Девон даври, девон системаси (Букж Британиядаги Девоншир графлиги номидан) — Ер геологик тарихи палеозой эратема (эра)сининг тўртинчи даври ва ўша даврда ҳосил бўлган ётқизиклар. Силур давридан кейин (438 млн. йил аввал) бошланиб карбон давригача 48 млн. йил давом этган (қаранг Геохронологик шкала, 1993). Д.д. геология фанига дастлаб 1839 и. инглиз геологлари А. Сежвик ва Р. Мурчисонлар томонидан киритилган. Д.д. уч бўлим (қуйи, ўрта ва юқори) ва 7 ярусга бўлинган (қаранг Геохронология). РФда Д.д.нинг қуйи бўлими лохков, прага ва эмс ярусларига; ўрта бўлими эйфел ва живет ярусларига; юқори бўлими-фран ва фамен ярусларига бўлинган (жадвалга қ.). Қуйи Д.д.да каледон бурмаланиши содир бўлганлиги сабабли ер юзасининг кўп қисмидан денгиз чекинган. Ер юзасида қизил рангли континентал — лагуна ётқизиқларининг қалин қатлами ҳосил бўлган. Айрим жойларда шиддатли вулкан отилишлари кузатилган. Ўрта ва юқори девонда платформа ва геосинклиналларда Ер пўстининг чўкишидан кенг майдонда денгиз трансгрессияси вужудга келган, сўнггида эса кучли денгиз чекиниши бўлиб ўтган. Терриген (бўлакли), карбонатли, баъзи жойларда тузли ётқизикларнинг қалин қатлами ҳосил бўлган. Д.д. учун турли сувўтлар хос бўлиб, давр бошларида ердаги ўсимликлардан риниофитлар, кейинчалик қирқбўғимсимон, плаунсимон, оддий қирққулоқлар, юқори девонда қирққулоқ ва птеридоспермлар тарқалган. Денгизларда баликлар, фораминифера, маржон, ос-тракода, брахиопода, аммоноидеялар яшаган.

Девон даври (системаси)нинг бўлиниши Шарқий Европа текислиги, Каспийбўйи пасттекислиги ва Ўрта Осиёда Д.д.да арид (қуруқ) иқлим, бу минтақадан шим. ва жан.да эса тропик (гумид) иқлим бўлган. Девон ётқизиклари барча материкларда мавжуд. Шар-қий Европа ва Осиё шим.да Д.д жинслари катта майдонларда тарқалган. Платформа, миоэвгеосинклинал ва ороген формациялари фарқ килинади. Шарқий Урал, Жан. Тяншан, Рудали Олтой ва Узоқ Шарқнинг эвгеосинклинал зоналарида вулканитлар муҳим рол ўйнайди. Ороген зоналарда (Марказий Қозоғистон, Олтойсаян области) бир неча км калинликда ер устки (вулкан) формациялари (липарит, базалт-андезит ва андезит) ривожланган. Гранитоид ва асос интрузиялар кенг тарқалган.

Ўзбекистонда Д.д. ётқизиқлари Чатқол-Қурама, Туркистон-Олай тоғ системасида, Зарафшон, Ҳисор, Зирабулоқ, Нурота, Султон Увайс тогларида ва Қизилқум-Нурота регионида тарқалган. Бу жойларда Д.д. бир қанча маҳаллий свиталарга ажратилган конгломерат, қумтош, оҳактош, доломит, мергел, алевролит, кварсит ва б. эффузив жинслардан иборат. Система ётқизиқларининг тўлиқ кесмаси Жан. Тяншанда аниқланган. Д.д. жинсларида бошоёқлилар, граптолитлар, игнатанлилар, елкаоёқлилар, юмшоқтанлилар, қисқичбақасимонлар ва б. учрайди. Д.д. силур давридан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ўзгарганлиги билан фарқ қилади. Масалан, Д.д.да қисқичбақасимонлар анча камайган, силурда пайдо бўлган бошоёқлилар эса жуда ривожланган.

Д.д.нинг бошларида Ўзбекистон ҳудудининг жан. қисми илиқ сувли, унча чуқур бўлмаган, кўп оролли, айрим жойларида ҳаракатдаги вулканли денгиздан иборат бўлган. Живет ярусида денгиз шим.га томон силжиган ва анча чуқурлашган. Натижада кичик ороллар сув қаърига чўкиб, йирик оролларнинг юқори қисмларигина сув устида қолган. Фамен ярусига келиб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг деярли ҳамма жойини денгиз қоплаб олган. Бу ҳолат қуйи карбон даврида ҳам давом этган. Д.д.да герсин бурмспанишининг бир неча фазаси бўлиб ўтган. Унинг натижасида Чатқол, Писком, Қоратов, Қурама ва б. тоғлар пайдо бўлган. Ўзбекистондаги Д.д. жинсларида қўрғошин, мис, рух, симоб ва б. конлари бор. Хорижда Д.д. ётқизиқларида нефт ва газнинг катта захираси Шарқий Европа (Волга-Урал, Тиман-Печора, Припят ҳавзалари), Шим. Америка (Уиллистон, Иллинойс, Перм, Мичиган ҳавзалари), Африка (Саҳрои Кабир — Ўрта денгиз ҳавзаси) ва Австралия платформаларининг ички ва чекка қисмларидаги структураларда жойлашган, ош тузи ва сулфатларнинг қатламли уюмлари (Шарқий Европа, Сибир, Шим. Америка ва Австралия платформаси), калий тузлари (АҚСҲ, Украина), темир-марганец ва қўрғошин рудалари (Марказий Қозоғистон), боксит (Шим. Урал ва Салаир) конлари мавжуд.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил