Imom
Имом (арабча: إمام – „олдинда турувчи“) – намозда олдинда турувчи, ғоявий раҳбар, мусулмон жамоаси бошлиғи. Кундалик ҳаётда масжидда жамоа намозининг раҳбарини имом деб атайдилар. Имом вазифаларини айни бир одам бажариши мумкин, аммо имом мансаб ҳам, касб ҳам ҳисобланмайди: у ҳақиқатда намозни бошқариб турганлиги учунгина имом деб эътироф қилинади. Маҳалла ва қишлоқ масжидларида, одатда, диний маълумоти бор одам имом ҳисобланади. Жоме масжидларининг имоми махсус диний маълумотга эга ва диндорлар ўртасида обрў қозонган бўлиши керак. Намозда кимлар имом бўлишга ҳақлироқ экани фиқҳ китобларида баён қилинган.
„Имом“ сўзи арабча сўз бўлиб „етакчи (лидер)“ маъносини билдиради. Мисол учун, давлат бошқарувчиси имом деб аталиши мумкин. Лекин, ислом оламида, хусусан шиа мазҳабида имом сўзи алоҳида тариҳий аҳамиятга эга. Исломиятнинг дастлабки бир неча асрлари давомида ушбу сўз сунний ва шиа мазҳабларида халифаларга нисбатан ишлатилган.
Ислом дини пайдо бўлган дастлабки йилларда имом вазифасини Муҳаммад, у зотнинг вафотларидан сўнг эса халифалар бажарган. Муҳаммад ва дастлабки халифалар намозда олдинда турувчиларгина эмас, шу билан бир вақтда қавм бошлиқлари ҳам эдилар, бинобарин имом – халифа амалда олий диний ва сиёсий раҳбар ҳисобланган. Назарий жиҳатдан ягона мусулмон жамоасида имомни олий диний ва дунёвий [[ҳоким сифатида тасаввур қилиш ана шундан бошланган. Айнан кимни қонуний имом деб ҳисоблаш керак ва унинг ҳокимиятининг моҳияти қандай, деган масаладаги баҳслар мусулмонларнинг суннийлар ва шиаларга бўлинишига сабаб бўлди. Суннийларнинг олий ҳокимият назариясига кўра, халифа барча мусулмонларнинг имоми ҳисобланади.
Халифа – имомнинг асосий вазифаси – динни сақлаш ва дунёвий ишларни бошқариш. Имом диний қонун-қоидалар қавм ҳаётига тўғри жорий қилинаётганлигини кузатиб бориши керак. Суннийлар, шунингдек, хорижийлар имомни қавмнинг вакили ҳисоблайдилар, у назарий жиҳатдан бутун қавм томонидан, амалда эса унинг вакиллари томонидан сайланади ёки ўтмишдоши томонидан тайинланади.
Шиалар назариясига кўра, имомларнинг олий ҳокимияти худо томонидан белгилаб қўйилган, шу сабабли у одамларнинг хоҳишига боғлиқ бўлиши мумкин эмас, яъни имом сайланиши мумкин эмас (имомнинг сайлаб қўйилишига фақат зайдийлар қарши эмасдилар). Аввал бошдан имомнинг сайланиш қоидасини рад этган шиалар мусулмонлар қавми ва давлатининг олий ҳокимияти Али авлодларига мерос ҳисобланади, чунки уларнинг ҳуқуқи илоҳий кўрсатма билан белгилаб қўйилган, деб эълон қилдилар. Бироқ Али авлодлари табиий равишда бўлиниб, тарқалиб кета борган сари олий ҳокимиятга даъвогарлик қилиши мумкин бўлганлар сонкўпаяя борди. Али авлодларининг турли шажараси вакилларини имом сифатида тан олган шиалик ҳар хил оқим ва жамоаларга бўлиниб кетди. Зайдийлар, исмоилийлар, имомийлар, „кескин“ шиалар олий ҳокимиятни бериш қоидаси, имомнинг ҳуқуқ ва бурчлари, имомларнинг ҳукмрон сулола билан ҳамкорлик қилиши мумкинлиги, уларнинг „адолациз“ ҳукмдорларга муносабати ва ҳоказо масалаларни турлича талқин қилдилар. Кўпчилик учун ҳозирги вақтда Али авлодлари бўлган ҳақиқий имом йўқ. Шиаларнинг диний раҳнамолари – „дин одамлари“ (рижал ад-дин) унинг тўлҳуқуқлили вакилларидир.
имом истилоҳи шиалик ва суннийликда, шунингдек, йирик диний раҳнамолар, катта қавмларнинг раҳбарлари, диний мазҳаб ва мактаблар асосчилари (Абу Ҳанифа, ал-Аш’арий, Ҳумайний ва ҳоказо) га ҳурмат юзасидан ҳам қўлланади.
Адабиётлар
- Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
| Дунё динларидан бири ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |