Калом (араб. равон нутқ, жумла, гап, сўз) — мусулмон кишининг ақидаси, эътиқоди, дунёқараши қандай бўлиши кераклигини ёритиб берувчи фандир. Ақоид илми ўз тарихининг турли босқичларида шароит ва тушунчалардан келиб чиқиб, бир неча номлар билан аталган. Агар ислом динининг таълимоти ва амалиёти шартли равишда икки қисмга бўлинса, Калом илми унинг биринчи қисми, яъни таълимоти билан шуғулланади. Фиқҳ илми эса иккинчи, яъни амалий қисмига тегишлидир. Дастлаб ислом илмларининг барчаси юқоридаги каби икки қисмга бўлинмай, умумий тарзда „Ислом илмлари“ ёки „Фиқҳий илмлар“ деб аталган. Улардан ақида, яъни ислом таълимотига оид қисми „ал-Фиқҳ ал-акбар“ („Катта фиқҳ“), фиқҳга, яъни диний амалларга доир илмлар эса „ал-Фиқҳ ал-асғар“ („Кичик фиқҳ“) деб аталган. Сўнгра улардан ҳадис, тафсир, фиқҳ, тасаввуф, ақоид каби турли илмлар ажралиб чиқиб, ислом динига хос илм сифатида эътироф этила бошлаган. Ақоид қолгунча турли номлар билан аталиб турган. Демак, „ал Фиқҳ ал-акбар“ни калом, ақоиднинг дастлабки номи деб ҳисоблаш мумкин. Шу тариқа Калом илми турли даврларда „ал-Фиқҳ ал акбар“, „Илм ал-калом“, „Усул ад-дин“ („Дин асослари“), „Илм ат-тавҳид“ („Яккахудолик таълимоти“) ва ниҳоят сўнгги номи „Ақоид“ („Ақидалар“) ва „Калом“ деган номлар билан аталган. "Калом" ақоиднинг энг машҳур исми ҳисобланиб, „ал Фиқҳ ал-акбар“ исми билан бир асрда, яъни ВИИИ асрда юзага келган. Чунки бу исм Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофиий, Имом Молик ва бошқалардан ривоят қилинган. Ҳозирги даврга келиб ғарб ва турк шарқшунослари ушбу илмга нисбатан „Илоҳиёт“ (араб. „Илоҳ ҳақидаги фан“) ва „Теология“ (лот. Тео — худо, логия — фан; „Худо ҳақидаги фан“) каби атамаларни ишлатмоқдалар.

Чунки кейинги асрларда ақоид илми тўртта қисмга бўлинган:

  • 1. Илоҳиёт. Бунда Аллоҳ ва У зотга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.
  • 2. Нубувват. Бунда ваҳий, пайғамбарлик, расуллар ва уларга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади.
  • 3. Кавниёт. Бунда борлиқдаги мавжуд инсоният, фаришта, жин ва сабабият қонунлари ҳақида баҳс юритилади.
  • 4. Сам’иёт. Бунда эшитиш билангина, яъни асосан нақлга таянилган ҳолда собит бўладиган ақидалар ҳақида баҳс юритилади.

Булар, асосан, ғайб оламига тегишли масалалар ҳисобланади[1].

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1. 

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 241.