Константин Петрович Кауфман (русча: Константи́н Петро́вич Ка́уфман; 1818-1882 Тошкент) —Туркистонни босиб олиш мақсадида Россия уюштирган ҳарбий юришларнинг раҳбари, Туркистон генерал-губернатори (1867—82). Руслашган немис дворяни оиласида туғилган. Россия императори хонадонига яқин оилада тарбияланди. Еттисув казак қўшинларининг атамани, генерал-адъютант (1864), муҳандисгенерал (1874). Халқ ўртасида истеҳзо билан „ярим подшо“ деб аталган. Россия Туркистонни босиб олишга киришгач, Туркистон ўлкасининг 1-генерал-губернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўмондони. Кауфманга Россия императори Александр ИИ жуда катта ваколатлар берган. Кауфман 1868-йил 1 январда Тошкентга келди. Кауфман Россия ҳукмрон доираларининг шовинистик ва босқинчилик сиёсатини Туркистонда изчиллик билан давом эттирди. Бухоро амирлиги (1868) ва Хива хонлиги (1873) ҳудудининг катта қисмини босиб олди, Қўқон хонлигини тугатди (1876). Туркистон ўлкасини бошқариш тартибларини жорий қилиб, ўзи ҳарбий губернаторлар, уезд бошлиқлари ва полиция фаолиятига раҳбарлик қилган. Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги билан мустақил алоқалар ўрнатган. Кауфман Туркистонни мустамлака асоратида сақлашга, уни Россиянинг хом ашё базасига айлантиришга катта хизмат қилган.

Константин Кауфман
русча: Константи́н Петро́вич Ка́уфман

Адабиёт

  • Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1-китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил