Китоб

Китоб – ахборотларни ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси; билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли; бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиёт. Халқаро статистикада ЙУНЕСКО тавсиясига кўра, ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда, Китоб дейиш қабул қилинган.

Китоб иши китобни яратиш, тайёрлаш, уни тарқатиш, сақлаш, тавсифлаш ва ўрганиш билан боғлиқ катта жараённи ўз ичига олади. Фан, адабиёт, санъат асарларидан матбаада кўпайтириш ва тарқатиш учун танлаш, уларга илмий ва бадиий нуқтаи назардан ёндашиш, таҳрир қилиш, бадиий безаш, матбаа ижросини белгилаш ва нашрга тайёрлаш ноширликнинг вазифаси. Китобни кўплаб чиқариш – китоб босиш иши полиграфия саноатида олиб борилади. Китобларни тўплаш, сақлаш, ўқувчилар ўртасида ташвиқот қилиш, улардан китобхонлар фойдаланишлари учун қулай шароит яратиш кутубхона ишига қарайди (қаранг: Кутубхона, Кутубхонашунослик). Китоб ва бошқа босма асарлар ҳақида муайян мақсад билан ўқувчиларга маълумот бериш ва уларни ташвиқот қилиш библиография вазифасидир ва ҳакозалар.

Китобнинг пайдо бўлиш тарихи ёзувнинг яратилиши ва шаклланиши жараёни билан узвий боғлиқ. Ёзувнинг тўзилиш хусусиятлари (белгилар тизими, уларнинг жойлашиш тартиби), ёзув материали ва қуролининг ўзига хос томони ва бошқа маълум даражада К. тузилишини ҳам белгилаб берди. Қад. Миср, Рим, Юнонистон ва Ўрта Осиёда кишилар тош, палма дарахти барглари, сопол ва бошқа материалларга ёзиб фикр алмашганлар. Ҳар бир К. ўнлаб шундай материаллардан тайёрланган плиталардан иборат бўлиб, оғирлиги бир неча кг бўлган. Ёзув материали сифатида папирус ўсимлиги ишлатилиши (милоддан аввалги 4—3 минг йилликларда) билан ўрама К.лар пайдо бўлди. Бундай К.ларнинг ўзунлиги ўртача 10 м атрофида бўлиб, ингичка, юмалоқ таёқларга ўралган ва махсус чарм ёки ёғоч ғилофларда сақланган. Шарқ мамлакатлари, Қадимги Рим ва Юнонистондаги кўпгина нодир асарлар папирусга битилган. Милоддан аввалги ИИ асрга келиб К. материали сифатида пергамент (тери)дан фойдаланиш кенг тарқалди. Дастлаб бундай К. ўрама ҳолда сақланган. Айрим маълумотларга Қараганда, Ўрта Осиёда, хусусан, Хоразмда милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган зардўштийлик динининг муқаддас китобларидан Авестонинг қад. нусхаси ҳам 12 минг қора мол терисига битилган. Арабларнинг Ўрта Осиёдаги истилосига қадар (ВИИИ—Х асрлар) у ерда кўп нодир К.лар сақланган кутубхоналар бўлган. Лекин уларнинг кўпи босқинчилик урушлари натижасида йўқотиб юборилган. ИИ—ИВ асрлардан бошлаб Қад. Римда худди ҳозирги К.ларнинг варақалари сингари буклаб, тикиб тайёрланган ва бир-бирига бириктирилган, муқовали К.лар – кодекс пайдо бўлди. Улар дастлаб папирус, сўнг пергаментга ёзилган. Бундай К.лар оғир ва бесунақай эди. ВИ асрдан бошлаб кодекс шакли асосида ҳозирги кўринишдаги К.лар пайдо бўлди. Терига ишланган ноёб К.лардан бири – Мус-ҳафи Усмон Куръонидир. Қуръони каримнинг бу нусхаси 644—656 йилларда халифа Усмон кўрсатмаси билан Муҳаммад (сав)нинг котиблари Зайд ибн Собит, Амир ибн алЎс ва Ҳишом ибн Ҳакимлар томонидан куфий хатида ёзилган. Мазкур қўлёзма К. Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган. Жами 353 варақ, ҳажми 68х53х22 см. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади.

Қоғознинг кашф қилиниши К. тарихида янги давр очди. Айрим маълумотларга қараганда, 650 йиллардаёқ Самарқандда қоғозли К.лар бўлган. ХИИИ асрдан Европада қоғоз асосий ёзув материали бўлиб қолди. Қоғоз К.нинг кўпайишига ва тарқалишига янги имконият очди. К. безашга алоҳида аҳамият берилди. Унинг саҳифаларига турли миниатюралар, ҳошияларига безаклар ишлана бошлади. Аста-секин хаттотлик (каллиграфия), муқовасозлик каби касблар ажралиб чиқди. Айниқса, Ўрта Осиёда ўрта асрларда хаттотлик санъати кенг ривожланди. Машҳур хаттотларнинг кўп авлодлари К. тайёрлаш усулини – материаллар, сиёҳ, хат кўчириш техникасини такомиллаштириб бордилар.

