Jacques Derrida
Деррида Жак—франсуз файласуфи. У Гегел,Ницше,Гуссерл,Хейдеггер,Фрейд ғоялари ҳамда адабий авангартчиликдан(Арто,Бетий,Бланшо,Клоссовиский ва бошқалар) таъсирланган.
Татқиқотлари
Деррида мумтоз ва ҳозирги давр ғарб фалсафасининг етакчи йўналишлари фойдаланиб келган ақлий фаолият шакллари имкониятларининг барҳам топганлиги ҳақидаги масалани ўртага қўяди. У яшаган даврда Европа маданияти ва фалсафасига хос муҳим хусусияти ,,логосентризмъъдан иборат қусурларга эга бўлган матнларнинг кенг тарқалгани эди. Унинг фикрича,Ғарбий Европа метафизикадан халос бўлиш учун матнларни деконструксиялаш шарт. Деконструксиялашда матнлардаги таянч тушунчаларни ва матннинг ўзи билан айнан бир бўлмаган метафора қисмини, матннинг бошқа матнлар билан кесишадиган жойларини аниқлаш каби фалсафий тадқиқот амалга оширилади. Деррида таъкидлашича, фалсафанинг тили кўп қатламлидир. Шунга кўра фалсафа аниқ-равшанликка даъво қила олмайди. Барча категориял фарқланишларнинг таянч нуқтаси, иштирок этиш маъносидаги борлиқ тушунчаси бўлгани учун Деррида татқиқоти, аввало, шу тушунчага қаратилган.
Таълимотлари
Дерриданинг фикрига кўра, ҳозирги даврнинг ўзигагина тегишли ҳаётийлик йўқ. Унда ўтмишнинг излари бор, келажак шакллари ҳам унда жо бўлади. Унда ,,тафоввутларъъ ва ,,кечикишларъъ мавжуд. Чиндан ҳам ўзидан кейин келадиган иккинчи мавжуд бўлиши учун ,,биринчиъъ биринчи бўлади:иккинчи айнан ўзининг кечикиши билан ,,биринчининғъ имкониятини яратади. Демак бошланғич ҳодиса ўз-ўзига тенг эмас, ибтидода такрорланиш, нусхаланиш, из, ,,граммаъъ ва ҳоказолар бор. Бунда ўзига хос тўлдирилиш ва ўрин босиш ҳаракати содир бўладики, булар ташқаридан қараганда нимаси биландир диалектикани эслатади. Ўзига етарли яхлитликка ташқаридан тўлдириш киритилмайди, балки қайсидир нарсада етишмовчилик бўлса, ўшанга қўшилади, зеро яхлитликка эришилмагани учунгина унга бирон нарса қўшилиши мумкин. Деррида фикрига кўра, метафизик тафаккур йўқлик изларини ўчириб ташлашга мойилдир, ваҳоланки, айни шу излар иштирок этиш ҳолатини вужудга келтиради. Лекин буни тушуниш мумкин, зеро, йўқ нарса ҳақида фикр юритиш жуда қийин, чунки ҳар қандай фикрий машқ бу бирон бир нарса(ёки жараён)ни айнан ҳозир бошдан кечириш ҳолатидан иборатдир. Айнан шу маънода ҳеч қандай фарқлантириш тажрибаси нақд иштирокчилик фалсафий ғоясини рад эта олмайди. Метафизик фикр чегараларини кўрсатиш учун умумлашган тажриба—матннинг ўзини бошдан кечириш тажрибаси керак бўлади. Матн гетеронамия тамойили ,,турли қонунчиликъъ ёхуд битта йўналтирувчи тамойил йўқлигининг мужассамидир. Бу шундай тузилмаки, унинг жисмида кўплаб бошқа нарсаларнинг ,,эмланганъъ изи кўриниб туради. Бу ҳол, айниқса, матнлардаги узилишни кўрсатадиган сўз-белгиларга эмас. Платонда ,,фармоконъъ(бу бир вақтнинг ўзида ҳам ёвузлик, ҳам эзгулик, ҳам заҳар, ҳам дори маъносида келадиган тушунча),Руссода ,,ўринни эгаллаш—тўлдиришъъ(табиат табиий ҳолатига маданиятнинг тажовуз қилиши ва бусиз табиатнинг мавжуд бўла олмаслиги) ва ҳоказоларга, айниқса тегишлидир. Матн ,,матосиъъ(жисми) шундай маънолар ўйинидан тўқилади. Масалан,Платон диалогида Суқрот—,,фармакевсъъ(сеҳргар, мўжизакор)дир, унинг ,,фармоконъъ(заҳар) билан ўлдирилиши эса Суқротнинг ,,фармокосъъ(беҳуда ўлдирилган одам)га айлантиради(,,Платон атторлигиъъ).Одатда санъат соҳасига тегишли бу услуб фалсафий фарқлаш жараёнига айланади.
Асарлари
Деррида асарларининг энг муҳимлари
- ,,Почта очиқ хати—Суқротдан Фрейдгача ва ундан наригиъъ(1980-й),
- ,,Психия:ўзгани кашф этишъъ(1987-й) кабилардир.
Турли жанрдаги бу асарларда умумий мавзулар қуйидаги мавзулардан иборат:руҳ ва жон нима?Кашфиёт қандай қилиб ва ким томонидан содир этилади?Фалсафа ўзи қандай мавжуд бўлади? Кейинги вақтларда Деррида ,,миллий фалсафаъъ—фалсафий тафаккурдаги миллий фарқ муаммоларига бағишланган семинарларни ҳам олиб борди.
Адабиётлар
,,Фалсафаъъ(қомусий луғат). Тошкент—2004
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |