Комрон, Комрон Мирзо (1509, Агра — 1557, Макка) — шоир ва давлат арбоби. Бобурнинг ўғли. Адабиёт, ҳарб ва сиёсат илмларини дастлаб отаси Бобурдан, сўнгра ўша даврнинг етук олимлари, давлат арбобларидан ўрганган. Отаси ҳаётлигида Қандаҳор ва Кобул ҳукмрони эди. Бобур вафотидан сўнг Ҳумоюннинг фармони билан Панжоб ва Ҳинд дарёси воҳаси ҳам унга топширилди. Шершоҳ Сурий Бобурийлар давлатини босиб олгач (1540), ушбу вазиятдан фойдаланган Комрон укаси Ҳиндол Мирзо билан қўшилиб, Аграни эгаллайди. Ҳумоюн Эронга қочиб, сафавийлар шоҳи Таҳмаспдан кўмак сўрайди. К. эса Афғонистонда ота мулкини асраб, мамлакатни ободонлаштиришга катта эътибор беради. Шоирлар, олимлар, санъаткорлар, ҳунармандларни саройига чорлаб, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатади. Кобулни илму ҳунар, адабиёт ва санъат марказига айлантиради. Афғонистоннинг барча вилоятларини қўлга киритиб, ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Ўз номига хутба ўқитиб, танга зарб қилдиради. 1545-йил Ҳумоюн Эрондан қарбий ёрдам олиб, К. тасарруфидаги Қандаҳор, Кобул, Ғазна, Бадахшонни эгаллайди. Жангда К. енгилиб, асирга олинади. Ҳумоюн Комроннинг гуноҳидан кечиб, унга Кўлоб ҳокимлигини беради. Аммо 1 йилдан сўнг Ҳумоюннинг Балхга кетганидан фойдаланган К. яна акасига қарши чиқади. Кобул яқинидаги Тангиҳода бўлган жангда К. енгилиб қочади (1550), укаси Аскарий Мирзо асирга олинади. К. пуштунлар қабиласининг сардори Одам Кахкардан ёрдам сўрайди. Одам Кахкар пуштунларнинг меҳмондўстлик одатларига хилоф равишда К.ни Ҳумоюнга тўтиб беради. Ҳумоюн яна К.нинг гуноҳидан кечмоқчи бўлганида, аркони давлат бунга йўл қўймайди. Натижада Ҳумоюн укаси Комроннинг кўзига мил торттиради. К. Каъбани зиёрат қилиб, 3 йил Маккада яшайди ва шу ерда вафот этади. У Муҳаммад (сав) нинг катта завжалари Хадича қабрининг оёқ томонига дафн қилинади.

Комрон

К. девонининг 3 та қўлёзма нусхаси сақланиб қолган. Улардаги туркий шеърлар: 40 ғазал, 21 фард, 26 рубо-ий, 3 қитъа, 9 маснавий ва таркиббанд (1114 мисра). Дарий тилидаги шеърлар: 26 газал, 22 фард, 4 рубоий, 3 қитъа, 4 маснавий (346 мисра). Девонининг қўлёзма нусхаларига кирмаган дарий тилида битилган баъзи ғазал, рубоий ва фардлар турли тазкира ва баёзлардан топилган. К.нинг ҳозиргача маълум дарий тилидаги шеърлари 418 мисрадан иборат. К. отаси Бобур каби, асосан, ғазал жанрида ижод қилган. Ғазалларида кўпроқ сўфиёна қарашлар акс этган ("Зиҳи ҳар заррадин ҳуснунг ҳувайдо..."). Борлиқ ва ундаги барча нарса-ҳодисалар Яратганнинг тажаллиси бўлиб, бутун олам ўзининг турли шаклларда товланишидан бошқа нарса эмаслиги каби маълум даражада пантеизмга яқин турувчи ғояларни илгари суради. Шоирнинг маснавийлари, асосан, ирфон ва тасаввуф, ҳикмат ва панд-насиҳат, ахлоқий ва маънавий мавзуларга бағишланган. К. девони қўлёзма нусхалари Ҳиндистоннинг Пат (Худобахш кутубхонаси, инв. №470) ва Калкутта (Осиё жамияти қўлёзмалар фонди, инв. №668) шаҳарларида сақланади.

Манбалар

  • Девон, Т., 1993.

Адабиёт

  • Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1993; Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1995.

Ҳабиб Абдуназар.[1]



  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил