Масжид (арабча: مَسْجِد‎‎ — сажда қилинадиган жой) — мусулмонлар жамоа бўлиб, намоз ўқийдиган жой, ибодатхона. Масжидлар, асосан, кундалик беш вақт намоз ўқиш учун мўлжалланган. Жума ва ҳайит намозлари эса жоме масжидларида ўқилади. Биринчи масжидни Мадинада Муҳаммад пайғамбар қурдирган. Масжидлар дастлаб шаҳарларда, кейинчалик қишлоқ ва маҳаллаларда барпо этилган. Масжидларнинг тўрида, Маккага қараган (қибла) томонида меҳроб, ҳовлисида ҳовуз, бир ёки бир неча минора бўлади. Айрим йирик масжидлар меҳробининг ўнг томонида ваъзхонлик учун мўлжалланган минбар, баъзиларида эса Қуръон ўқиладиган махсус жойлар ҳам бўлади. Баъзи масжидлар ҳузурида мактаблар ҳам бўлиб, уларда ўғил болаларга Қуръон ўқиш ўргатилади. Масжидларда жума ва ҳайит намози кунлари имом-хатиблар хутба ўқиб, турли диний масалалар бўйича ваъзхонлик қилади. Ўзбекистонда 2000 га яқин масжид бор (2003). Масжидларда „Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида“ги қонунга амал қилинган ҳолда фаолият юритилади.

Масжидлар ВИИ—ВИИИ асрлардан турли мусулмон мамлакатларнинг маҳаллий меъморлик анъаналарида етакчи ўринни эгаллаб, ўзига хос услубда қурила бошлаган. Асосан мурабба ёки тўғри тўртбурчак тарҳли, марказий қисмида хонақоҳи бўлган, ҳовли атрофи равоқли айвонлардан иборат. 8 қиррали, гумбаз томли ва кўп устунли, галереяли масжидлар тош, ёғоч, ғишт, рангли кошин билан ҳашамдор безатилган (Ал-масжид ал-Ақсо, Ал-масжид ал-Ҳаром, Катта масжид, Ибн Тулун масжиди ва бошқалар).

Марказий Осиё’да дастлабки масжидлар Бухоро арки ичида 713-йилда Қутайба ибн Муслим томонидан маҳаллий оташгоҳ бутхона ўрнида қурилган. Ривоятларга кўра, Самарқанддаги биринчи масжид Ҳазрати Хизр масжиди ўрнида бўлган. Х—ХИ асрлар масжид меъморлигида ганч ўймакорлиги, ғиштни безакли қилиб териш санъати ривож топган (Термиздаги Чор устун масжиди, Деггарон масжиди, Туркманистондаги Шеркабир масжиди ва бошқалар). ХИВ—ХВ асрларда масжид турлари ва тузилиши ўзгариб, у шаҳарнинг энг кўзга кўринган йирик меъморий жамоат бинолари қаторидан ўрин олган. Шаҳар марказларида жоме масжид, жума масжид ва гузар, маҳалла масжидлари кенг тарқалган. Мовароуннаҳр меъморлик мактабида яратилган халқ усталарининг ўзига хос мероси Эрон, Хуросон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Ҳирот меъморлиги билан ўзаро уйғунлашиб кетган. Бу мактаб меъморлигида эришилган барча имконият ва ютуқлар Гавҳаршод бегим меъморий мажмуаси, Бибихоним жоме масжиди, Кўк гумбаз масжиди, Дарбанддаги (Озарбайжондаги) жума масжид (1368), Табриздаги (Эрондаги) Кўк масжид (1405) қурилишида ўз аксини топган.

ХВИ—ХВИИ асрларда масжид қурилишида гумбазлар тузилиши анча мураккаблашди. Пештоқ, равоқ ва минораларнинг турли шакллари яратилди. Безагида муқарнас нақшлар, кошинкори безаклар қўлланди: Озарбайжоннинг Ардабил шаҳридаги шайх Сефи мажмуаси (ХВ—ХВИИ асрлар), Ганжадаги жума масжид (1606), Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги Лутфулло масжиди (1603—1618), Шоҳ масжид (1612—1630), Машҳаддаги Мусалло масжиди (ХВИИ аср охири), Деҳли жоме масжиди, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Боязид масжиди (1505), Шаҳзода масжиди (1548), Сулаймон масжиди (1550—1557), Салим масжиди (1569—1575), Аҳмад масжиди (1609—1617) ва бошқалар. Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларидаги Баланд масжид, Хўжа Зайниддин мажмуаси, Баҳоуддин мажмуаси. Шаҳар ташқарисида намозгоҳлар (Бухоро намозгоҳи, Қарши намозгоҳи), зиёратчилар учун хонақоҳлар (Қосим шайх хонақоҳи, Файзиобод хонақоҳи, Нодир Девонбеги хонақоҳи ва бошқалар) қурилди.

ХВИИИ—ХИХ асрларда Туркиядаги масжид биноларининг ташқи ва ички безакларида Европа меъморлиги таъсири сезила бошлади. Истанбулдаги Нурусмон масжиди (1755) ва бошқалар. Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларида маҳаллий меъморлик мактаблари шаклланди. Халқ усталарининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган наққошлик, ўймакорлик ва ганчкорлик санъати масжид айвонлари, устунлари ва деворлари безагида яққол намоён бўлди (Дўсти Худо масжиди, Қўқон жоме масжиди, Сирли Масжид, Хўжа илғор масжиди, Лутфулло Мавлоно масжиди ва бошқалар).

Ўзбекистонда мустақилликдан кейин анъанавий ва замонавий меъморлик усулларини уйғунлаштирган ҳолда масжидлар қурилмоқда (масалан, Бухорий ёдгорлик мажмуи, Тошкентдаги Носирхон жоме масжиди, Ғазалкентдаги Олимжон жоме масжиди ва бошқалар)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар