Муҳаммаджон Долимжонович Обидов — таниқли ўзбек журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонига сазовор бўлган[1].

Муҳаммаджон Обидов
Таваллуди 1951-йил
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР → Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Таълими Тошкент давлат университети
Касби журналист, ёзувчи
Фаолият йиллари 1972-йилдан ҳозиргача
Турмуш ўртоғи Фотимахон Обидова
Мукофотлари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Олтин қалам Миллий мукофоти

Болалиги ва таълим

Муҳаммаджон Обидов 1951-йилда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида колхоз табелчиси оиласида дунёга келади. Отаси Долимжон Обидов Охунбобоев туманидаги Фрунзе колхозида табелчи ва ҳисобчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик 1956-йилдан бошлаб савдо билан шуғилланган. Онаси Салимахон Обидова уй бекаси бўлган.

1968-йилда Марғилондаги 14-мактабни тугатган Муҳаммаджон Тошкент давлат университетининг журналистика факултетига ўқишга киради ва 1973-йилда университетни тугатади.

Фаолияти

1972-йилдан бошлаб, бали талабалик чоғидаёқ Тошкент телевидениесининг „Ёшлик“ студиясида муҳаррир бўлиб ишлаган Муҳаммаджон Обидов кейинчалик „Ёш Ленинчи“, „Совет Ўзбекистони“ газеталари, „Ўқитувчи“ нашриётларида мухбирлик ва муҳаррирлик қилган.

1990-йилда телевиденияда фаолиятини давом эттириб, Ахборот дастурида муҳаррирлик ва мухбирлик қилган.

2000—2004-йилларда Олий Мажлис депутати бўлган.

2005-йилдан ҳозиргача Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

2005—2009-йилларда Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши депутати.

2008-йилдан бошлаб ўриндошлик асосида „Ўзбекистон овози“ газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири бўлиб ишламоқда.

У, шунингдек, Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби бўлиб ҳам ишлаган. 2020-йилда жамоатчилик томонидан қилинган танқидларидан сўнг вазифасини тарк этган ва „Фарғона ҳақиқати“ газетасининг бош муҳаррири этиб тайинланган[2].

Муҳаммаджон Обидов 1975-йилда 2 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унга Ўзбекистон ССР Жиноят Кодексининг 15-, 175-моддаларига кўра олиб-сотарлик билан шуғилланганлик айби қўйилган[1].

Танқидлар

2020-йилда унинг фаолияти жамоатчиликнинг танқидларига дуч келди. Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби сифатида Фарғона вилояти телерадиокомпаниясида шартнома асосида ишлайдиган Усмонжон Қодиров билан боғлиқ муаммоли вазиятда[3] ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кўпчиликнинг танқидларига сабаб бўлган совуқ кунда ҳоким ва бир қанча мансабдор шахсларни кутиб олиш учун ёзги кийимда кўчага чиққан қизнинг расми ортидан лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, журналист Шарифа Мадраҳимованинг қўлга олиниши ва Фаcебоокда бу вазиятни баён этиши ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Муҳаммаджон Обидовни журналистни ҳимоя қилмаганликда айблади[4]. М. Обидов эса унга қилинаётган айбловлар „ғирт ёлғон ва туҳматдан иборатлигини“ такидлайди[5].

Оиласи

Муҳаммаджон Обидов оилали. Турмуш ўртоғи Фотимахон Обидова ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган. Уларнинг тўрт нафар фарзандлари бор[1].

Журналистикага оид китоблари

Манбалар