Эндокринология (эндо — ички ва юнонча крпет — ажратиш, логия — фан) — клиник тиббиётнинг организмдаги ички секреция безлари ҳақидаги бир соҳаси. Ички секреция безларининг тузилиши, ривожланиши ва функсияларини, улар ишлаб чиқарадиган гормонлар ҳамда уларга алоқадор касалликларни ўрганади.

Эндокринология фан сифатида ИХХ асрнинг иккинчи ярмидан шаклланиб бошлади. Немис физиологи А.Бертолд хўрозларнинг уруғдонини олиб бичилган ёки ёш хўрозларга ўтказган, бунда уруғдон ўтказилган хўрозда турли физиологик ва морфологик ўзгаришлар юз берган. Бу эндокринология соҳасидаги илк тажриба бўлган. (1849-йил).

Дастлаб ички секреция безлари деган тушунча немис физиологи ва табиат тадқиқотчиси Д.Мюллер томонидан илгари сурилди (1830-йил), лекин уни термин сифатида фанга франсуз физиологи К. Бернар киритди (1855-йил). Шу даврларда ирландиялик Р. Грейвс (1835-йил) ва немис олими К. Базедов (1840-йил) диффуз токсик буқоқни, инглиз врачи Т. Адиссон (1855) сурункали буйрак усти бези етишмовчилиги клиникасини изоҳлашди. Швецариялик хирург Теодор Кохер (1841 — 1917-йиллар) диффуз токсик буқоқни даволашда хирургик усулни ишлаб чиқди. 1889—1890-йилларда немис олимлари Д.Меринг ва О.Минковский тажрибада қандли диабетда меъда ости бези фаолиятининг бузилиши, рус олими Л. В. Соболев (1901-йил) меъда ости безининг ички секреция фаолияти панкреатик оролчалар (Лангерганс оролчалари) билан боғлиқ эканлигини аниқлашди. Бу кейинчалик канадалик тадқиқотчилар Ф.Бантинг ва Ч. Бестни меъда ости безидан инсулин гормонини ажратиб олишига илмий асос бўлди (1921-йил). ХХ-асрнинг бошларига келиб, эндокринология фан сифатида ривожланди. Кўпгина гормонлар: адреналин (1901-йил), тироксин (1915-йил), прогестерон, тестостерон (1934-йил), кортикостероидлар (1937—1952-йиллар), триёдтиронин (1950-йил), окситоцин ва вазопрессин (1953-йил) тоза ҳолда ажратиб олинди. Гормонларнинг кимёвий тузилишини аниқлаш, уларни синтез қилишга, кейинчалик эса уларнинг ҳар хил табиий гормонлардан бир неча бор юқори биологик фаол аналогларини ишлаб чиқишга асос бўлди. Ўзбекистонда бу фаннинг ривожланиши аҳоли ўртасида кенг тарқалган буқоқ касаллигини текшириш, унинг келиб чиқишида ёд етишмаслигини аниқлашдан бошланди. 30-йиллардан бошлаб Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида эндемик буқоқ касаллиги турли гуруҳ ва экспедициялар ёрдамида ўрганилди (С. А. Маъсумов, П. И. Федорова, Ё. Х. Тўрақулов, Ш. Ш. Илёсов, В. Н. Федосеев, Т. М. Муҳамедов ва бошқалар). Бу касалликнинг олдини олиш учун 1954-йил Тошкентда буқоққа қарши диспансер ташкил қилиниб, унда қалқонсимон без касалликлари устида олиб борилган эпидемиологик ва профилактик ишлар асосида аҳолини калий ёдид тузи қўшилган ош тузи билан таъминлаш зарурлиги аниқланди.

Эндемик буқоқни тугатиш ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларини ўрганиш, даволаш ўлкамиз учун муҳим илмий ҳамда ижтимоий муаммо бўлганлиги 1957-йил Ўзбекистон ФА таркибида ташкил этилган Ўлка тиббиёти илмий текшириш институтининг асосий йўналишини белгилади. Ўлка тиббиёти илмий текшириш институти негизида 1989-йил Эндокринология институти ташкил этилди. Р. Қ. Исломбеков, Ё. Х.Тўрақулов дунёда биринчи бўлиб буқоқ касаллигини аниқлаш ва даволашнинг янги усулини ишлаб чиқиб, нуфузли мукофотга сазовор бўлишди (1964-йил). Қалқонсимон безнинг нормал, тиреоид патологияда ҳамда радиоёдтерапияда олинган биокимёвий, патофизиологик ва клиник морфологик кўрсаткичлари натижалари ижобий самара берди.

Республикада 1998-йил ёд етишмовчилиги ҳолатлари бўйича кенг миқёсда эпидемиологик изланишлар олиб борилди ва унинг ўртача тарқалиш даражаси аниқланди. Ички секреция безларини (қалқонсимон без, қалқонсимон без олди безлари ва буйрак усти бези) суюқ азотда криоконсервация қилиш ва унинг етишмовчилиги бор беморларни трансплантация йўли билан даволаш усули ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Ўрта Осиё давлатларида биринчи бор криоконсервация қилинган тўқималар банки (1000 га яқин тўқималарни сақлайдиган) ташкил этилди. Қалқонсимон без ракини биокимёвий, генетик ва морфологик текширишнинг янги усуллари жорий қилиниб, жарроҳлик, радиологик ва консерватив терапия усулларини қўллаш алгоритми ишлаб чиқилди (профессор С. И. Исмоилов томонидан). Диффуз токсик буқоқ ва ўртача ўткир тиреоидитда беморларнинг иммунологик тизими ўрганилди ва бу кўрсаткичлар даволашнинг турли усулларида ўзгариши ва динамикаси аниқланди. Қандли диабет ва унинг асоратларининг эпидемиологияси, этиопатогенези асосида наслий омилларнинг аҳамияти, касалликнинг тарқалишига мойиллик туғдирадиган ички ва ташқи омиллар ҳар томонлама тадқиқ этилиб, уларни чегаралаш, беморларни ўз ҳолатини назорат қилишга ўргатиш усуллари ишлаб чиқилди (профессор З. С. Акбаров томонидан).

Замонавий эндокринологиянинг долзарб муаммолари ва асосий йўналишлари қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, жинсий безлар фаолиятининг бузилиши, гипоталамогипофизар тизим касалликлари, бирламчи гиперпаратиреоз муаммоси, организмда гормонларнинг таъсир механизми, биосинтези ва уларнинг алмашинувини ўрганиш, гормонлар аналоглари ва янги гормонал препаратларни ишлаб чиқиш ва ҳоказодан иборат. Жисмоний ривожланишнинг кечикиши болалар эндокринологиясининг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда туғма аномалиялар скрининги бўйича махсус дастур йўлга қўйилган. Нейроэндокринология эндокринологиянинг мустақил бўлими сифатида шаклланмоқда. Ўзбекистон Республикасидаги барча тиббиёт институтлари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида эндокринология кафедралари мавжуд.

Адабиётлар

  • Тўрақулов Ё. Х., Исломбеков Р. Қ., Қодиро в И. К., Буқоқвауни даволаш, Т, 1962; Исломбеков Р. Қ., Радиоактивнмй ёд и функсия шитовидной железн, Т, 1971.



Манбалар