Х—ХИИ асрларда Мовароуннаҳрда муайян соҳа сифатида шаклланган китобат санъати ХИВ—ХВ асрларда янги тараққиёт босқичига кутарилди. Ҳар бир К. қоғозидан тортиб муқовасигача, сиёхдан то буёқлари-ю зарҳалигача маълум меъёрдаги модда, режа ва қоида асосида тайёрланади, ҳатто К.дан хушбўй ҳид анқиб туриши учун баъзан сиёҳга гулоб ёки анбар қўшиларди. Қўлёзмалар нафис ҳуснихат, зарафшон (тилла суви сочиш), сувли буёқлар билан ҳошияга нафис нақшлар ишлаб бадиий безатилди. ХВ—ХВИ асрларда бир қанча истеъдодли хаттот, мусаввир, лаввоҳ ва сахдофлар (Абдураҳмон Хоразмий, Султонали Машқадий, Султонали Хандон, Мирали қилқалам ва бошқалар) етишди. Ҳирот хаттотларига устозлик қилиб, китобат санъати равнақига улкан ҳиссасини қўшган хушнавис хаттотлардан Султонали Машҳадий эди. У Низомий, Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Ҳусайн Бойқаро ва бошқаларнинг асарларини кўчириб шуҳрат қозонди. Султонали томонидан кўчирилган 50 дан зиёд К. бизнинг давримизгача етиб келган. Темурий ҳукмдорлар девонхоналари қошида, хусусан, Самарқанд, Ҳиротда махсус сарой кутубхоналари ташкил этилган. Бундай кутубхоналар ўрта асрнинг ўзига хос ҳунармандчилик корхонаси бўлиб, уларда қўлёзма К.ларни тўплаш ва сақлаш билан бирга К. созлик билан боғлиқ бўлган бир қанча амалий ишлар бажарилди. Бундай сарой кутубхоналарининг бошликлари „кутубхона доругаси“ ёки „китобдор“ деб аталган. Уларнинг қўл остидаги кўплаб хушнавис хаттот, наққош-мусаввирлар, лаввоҳ, саҳҳофлар К. яратишга доир турли вазифаларни бажаришган. Мас, ХВ асрнинг 1-ярмида Ҳиротда Улуғбекнинг укаси Бойсунқур кутубхонасида 40 хаттот ва бир қанча наққош қўлёзма асарлардан нусхалар кўчириш ва уларни безаш билан банд бўлган. Ҳар бир қўлёзма К. бир неча мутахассис қўлидан ўтарди. 1425—29 йилларда Жаъфар Бой-сунқурий томонидан Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур „Шоҳнома“ асари кўчирилиб, 20 та турли мазмундаги рангдор миниатюралар билан безатилган. Ноёб санъат асари сифатида бу К. Теҳрон музейида сақланади. Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий сарой кутубхонаси ҳам ўз даврида машҳур бўлган. Навоий бадиий қўлёзма санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Унинг бевосита кўмаги билан Беҳзод, Султонали Машҳадий, Шоҳ Музаффар каби ўнлаб К.соз усталар етишиб чиқди. Бу усталарнинг услуб ва анъаналари кейинги йиллардаги каллиграфия санъатининг асосини ташкил этди. Туркистонда хаттотлик йўли билан К. тайёрлаш ўзоқ вақт давом этди. Ҳатто К. босиш кашф қилингандан кейин ҳам, дастлабки вақтларда К.лар қўлёзма йўли билан кўпайтирилар эди.

К. нусхаларини оммавий кўпайтириш йўлидаги изланишлар натижасида ксилография пайдо бўлди. ХВ асрнинг 40-йилларида Германияда Иоганн Гутенберг томонидан К. босиш ихтиро қилиниши К. тараққиётида янги давр очди. К. босиш техникаси аста-секин такомиллашиб, бошқа мамлакатларда ҳам тарқала бошлади (қаранг Китоб босиш, Босмахона).

Туркистонда босма усули билан китоб чиқариш Ўрта Осиё Россияга қўшиб олингандан кейин тарқалди. 1868-йил Тошкентда Туркистон ҳарбий округи штабининг босмахонаси ташкил этилди. Шу босмахонада нашр этилган рус олими ва сайёҳи Н. А. Северсовнинг „Чу ва Норин тизмалари этагидаги тоғли ўлка тўғрисида лавҳалар“ (рус тилида) китоби Туркистондаги илк босма К.дир. Ўзбек тилидаги биринчи босма К. Шоҳимардон Иброҳимовнинг 1871-йил Хивада босилган „Календар“идир. Бирин-кетин Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам хусусий литографиялар ташкил этилди. Бўлардан Отажон Абдалов (Хивада), Семён Лахтин (Тошкентда), Ғулом Ҳасан Орифжонов (Тошкентда) литографиялари машҳур. Бу босмахоналарда адабий, фалсафий, диний, тарихий асарлар ва дарсликлар чиқарилди.

