Кўмир

Кўмир — ёнувчи органик тоғ жинсларига мансуб модда (қаранг Тошкўмир, Қўнғир кўмир).[1] Сўз эски Туркий тилдаги кöñ — (куймоқ, ёнмоқ) феълига қўшилган — мур қўшимчасидан яралган.

Кўмир Ер шари тараққиётининг турли даврларида ҳосил бўлган. Кўмир пайдо бўлишининг энг узоқ давом этган босқичи бундан 250 000 000 йил илгари бошланган ва тахминан 35 000 000 йил давом этган Пенсилван даврига тўғри келади. Ер остидаги кўмирнинг қолган қисми бир миллион йилдан 100 миллион йилгача му-қаддам шаклланган. У даврлар қандай воқеа-ҳодисалар рўй берган ва кўмир қандай ҳосил бўлган? Кўмир Ер қобиғида тоғ жинслари орасида узунлиги бир неча километргача ва қалинлиги уч метргача бўлган қатлам ҳолида жойлашган. Кўмир чангалзор бот-қоқларда, иссиқ намхуш иқлим шароитида бундан юзлаб миллион йиллар илгари ўсган қадимги дарахтлар ва ўсимликларнинг қолдиқларидан вужудга келган. Бундай ботқоқларда тез ўсувчан қамишлар ва баҳайбат қоматли папоротниклар говлаб ўсган. Бир замонларга келиб, улар ҳалокатга юз тутган ва ботқоқлар қаърига чўккан. Бу уларни чириб кетишдан сақлаб қолган. Бактериялар дарахтларнинг айрим қисмларини қайта ишлаган, улардан пайдо бўлган газ ҳавога учган. Дарахтларнинг асосан углероддан иборат қора куйинди қисми ажралиб қолган. Кейинчалик худди шу қисм кўмир қатламига айланган.

Дарахтларнинг қора куйинди қисми устида ғовлаб-гуркираб ўсган гиёҳлар дунёси бу қатламларнинг қалинлигини бир неча метргача кўтарилишига сабаб бўлган. Охир-оқибатда ботқоқ жойларни сув босгач, бу жараён тўхтайди. Натижада кўмир қатламларини сувости чўкмалари ва қум қоплаган. Пайти келиб, юқори қатламларнинг зилдай босими остида қатламлар бағридаги суюқлик сиқиб чиқарилиб, қотишқоқ массанинг ўзи қолган ва у аста-секин совуб, кўмирга айланган. Айрим ўринларда бу жараён бир неча марта такрорланган. Қолдиқлардан ҳосил бўлган қачларни сув босиб, тағин ботқоқликлар туғилган. Тағин ўсимликар дунёси пайдо бўлган ва яна сув остида қолган. Шу тариқа қаттиқ қотишма ҳолидаги чўкинди ва қум босқинлари билан ажралган кўмир қатламлари яралаверган. Дарахтнинг кўмирга айланиши учун неча минг йиллар талаб қилинади. Кўмир дарахтдан пайдо бўлганлиги осон тасдиқланади. Кўмирнинг бағрида папоротник, дарахт қобиқлари, шунингдек тошга айланган дарахт таналари ва тўнкаларининг асорати сақланиб қолганини аниқ-тиниқ кузатиш мумкин.

Германиянинг Гарзвайлер шаҳридаги очиқ кўмир кони. Юқори аниқликдаги панорама.

Яна қ.

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил