоли. Дев даҳшатли, зулм ва зўрлик, қонхўрлик ёки ёвуз кучларнинг иродасига бўйсунувчи баҳайбат махлуқ сифатида намоён бўлади. Девлар ер ости салтанатларида, ғорларда, кимсасиз чўл ва даштдаги касрларда истиқомат қилади. Қаср, боғ ва ҳоказо соҳибининг амрига итоат этиб, париларни қўриқлайди ("Гулнор пари", "Юнус пари", "Мисқол пари" ва бошқалар). Эртак, достон қаҳрамонларига қарши якка ёки туда бўлиб курашади, аммо ҳамиша инсон қобилияти, ақли, куч-қудрати қаршисида ожизлик қилади, оқибатда енгилган девлар инсонга бўйсунади ва унинг измига юради. Девлар осмонда учувчи ва ерда юрувчи икки тоифага ажралади. Баъзилари табиатан ҳийлагар, маккор, алдамчи ва ғазабкор, бошқалари нозик санъаткор, гўзал бинолар қурувчи уста, афсонавий куч эгаси. Ўзбек фолклорида Аҳриман, Аҳвон, Самандар, Оқдев, Қора дев, Қизил дев, Сариқ дев ("Бадал ботир" ва бошқалар), Аршак дев, Афсар дев, Боймоқ дев, Япроқ дев ("Балогардон", "Малика айёр" ва бошқалар) каби девлар тўдасининг бошлиқлари образи учрайди.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил