Librevil
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Либревил — Габон пойтахти. Мамлакатнинг йирик саноат маркази ва денгиз порти. Эстуарий провинсиясининг маъмурий маркази. Мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида, Габон бухтаси соҳилида жойлашган. Иқлими экваториал иқлим; энг совуқ ой (июл)даги температура 24°, энг иссиқ ой (апрел)да 27°. Йилига ўртача 2648 мм ёғин ёғади. Аҳолиси 362 мингдан зиёд киши (1990-йиллар ўрталари). Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Либревилга 1849-йилда Португалиянинг қуллар ташиладиган кемасидан озод бўлган африкалик қуллар гуруҳи томонидан асос солинган (номи ҳам шундан келиб чиқиб, франсуз тилида „Эркин шаҳар“ деган маънони англатади). 1886—88 йилларда Габон франсуз мустамлакаси губернатори қароргоҳи; 1888—91 йиллар Габон-Конго франсуз мустамлакасининг, 1891 — 1904-йиллар Франсия Конгосининг маъмурий маркази. 1960-йилдан мустақил Габон пойтахти. Тахта тилиш ва ёғочсозлик (фанер ишлаб чиқариш) саноати корхоналари, шунингдек, енгил (тўқимачилик, поябзал, мебел) ва озиқ-овқат (қаҳва, шоли оқлаш, тамаки қайта ишлаш) саноати; электр ва радио жиҳозлари ишлаб чиқарилади, кема верфи бор. Нефт, ёғоч-тахта, фанер, қаҳва, какао экспорт килинади. Шаҳарнинг марказий қисмида Президент саройи, Миллий мажлис, О.Бонго номидаги университет, Радио ва телевидение уйи, савдо муассасалари каби кўплаб замонавий бинолар, Либревил яқинида чуқур сувли Овендо порти қурилган[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Африка географияси ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |