Ҳамас (арабча: حماس‎‎ АЛА-ЛC романизацияси: Ḥамāс) ягона ислом давлати барпо этишни мақсад қилган Фаластиндаги гуруҳдир. Бу гуруҳ 1988-йилда Мусулмон биродарлар ташкилотининг ҳарбий қаноти сифатида аниқланган. Ҳамас Исроил ҳукумати томонидан 1989-йилда ноқонуний ташкилот сифатида эълон қилинган.

Ҳамас

Вужудга келиши

Эрон Ислом Республикасининг ғоявий ҳаракатлари таъсирида Ҳамас 1987-йилда ғарбий соҳил ва ғазо секторининг Исроил томонидан босиб олинишига қарши Фаластинликлар исёни оқибатида ташкил этилган. Ғарбий соҳил ва Ғазо секторида мактабларни, ижтимоий ҳимоя марказларини, шифохоналарни ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантирган Мусулмон биродарлар ташкилоти Исроил оккупациясига қарши курашда тўғридан-тўғри алоқадор бўлмасликни танлади. Шу сабабли Ҳамас мусулмон биродарлар ташкилотининг ҳарбий қаноти сифатида Аҳмад Ёсин этакчилиги остида ташкил этилди. У сиёсий қанот, разведка йиғиш гуруҳи ва ҳарбий қанот каби 3 органдан ташкил топган. Ҳамас Фаластинликларни секуляризация ва Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ) каби дунёвий миллий ташкилотларга аъзо бўлишдан воз кечишга чақирди. Бунинг ўрнига у Исроилга қарши доимий ҳаракат тузишга ва ФОТнинг дунёвий хусусиятини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Ҳамас биринчи навбатда Ғарбий соҳил ва Ғазо секторидаги фаластинликларни Исроилга қарши курашга даъват қилди ва Исроилга қарши ишчилар намойишларини бошқарди.

Фаолияти

1989-йилда Ҳамас аъзолари Исроилга қилган ҳужумларида 2 исроиллик аскарни ўлдирди. Бунга жавобан Исроил Ҳамасни ноқонуний ташкилот деб эълон қилди ва Ёсинни ҳибсга олган. Бир қанча ҳужмлардан сўнг, 1992-йилда Исроил 400 дан зиёд Ҳамас аъзоларини қувғин қилди. 1993-йил сентабрда Исроил ҳукумати ва ФОТ ўртасида Ғазо секторидаги ва Ғарбий соҳилнинг айрим қисмидаги фаластинликларга „чекланган ўз-ўзини бошқариш“ ҳуқуқини бериш тўғрисида келишув имзоланди. Ўз навбатида ФОТ Исроилнинг „мавжудлик“ ҳуқуқини тан олди. Ҳамас эса бу келишувни рад этиб, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги исроиллик истиқомат қилувчиларга, шунингдек, Исроилга қарши курашга бошчилик қилишда давом этди.

Аъзолик ва молиялаштириш

Ҳамас ташкилоти аъзолари 2000-йилгача 10,000 тадан ортиқроқ эди. Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилнинг тахминан 18 % аҳолиси бу гуруҳнинг сиёсий қарашларини қўллаб-қувватларди. 2000-йилнинг сентабр ойидаги Фаластинликларнинг янги исёнидан сўнг эса Ҳамасни қўллаб-қувватловчилар сони 25 % дан зиёдга ўсди. Бугунги кунда уларнинг даъватлари Ғарбий соҳилга нисбатан Ғазо секторидаги аҳоли томонидан кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Ҳамас аъзолари асосан диний лидерлар, шайхлар, интелектуаллар, тадбиркорлар, ёш фаоллар, активистлар ва жангчилардан ташкил топган. Масжид ва диний ташкилотлар ўз даъватларини тарқатишда Ҳамаснинг энг муҳим воситаси ҳисобланади ва камбағалларга ижтимоий хизматларни таъминлаш орқали маҳаллий аҳолини сафарбар қилишга эришади. Гуруҳни молиялаштириш қисман ўз аъзолари томонидан амалга оширилади, аммо аксарият молиявий ёрдамлар хориждан келади. Молиялар Ҳамас ва унинг сиёсий фаолияти билан бир қаторда, Ғарбий соҳил ва Ғазо сектори инфратузилмасини тиклашга, Фаластинда иш жойлари ва тадбиркорликни барпо этишга сарфланади.

Манбалар

Ҳаволалар