Gʻazzoliy
Ушбу саҳифани Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Г’азолий билан бирлаштириш таклиф этилади. (мунозара) |
Ғаззолий, Абу Ҳамид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий [1058 — Тус (Эрон) — 1111] — ислом илоҳиётчиси, файласуф, мутасаввиф.
„Ғаззолий“ тахаллуси ҳақида турли фикр бор. Баъзи олимлар ғаззол (ип йигирувчи) оиласида туғилган, шу сабабдан Ғаззолий тахаллусини олган деса, бошқалари эса Ғазола (Тус яқинидаги қишлоқ)да туғилган, шунинг учун тахаллуси Ғазолий деб ҳисоблайдилар. Нишопур (Шарқий Эрон) ва Бағдодда таълим олган. „Низомия“ мадрасаси (Бағдод)да ислом ҳуқуқшунослигидан дарс берган. Мударрисликдан воз кечиб, 11 йил зоҳидликда ҳаёт кечирган, илм билан машғул бўлган. 1105-йилда Нишопурга келиб, яна мадрасада мударрислик қилди, аммо бу ҳол узоққа чўзилмади. Тусга кўчиб бориб 300 га яқин талабага хусусий тарзда дарс берди. Унинг фиқҳга доир „Босит“, „Вожиз“, „Восит“, ақидага доир „Қавоид ал-Ақоид“ („Ақидаларнинг қоидалари“), „ар-Рисолат ал-қудсия“ („Қудсия рисоласи“), мутасаввифлар учун „Иҳёу улумид-дин“ („Диний илмларни тирилтириш“), „Мукошафат ул-қулуб“ („Қалблар кашфиёти“) асарлари машҳур. Шунингдек, „Таҳофут ал-фаласифа“ („Файласуфларни рад этиш“), „Кимё-и-саодат“ („Саодат кимёси“), „Мақосид ал-фаласифа“ („Файласуфларнинг мақсадлари“) асарлари олим ижодида муайян ўринни эгаллайди. Бу асарларда Форобий, Ибн Сино, Абу Ҳайён ат-Тавҳидий қарашларининг таъсирини кўриш мумкин.
Ғаззолий ўз асарларида ислом илоҳиётини фалсафий жиҳатдан асослашга ҳаракат қилган. Ғаззолий худони ақл орқали англаш мумкин эмас, уни махсус руҳий, жисмоний ҳаракатлар — сиғиниш ва ибодатлар орқали англаш мумкин деб ҳисоблади. Суннийлик ақидаларини тасаввуф идеаллари билан бирга қўшиб талқин қилган. Ғаззолийнинг фикрича, инсоннинг Аллоҳ буюрган амаллардан ўзига мақбулини танлаб олиши ўз ихтиёридадир, шу боис мазкур хатти-ҳаракатлари олдиндан белгилаб қўйилишига қарамай улар учун айнан инсоннинг ўзи масъулдир. Ғаззолийга кўра, жон худо сингари фазодан ташқарида, олам Худо томонидан яратилган. Ғаззолийнинг диний тизими тасаввуфни анъанавий ислом билан бирлаштирди. Ғаззолий ғоялари ислом тафаккурига ва ўрта аср Европа фалсафасига таъсир кўрсатди. Ғаззолийни замондошлари „Ҳужжат ул-ислом“ („Ислом далили“) деб улуғлашган.
Манбалар
- Мукошафат ул-қулуб, Т., 2002;
- Ихя улум ад-дин, Т., 2004;
- Қиёмат ва охират, Т., 2004.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Ғаззолийга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |