Ислоҳот — ижтимоий ҳаётнинг бирон-бир томони (тартиблар, идоралар, муассасалар)ни ўзгартириш, қайтадан тузиш. Ислоҳот расман — ҳар қандай мазмундаги янгиликни жорий этиш ҳисоблансада, аслида исолоҳот дейилганда кўп ёки оз даражадаги илғор қайта ўзгартириш назарда тутилади. Жамиятдаги ижтимоий иқтисодий ўзгаришларнинг пировард мақсадини вазиятдан келиб чиққан ҳолда тўғри белгилаб олиш муҳимдир. Ислоҳотлар турли мамлакатларда уларнинг географик жойлашиши, иқлими, иқтисодий, интеллектуал салоҳияти, маънавияти, маданияти, миллий хусусиятлари ва бошқа ўзига хос омиллардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий, маърифий, ҳуқуқий ва шу каби соҳаларида алоҳида ёки бир неча соқаларида бир йўла ислоҳотлар қилиниши мумкин. Ислоҳотлар вазиятга қараб тадрижий тарзда, босқичма босқич амалга оширилса муваффақиятли бўлади. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида туб ўзгаришлар бошланди. Жумладан, бозор иқтисодиётини қарор топтиришга йўналтирилган ислоҳотлар халқнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилгандир (яна қ. Иқтисодий ислоҳотлар).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил