Endoskopik biopsiya
Малабсорбсия синдромида ичак гистограммаси

Малабсорбсия синдроми (сўрилишнинг бузилиши) – бу ингичка ичакда ҳазм жараёни ва сўрилишнинг бузилиши. Касалликда ичак эпителийси сўрғичлари орқали бўшлиқ ва девор олди ҳазмига учрайдиган овқат маҳсулотлари, электролитлар ва витаминларнинг қон ва лимфа суюқликларига транспорти бузилади. Касалликнинг клиник кўриниши сифатида беморда диарея, стеаторея, полигиповитаминоз, вазн йўқотиш, электролитлар мувозанати бузилиши ва анемия кабилар кузатилади[1].

Этиологияси ва патогенези

Келиб чиқишига кўра бирламчи (туғма) ва иккиламчи (орттирилган) малабсорбсия синдроми фарқланади. Бирламчи малабсорбсия синдромига наслий ва туғма ферментопатиялар, иккиламчисига эса ошқозон-ичак тизимининг турли касалликлари сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари касалликнинг келиб чиқишига ингичка ичакнинг нормал микрофлораси бузилиши, яъни дизбактериозлар ҳам сабаб бўлиши мимкин[2].

Гастроэнтерологияда малабсорбсия синдроми оғирлигига кўра 3 та даражаси фарқланади:

1. Енгил даражаси (10 килограммгача вазн йўқотиш, умумий заифлик, ва гиповитаминознинг айрим белгилари);

2. Ўрта даражаси (10 килограммдан ортиқ вазн йўқотиш, оғир полигиповитаминоз, сув ва электролитлар гомеостазининг бузилиши, анемия, жинсий гормонлар секрециясининг пасайиши);

3.Оғир даражаси (тана вазнининг сезиларли даражада етишмаслиги, оғир мултивитаминлар ва электролитлар етишмовчилиги, остеопороз, оғир анемия, шиш, конвулсиялар, жиддий эндокрин касалликлар).

Клиник кўриниши

Малабсорбсия синдромининг 3 хил клиник белгилари фарқланади:


Энтерал диспепсия – қорин шиши ва дам бўлиши, ичакларда истъэмол маҳсулотинг ҳазм бўлиши, сўрилиши ва ҳаракатининг бузилиши оқибатида юзага келади.

Энтерит-копрологик – тез-тез келадиган (кунига 15-20 марта), таркибида ҳазм бўлмаган овқат қолдиқларини сақловчи бўтқасимон, шиллиқли ва газ пуфакчали баъзи ҳолларда бадбўй ҳидли нажас билан намоён бўлади. Кун давомида ажралган нажас миқдори 1,5-2 кгга етиши мумкин. Беморда овқатланишдан сўнг дарҳол ич келиши ҳисси пайдо бўлиши ва бўшангандан сўнг совуқ тер, қўлларнинг қалтираши ва ҳолсизлик кузатилади.

Бевосита малабсорбсия синдроми – бемор вазнининг камайиши (оғир ҳолатларда кахексиягача), умумий ҳолсизлик ва бошқа белгилар билан намоён бўлади. Унинг оқибатида эса полигиповитаминоз, камқонлик, полигландуляр эндокрин етишмовчилиги турли аъзоларда дистрофик ўзгаришлар кузатилади[3].

Бемор текширилганда тери қуруқлиги, тирноқлар синувчанлиги, соч тўкилиши, оғиз четларида ёрилишлар ва бошқа белгилар намоён бўлади. Оғриқ яққол бўлиб, аксарият ҳолларда киндик атрофида жойлашади. Қорин палпация қилинганда ичакнинг турли қисмларида қулдираш эшитилади.

Диагностикаси

Лаборотор диагностикаси. Қоннинг умумий ва биокимёвий таҳлилида анемия, гипоалбуминемия, гипохолестеринемия кузатилади. Аниқ ташхис қўйиш учун ингичка ичак эндоскопия усули ёрдамида текширилади ва шиллиқ қават биопсияси таҳлили ёрдамида аниқланади.

Даволаш

Беморларни даволаш дориларсиз ва дорилар ёрдамида амалга оширилади.

Дориларсиз даволашда шифокор беморга махсус парҳез буюради. Беморга калсий ва калийга бой бўлган маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Таркибида ҳайвон ёғлари бўлган таъомларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Дорилар билан даволашда ҳазм жараёнини яхшиловчи (креон, солизим, панзинорм, фестал ва бошқалар), дисбактерозни мувозанатга келтирувчи (колибактерин, бификол, бифидумбактерин, лактобактерин), шунингдек витаминлар ва бошқа препаратлардан фойдаланилади[2].

Профилактикаси

Ошқозон-ичак тизими касалликларини ўз вақтида ва тўлиқ даволаш, рационал овқатланиш, спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилмаслик ва соғлом турмуш тарзига риоя этиш керак.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ „Малабсорбсия синдроми“. Қаралди: 2024-йил 24-апрел.
  2. ↑ 2,0 2,1 Ички касалликлар пропедифтикаси — 527-528-бет. Қаралди: 2024-йил 30-апрел. 
  3. ↑ Малабсорбсия синдроми — 17-19-бет. Қаралди: 2024-йил 30-апрел. [сайт ишламайди]

Ҳаволалар

Малабсорбсия видео ёутубе