Менежмент (инглизча: манагемент) — бошқариш, ташкил этиш) — махсус бошқариш фаолияти; бошқариш тўғрисидаги фан. Менежментнинг ҳолати ишлаб чиқариш самарадорлигига, техника ва технология даражаси ҳамда ишчи кучининг сифатига таъсир кўрсатади. Менежмент фанининг мазмуни бошқарув тизими ва бошқарув объекти орасидаги ўзаро муносабат бўлиб, унинг асосий вазифаси бошқарувнинг замонавий усулларини, раҳбарлик санъати сирларини ўрганишдан иборат. Бошқарув — танлов, қарор қабул қилиш ва унинг бажарилишини назорат этиш жараёнидир. Унинг асосий мақсади бозор муносабатлари шароитида барча бўғинларда ишлай оладиган юқори малакали бошқарувчиларни тайёрлашдан иборат. Менежмент ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-ҳуқуқий, кибернетика ва бошқа фанлар билан алоқадордир. Менежмент даставвал иқтисодий назария фани билан яқиндан боғлиқ. У иқтисодий қонунларни билиб олишга ва уларга мос равишда бошқариш жараёнида иқтисодий усулларни қўллашга, ҳар бир ходимга ва жамоага таъсир кўрсатишга асосланади. Бир қанча иқтисодий фанлар: макроиқтисодиёт, микроиқтисодиёт, статистика, меҳнат иқтисодиёти кабилар ҳам менежмент фани билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистонда менежментнинг назарий асослари ва унинг асосий тамойиллари ХИВ-ХВ асрларда Амир Темур даврида шакллана бошлаган. Буюк саркарда „Темур тузуклари“ асарида давлат, қўшин ва бошқаларни бошқариш санъати тўғрисида ўз қарашларини баён этиб, изоҳлаб берган. Менежмент фанининг назарий асосини бир неча юз йиллар давомида тўпланган амалий тажриба натижалари ташкил этади, уларни назарий жиҳатдан асослаб турли хил консепсиялар, назарий ғоялар, иш принсиплари ва услублари ишлаб чиқилган. Аммо алоҳида фан соҳаси сифатида менежмент ХИХ асрга келиб шакллана бошлади. Бошқариш фанининг асосчиси — америкалик муҳандис ва тадқиқотчи Ф. Тейлор ҳисобланади. Бошқариш тамойилларини Тейлорнинг замондоши франсуз олими Анри Фаёл ишлаб чиқди. Корхонада амалга оширилаётган барча операцияларни у олти гуруҳ (техника, тижорат, молия, мол-мулк ва шахсларни қўриқлаш, ҳисоб-китоб, маъмурий)га бўлиб, бошқаришни 6-гуруҳга киритади. Менежмент ёки бошқаришнинг объекти корхона фаолияти, унинг субъекти эса бошқариш ишини бажарувчи идоралар ва уларнинг ходимларидир. Менежмент билан махсус тайёргарлик кўрган, бошқаришнинг қонун-қоидаларини чуқур биладиган малакали мутахассислар — ёлланма бошқарувчилар — менежерлар шуғулланадилар. Улар аҳолининг алоҳида ижтимоий қатламини ташкил қилади. Менежментнинг юқори (фирма стратегиясини ишлаб чиқиш), ўрта (ишлаб чиқариш, сотиш, нарх белгилаш, меҳнатни ташкил қилиш), қуйи (сех, бўлим доирасида ишни ташкил қилиш, кунлик, ҳафталик, ойлик иш топшириқлари бажарилишини бошқариш) бўғинлари бор. Шунга мувофиқ ҳолда менежерлар олий мартабали, ўрта тоифадаги ва қуйи тоифадаги менежерларга бўлинади.

Айрим тадқиқотлар менежмент кишилардан нафли самаралар олиш санъати, деб ҳисоблайдилар. Мукаммал менежментнинг хос белгилари: фаолиятга, изланишга тарафдорлик; оддий тузилма ва камсонли ходимлар; истеъмолчига яқинлик; унумдорликни таъминлашда инсоннинг ҳал қилувчи ўрни; тадбиркорликни рағбатлантирувчи мустақил идора қилиш ҳуқуқи; асосий фаолият турига бирламчи эътибор; ҳаммадан кўра яхшироқ таниш бўлган соҳага киришиш; эркинлик ва кучли назоратни бирга қўллаш.

Фирмаларнинг менежмент тизими умумий менежмент, функсионал менежмент, молиявий менежмент, маркетинг иши, ходимлар ишини бошқариш, ишлаб чиқариш менежменти, илмий-техника ишларини бошқариш ва бошқаларни ўз ичига олади.

Менежмент назарияси ва амалиёти эволюсияси турли хил қарашларда ўз ифодасини топди. Масалан, ХХ асрнинг 50—60-йилларида асосий эътибор бошқаришнинг ташкилий тузилишига қаратилган бўлса, 60—70-йилларда стратегик режалаштиришдан стратегик бошқаришга ўтиш даври бўлди.

ХХ асрнинг ўрталарига келиб менежмент Ўзбекистонда тез суръатлар билан ривожланди. 1966-йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Кибернетика институтининг ташкил қилиниши, академик В. К. Қобулов бошчилигида олиб борилган назарий, услубий, амалий илмий тадқиқот ишлари республикада менежмент фанининг ривожланишига асос бўлди. Менежмент соҳасида биринчи тадқиқотлар синфий мактаблар томонидан амалга оширилган. Биринчи менежерларни асосан ишлаб чиқариш (техник ёндашув) масалалари ташвишга солган. Улар ўз фаолиятларини ишчиларни мослаш масалаларига қаратганлар. Бу мақсадлар учун иш жойи дизайни ишлаб чиқилган. Турли операцияларга иш вақти ўрганилган ва ҳоказо. Ўша даврнинг кўпчилик тадқиқотчилари менежмент бу санъат деб тасаввур қилган. Менежментни бундай тушунишнинг сабаби ҳамма ходимлар ҳам ўз ўлчовлари бўйича раҳбарлик лавозимига тўғри келмаслигидир.

ХХ аср охири ХХИ аср бошларида менежмент Ўзбекистонда махсус фан сифатида олий ўқув юртларида ўқитила бошлади, менежментга доир тадқиқотлар йўлга қўйилди, дарсликлар ёзилди.

Адабиётлар

  • Ғуломов С. С, Абдуллаев Ё., Менежмент, Т., 2002[1].

Манбалар

  1. ↑ Садир Салимое, Дилфуза Раҳимова. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил