Мураббо — ҳўл мева, резаворлар ҳамда шакардан тайёрланадиган ширинлик. Ишлатиладиган мева турларига қараб беҳи М., анжир М., нок М., олма М., узум М., олхўри М., олча М., қулупнай М., қовун М., сабзи М. ва бошқа турлари бор. Беҳи М. — беҳи 4 га бўлиниб, уруғи олиб ташланади, сўнгра эни 0,5 см келадиган тилимчалар кесилади ва крзонига солиб устидан кўмиб турадиган қилиб сув қуйилади, бир қайнаб чиққач, човли билан сузиб олинади, шарбати сузгичдан ўтказилади. Қозонга шакар солиб устидан беҳи шарбати қуйилади (1,2 кг шакарга 0,5 л шарбат) ва киём кайнатилади. Қайнаб турган қиёмга сузиб олинган беҳи солинади. М. 5—6 мин. қайнагач, олови пасайтирилади ва қиём қизил тусга киргунига қадар пишириш давом эттирилади. 1 кг беҳига 1,2 кг шакар керак. Олхўри М. — яхши пишган олхўрининг бандларини олиб ташлаб, иссиқ сувга 5—6 мин. солиб қўйилади. Сўнгра олхўрининг бир неча ери тешилади (баъзан пичок, билан ўртасидан тилинади). Қиём алоҳида тайёрланади. Иссиқ қиёмни олхўри устидан қуйиб, 15—20 соат олиб қўйилади. Учинчи марта қиём мева билан бирга қайнатилади. 1 кг олхўрига 1,2 кг шакар, 0,5 л сув, тайёр М.га қўшиш учун 10—15 томчи олхўри эссенсияси керак.

М. пишириш учун қиёмнинг сифати катта аҳамиятга эга. М. батамом пишган бўлса, мева идиш юзасида қалқимасдан қиём ичида бир текис тарқалади, қиём эса тиниқ тусга киради, сифатли қиём томчиси совуқ сувга томизиб кўрилганда дарров эриб кетмайди. М. таъми ва рангини яхшилаш учун мевалар эссенсияси, лимон кислотаси, ванилин, заъфарон ва бошқа солинади.

Адабиёт

  • М аҳмудов. К., Ўзбек тансик, таомлари, Т., 1989.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил