Катта совет энсиклопедияси (Большая Советская Энциклопедия, БСЭ) — СССРда чиқарилган универсал энсиклопедик нашр, жаҳондаги йирик энсиклопедиялардан бири. Москвадаги "Совецкая энсиклопедия" ("Совет энсиклопедияси") нашриёти томонидан рус тилида нашр этилган. 1-нашри 1926—47 йилларда чиққан; 65 асосий жилд ва алоҳида СССР жилдидан иборат; 65 минг мақолани ўз ичига олади, адади 50— 80 минг; бош муҳаррири — О. Ю. Шмидт (1941-йилгача). 2-нашри 1950—58 йилларда чиққан, 50 асосий жилд ва 51-қўшимча жилддан иборат; 100 мингга яқин мақоласи бор, адади 250—300 минг; 2 жилдли алфавитли кўрсаткичи чиққан (1960); бош муҳаррири — С. И. Вавилов (1951-йилгача), Б. А. Введенский (1951-йилдан). 3-нашри 1969—78-йилларда чиққан, 30 жилддан иборат; 100 мингдан ортиқ мақолани қамраган, адади 630 минг; 1 жилдли кўрсаткичи бор (1981); бош муҳаррири — А. М. Прохоров (1969-йилдан).

Катта совет энсиклопедияси АҚСҲ ва Грецияда таржима килиниб, нашр этилган. У собиқ Иттифоқда энсиклопедия ишининг ривожланишига таъсир кўрсатган. Ўзбек Совет Энсиклопедияси (1971—80)ни нашр этишда ҳам К.С.Э. тажрибасидан фойдаланилган. 1957—90 йилларда Катта совет энсиклопедияси нинг Ежегодниги (йиллик тўплами) чиқарилди (яна қаранг Энсиклопедия). [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил