Муқаддасий, Мақдисий (тўлиқ исм-шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абубакр ал-Муқаддасий) (946/947, Қуддус - тахминан 1000) — араб географи, сайёҳ. Мусулмон Шарқ-ининг деярли барча мамлакатларида бўлган. М. ўзининг шахсий кузатишлари ва ўзидан олдинги салафларининг асарларини ижодий ўрганиши натижасида ўзининг "Аҳсан аттақосим фи маърифат алақолим" ("Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма") асарини ёзган. Асарнинг иккита тахрири мавжуд. Биринчи таҳрир (986 йил) Сомонийларга, кейингиси (989 йил) Фотимийларга бағишланган. Асар муқаддима ва 2 қисмдан иборат. 14 та бобида Араб халифалигига кирувчи вилоят (ёки регион)ларнинг географик ҳолати, табиий шароитлари, йирик шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари, аҳолиси, хўжалиги, карвон йўллари, урфодатлари, солиқ ва жарима турлари, ҳар бир мамлакатнинг машҳур кишиларигадоир аниқ маълумотлар берилган.

Асарнинг кейинги бобларида ажам мамлакатлари (Хуросон, Сейистон, Мовароуннаҳр) тавсифланган. "Аҳсан аттақосим" Ўрта аср Шарқ мамлакатлари, жумладан, Ўрта Осиё ҳамда Закавказе халқларининг ижтимоий-иқтисодий, тарихий ҳамда маданий ҳаётига оид аниқ маълумотлар келтирилганлиги билан бошқа географик асарлардан фарқ қилади ва шу мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий тарихини ўрганишда муҳим манбадир. Асарнинг немисча матни 1877-йил де Гуе томонидан Лейденда нашр этилган. 1906 ва 1967-йилларда асар қайта нашр қилинган.

Адабиёт

  • Крачковский И.Ю., Изб. соч., т.4, М.—Л., 1957; Древние и средневековиэ источники по этнографии и истории народов Африки южнее Саҳари: [т.2] — Арабские источники Х—ХИИ веков, М. —Л., 1965; Б. Аҳмедов, Ўзбекистон тарихи манбалари, Т., 2001.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил