Ҳаё — ахлоқшунослик тушунчаси. Муҳим ахлоқий меъёр, айни пайтда хулқий гўзалликнинг асосий белгиларидан бири.Ҳаё уят ҳисси билан ўхшаш бўлса-да, аслида андиша ва ибога яқин фазилат тарзида намоён бўлади, у нафосат билан уйғунлашиб кетади. Уят ҳиссида инсоннинг ўзи содир этган ёки бошқалар воситасида амалга оширилган ахлоқийликка зид хатти-ҳаракатларидан ноқулай вазиятга тушиш, ўнғайсизланиш ҳолати пайдо бўлади, бу ҳолат хатти-ҳаракат содир этгандан сўнг ҳам давом этади ва кўп ҳолларда виждон азобини қўзғатади. Ҳаёда эса мазкур ҳолатлар соф маънавий характерга эга бўлиб, улар хатти-ҳаракат содир этилаётган пайтдагина юзага чиқади.

Ҳаёнинг инсоний сифат тарзидаги мавжудлиги ҳаёлилик бўлиб, кишининг маънавиятли, маърифатли, номусли, очиқ кўнгилли эканини англатади, унинг зидди — беҳаёлик (ҳаёсизлик) эса, аксинча, маънавияцизлик, нопокликка мойиллик, қалби қаттиқлик, виждонсизлик каби иллатлар билан характерланади. Ҳозирги кунда турли нивилизацияларнинг ўзаро алоқалари, баъзан эса омухталашуви, урбанизация, модапарастлик сингари замонавий ижтимоий ҳодисалар ҳаёлиликка маълум маънода салбий таъсир кўрсатаётир, айниқса хотин-қизлар ва ёшларнинг ўзини тутиши-да, муомаласида, кийинишида бу таъсирни яққол сезиш мумкин. Оиладаги ва мактабдаги тарбияда ҳаёли бўлишлик — хулқий гўзаллик, назокат экани, беҳаёлик — хулқий хунуклик ва қўполлик эканини уқтириш, шахс эркинлиги доимо ўзгалар олдидаги масъулият билан боғликлигини тушунтириб бориш муҳим вазифалардан биридир.