Дорут Тиловат (Қуръон ўқиладиган, тиловат қилинадиган жой) — Шаҳрисабз марказида Дор уссиёдат мажмуаси ғарбида темурийлар хонадонига мансуб қадимий иншоотлар — Шамсуддин Кулол мақбараси, Гумбази Саййидон ва шу ердаги эски мадраса ўрнида барпо этилган Кўк гумбаз масжидидан иборат мажмуа жойлашган.

Дорут Тиловат

Дорут Тиловат мажмуаси
Муқобил номлари Дор-ут тиловат
Умумий маълумот
Мақоми мажмуа
Шаҳар Шаҳрисабз
Мамлакат Ўзбекистон
Қурилиши бошланган 1370-йил
Қурилиши тугаган 1371-йил
Эгаси Давлат ҳимоясида
Бошқа ўлчамлари Майдони 500 м²

1437—1438-йиллар давомида, Мирзо Улуғбекнинг буйруғи билан темурийзодалар ва уларнинг оила аъзолари учун Шамсиддин Кулол мақбарасининг жанубий деворининг орқа томонига мақбара қурилган. Шу ерда Сайидларга тегишли қабрлартошларнинг ҳам мавжудлиги сабабли мақбаранинг иккинчи номи — Гумбази Сайид, яъни Сайидларнинг гумбази номи пайдо бўлган[1].

Жойлашуви

Мажмуа ўрта асрларда Шаҳрисабзнинг марказидаги бозордан жануброқда ва „Чорсу“ савдо мажмуаси яқинида жойлашган.

Тузилиши

Дорут Тиловат мажмуасининг ҳозирги кўриниши квадратни эслатади ва унинг умумий майдони 500 м² ни ташкил этади. Мазкур ҳудуд шаҳар юзасидан салкам 2.25 метр баландликда жой олган[2].

Мажмуа таркибидаги иншоотларнинг айримлари Шоҳи зинда обидаларига ўхшаб кетади.

Дорут Тиловат мажмуаси таркибида Шамсуддин Кулол мақбараси, Гумбази Сайидон мақбараси ва Кўк гумбаз жом’э масжиди жойлашган.

Шамсуддин кулол мақбараси

Шамсуддин Кулол мақбараси мажмуанинг энг қадимий иншооти ҳисобланади. Мақбара қурилиши Амир Темурнинг фармони билан 1373-йилда бошланган. Қурилиш ишлари 1374-йилда ниҳояланган. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, бу ерда Шамсуддин Кулол қабристони ва Амирзода Умаршайх Мирзонинг қабри ҳам мавжуд бўлган. Бу қабр Шамсуддин кулол ва Амир Тароғой мақбарасининг қибла томонида жойлашган. 1376-йилда Амир Темурнинг катта ўғли Мирзо Жаҳонгир ҳам шу ерга дафн этилган. Амир Темур ҳар сафар Кеш шаҳрига ташриф буюрганида, пири Шамсуддин Кулол, отаси Амир Тароғой, ўғли ва бошқа қариндошлари қабрини зиёрат қилган[3].

Гумбази Сайидон мақбараси

Дорут Тиловат мажмуасининг жанубий қисмида Гумбази сайидон мақбараси жойлашган. Мақбара деворлари пишиқ ғиштдан 1437—1438-йиллар оралиғида қурилган. Мақбара қурилиши Мирзо Улуғбек томонидан амалга оширилган.

Кўк гумбаз жом’э масжиди

Шамсуддин кулол ва Гумбази Сайидон мақбараларининг қарама-қарши томонида Кўк гумбаз номли баланд жом’э масжид жойлашган. Масжид Мирзо Улуғбек томонидан отаси Хуросон ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзо шарафига атаб қурилган. Масжид деворларига сулс ва куфий хатларида турли ёзувлар ёзилган[4].

Тарихи

Мажмуадаги Амир Темур томонидан барпо этилган мақбарага 1370-йилда саркарданинг вафот этган пири Шайх Шамсиддин Кулол, кейинчалик эса унинг пойига отаси Амир Тарағой дафн этилган. Мақбара қурилиши Улуғбек ҳукмронлиги даврида ниҳоясига етган. Унинг қаршисида масжид, жанубида яна бир мақбара барпо этилган. Мақбарадаги ёзувларда „Бу мақбара улуғ олимларнинг олими… (султонларнинг) аълоси… қонунчилик ва билимда… дин ва эътиқодда тенги йўқ олий ҳазрат Султон Улуғбек Кўрагонийнинг фармони билан бунёд этилди, Аллоҳ унинг подшоҳлигини ва султонлигини узоқ қилсин, 841-йил ҳижрий“ деган ёзув ёзиб қўйилган ва ҳозиргача сақланиб қолинган. Мақбара ичида қўшни қабристондан 15—18-асрларда кўчириб келтирилган бир неча сағаналар жойлаштирилган. Уларнинг айримларидаги ёзувларда термизлик саййидларнинг номи ёзиб қолдирилган.

Тузилиши

Ҳовли томонга қаратиб қурилган масжид, мақбаралар ва Дорут Тиловат мадрасасининг дарсхонаси, ҳужралари бузилиб, унинг ўрнига кейинчалик қурилган қўшимча хоналар жойлаштирилган. Дорут Тиловат мажмуасида 18—19-асрларда қурилган бинолар ҳам мавжуд, бироқ уларни бадиий жиҳатдан Амир Темур ва Улуғбек даври меъморлиги билан қиёс қилиб бўлмайди.

Археологик тадқиқотлар

1994—1996-йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар асосида жоме масжиднинг икки тарафидаги ғиштин равоқли айвон қолдиқлари, мадраса, дарвозахона ва миноранинг пойдевор қолдиқлари аниқланди. Мажмуанинг тарихий шаклини тиклаш мақсадида масжид айвонлари, мадрасасининг бир қисми ва минора қайта тикланди. Кўк гумбаз ва Гумбази Саййидонда ҳам таъмир ишлари олиб борилган[5].

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил




  1. ↑ „Дорут Тиловат мемориал мажмуаси“. мерос.уз. Қаралди: 08-2023.
  2. ↑ Древсянская Г.; Лунина С.; Усманова З.; Султонов Х.. Шаҳрисабз. Тошкент: Университет нашриёти, 1994 — 2-том-бет. 
  3. ↑ Шарафиддин Али Яздий; таржимон: О.Бо'риев. Зафарнома (Моварауннаҳр воқеалари). Тошкент: Камалак нашриёти, 1994-йил — 185-186-бет. 
  4. ↑ Ф.Абдухолиқов; А.Раззоқов; К.Раҳимов; А.Ҳакимов; Б.Абдуҳалимов. Ўзбекистон обидаларидаги битиклар Қашқадарё. Узбекистан тодай, 2016-йил — 238-239-бет. ИСБН 978-9943-4510-6-3. 
  5. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Дорут Тиловат“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Д-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.