Октабр тўнтаришидан сўнг совет тузуми даврида К. босиш иши бирмунча ривожланиб, оммавий китоблар яратиш ишига катта аҳамият берилди. Лекин К.га, бошқа оммавий ахборот воситалари каби, КПСС ва Совет ҳукуматининг қудратли мафкуравий қуроли сифатида қаралди. Шу мақсадда жуда кўп номда ва нусхада марксизм-ленинизм асарлари, ижтимоий сиёсий, бадиий, илмий К.лар нашр этилди. Айни вақтда, 20—30-йилларда, Ўзбекистонда асрлар мобайнида сақланиб келинган қўлёзмалар, айниқса диний, тарихий мазмундаги китоблар, кейинроқ катағонга учраган ўзбек ёзувчиларининг асарлари йўқ қилина бошланди: ўтда куйдирилди, сувга ташланди.

Истиқлолдан кейинги йилларда К. маҳсулотлари мавзу-мундарижасида кескин ўзгариш бўлди. Тарихий, диний, миллий қадриятларга тааллуқли К.лар нашрига алоҳида аҳамият берилди. Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси икки бор нашр этилди (1991-йил, „Чўлпон“ нашриётида; 2001-йил, Тошкент Ислом университети нашриётида). Имом Бухорийнинг 4 жилдли „Ҳадис“лари (1991—96 йиллар, Комуслар Бош таҳририяти), Амир Темур мавзуи билан боғлиқ ўнлаб К.лар чиқарилди. Алишер Навоийнинг 20 жилдли тўла асарлари (1998 – 2002, Ўзбекистон Фанлар академияси „Фан“ нашриёти) чоп этилди. Турли нашриётларда Форобий, Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий, Улуғбек, Яссавий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Фитрат, Усмон Носир ва бошқаларнинг асарлари, 33 жилдли „Хотира“ К.и чиқарилди. „Ўзбекистон“ нашриётида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг 10 жилдли Асарлари нашр қилинди (1997—2002). Мавжуд нашриётлар омманинг талабеҳтиёжларидан келиб чиқиб бадиий, илмий, оммабоп, дарслик ва бошқа тур К.лар нашр этмоқдалар. К.ларнинг бадиий ва матбаа ижроси ҳам жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган даражада юксалиб бормокда (яна қаранг Ноширлик).

Китобларнинг тўзилиши ва турлари. Ҳозирги К.лар ўқувчилар талаби ва эстетик дидига кўра муайян шаклга эга. Китоб саҳифаларга ажратилиб, ўртасидан тикилади ва муқоваланади. Муқованинг К. саҳифалари билан бириктирилган қисми форзац дейилади. Айрим ҳолларда муқовани сақлаш ва безак сифатида муқовага жилд (суперобложка) кийгизилади. К.нинг бош қисмида сарварақ (титул лист) бўлади. Унда муаллиф исмшарифи, китобнинг номи, нашр этилаётган жойи, йили, нашриёт номи ва бошқа ёзилади. Сарварақ қўш саҳифада бўлиши мумкин; бу ҳолда у китобнинг 2-(муқобил сарварақ) ва 3-бетларини эгаллайди. Сарварақ маълумотларининг айримлари К.нинг л-саҳифаси – пешварак, (авантитул)да ҳам ёзилиши мумкин. Сарварақнинг орқа саҳифасига китоб белгиси қўйилади. Баъзи ҳолларда сарварақ ўрнида саррасм (фронтиспис) бўлади. Матннинг мазмунига караб, К.да турли усулда сарлавҳалар қўйилади. Айрим ҳолларда йирик сарлавҳалар алоҳида саҳифада берилади. Бундай саҳифа зарварақ (шмуцтитул) дейилади. К.нинг рукнсарлавҳа (колонтитул) ва рукнрақам (колонсифр)лари ундан фойдаланиш ишини осонлаштиради. Шунингдек, китобда мундарижа, муқаддима, хотима, аннотация, илова, изоҳ, турли кўрсаткичлар, библиографик рўйхатлар ҳам бўлиши мумкин. Китоб саҳифасининг ҳажми унинг нашр бичими билан белгиланади (қаранг 7а-бок).

Китоблар қандай ўқувчилар оммасига мўлжалланганлиги, мақсади ва мавзуига қараб турларга ажратилади. Ўқувчиларга кўра, К.лар оммавий, мутахассислар учун ва болалар китоби бўлиши мумкин. Мақсадига кўра, расмий, илмий, илмиёммабоп, ўқув, адабий-бадиий, маълумотнома ва бошқа хил китобларга бўлинади. Илмий китоблар ичида монография кенг тарқалган. Ўқув китоблари дарслик, ўқув қўлланмаси, ўқув методик қўлланма ва бошқа турларга ажратилади. Маълумотномалар эса луғат, энсиклопедия, календар, йўл кўрсаткичлар қабиларга бўлинади[1].

Адабиётлар

  • 48-мактаб

Манбалар

  1. ↑ Муроджон Аминов. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар