Манзилгоҳ — 1) ибтидоий жамиятда уруғ жамоаларининг вақтинча турар жойи, маскани; 2) серқатнов ва катта йўл устида қурилган, тўхтаб ўтишга мўлжалланган жой, манзил. Манзилгоҳларда йўловчилар ичимлик, озиқ-овқат билан таъминланган, ҳордиқ чиқариш учун махсус хоналарга жойлаштирилган. Баъзи манзилгоҳларда карвонсаройлар, маълум даражада мустаҳкамланган работлар бунёд этилган. Масалан, Тошкент ва Самарқанд оралиғидаги йўл устида бир қанча манзилгоҳлар (Зангиота, Қовунчи ва ҳоказо) мавжуд бўлган. Вақт ўтиши натижасида кейинчалик айрим манзилгоҳлар ўрнида шаҳарлар таркиб топди. Манзилгоҳлар кўчманчи ҳамда ўтроқ халқдар учрашадиган, улар ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқалар ўрнатиладиган жой сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил