Мухторжон Йўлдошевич Саиджонов (1893, Бухоро 1937-йил 25-октябр, Тошкент) — Бухорода жадидчилик ҳаракатининг намояндаси, сиёсат ва жамоат арбоби. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Ёш бухороликлар партияси МК аъзоси (1917-йилдан). Колесов воқеасидан сўнг, Ёш бухороликлардан ажралиб чиққан. БХСР ички ишлар нозири (1920-йил сентабр — 1921-йил май; 1922-йил март 1923-йил август), давлат назорати нозири (1920-йил ноябр 1921-йил май), БХСРнинг РСФСР ҳукумати ҳузуридаги махсус вакили (1921-йил май — 1922-йил март), БХСР МИК масъул котиби (1923-йил август — 1924-йил октабр). „Миллий иттиҳод“ ташкилотининг Бухоро шўъбасида фаолият кўрсатган (1920—1922). Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, Зарафшон округ ижроия қўмитаси раиси (1925). „Ўн саккизлар гуруҳи“нинг фаол иштирокчиси сифатида ВКП (б) МК Ўрта Осиё бюросининг Ўзбекистондаги фаолиятини кескин қоралаганлиги учун 1925-йил охирида лавозимидан олиб ташланди. Кейинчалик „Ўзбеккино“ трести бошқарувчиси (1936-йилгача). Собиқ совет режими томонидан қамоққа олиниб (1937-йил 20 март), акаси Мусожон Саиджонов ва бухоролик бошқа миллий раҳбарлар билан биргаликда (жами 17 киши) отиб ташланган. 1965-йил 2 декабрда оқланган.

Мухторжон Саиджонов

Адабиёт

  • Хўжаев Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1997; Эргашев Б. Х., Идеология националноосвободителного движения в Буҳарском эмирате, Т., 1991; Ражабов К,., Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш, Т., 2002[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил