Гаага — Нидерландиядаги шаҳар, Шимолий денгиз соҳилидаги порт (Схевенингин аванпорти). Қирол саройи ва ҳукумат қароргоҳи. Жанубий Голландиянинг маъмурий маркази. Аҳолиси - 444 мингдан зиёд киши (1990-йиллар ўрталари, шаҳар атрофи билан 685 минг киши). Каналлар, автомобил ва темир йўл тармоқлари орқали Рейннинг қуйи окимидаги Роттердам порти билан, расмий пойтахт Амстердам ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари билан боғланган. Гаага— асосан маъмурий ва сиёсий марказдир. Шаҳар дастлаб ХИ асрга оид тарихий манбаларда тилга олинган. Гаага ХВИ аср охиридан Генерал штатларнинг мажлис ўтказадиган жойи ва ХВИИ аср бошидан ҳукумат қароргоҳи. Гаагада БМТнинг Халқаро суди, Халқаро ҳакам (бетараф вакил)лар судининг Доимий палатаси, Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар бюроси ва б. жойлашган. Гаагада муҳим тарихий ҳужжатлар қабул қилган бир қанча халқаро конференсиялар бўлиб ўтган (қаранг: Гаага конвенсиялари). Транспорт йўллари тугуни. Гаагада радио ва телеаппаратура, электрон асбоблар ва телеграф аппаратураси ишлаб чиқариладиган йирик саноат корхоналари, шаҳар четида авиация заводлари, кемасозлик, чўян қуйиш корхоналари бор. Озиқ-овқат ва енгил саноат корхоналари кўп. Ёғоч, ойна каби материаллардан бадиий буюмлар тайёрланади.

Меъморий ёдгорликларидан готика услубида қурилган Риддерзал (ХИИИ аср), Трибунал (ХИИИ аср) ва б. сақланган. Гаагада Қироллик нафис санъат академияси, Маурицхейс (Қироллик расмлар галереяси) Муниципал музейи, почта, кийимлар, халқаро матбуот музейлари, статистика институти бор.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил