Nadr Muhammad
Надр (Нодир) Муҳаммадхон ибн Дин Муҳаммад (1593–1651) — Аштархонийлар ўзбек сулоласидан бўлган ҳукмдор. Балх хони (1606–1642; 1645–1651) ва Бухоро хонлиги ҳукмдори (1642—1645).
| Надр Муҳаммад | |
|---|---|
|
Надр Муҳаммад ва Аббос ИИ. Исфаҳон шаҳридаги Чиҳилустун саройи қабулхонасидаги расмлардан бири. | |
|
Мансаб даври 1642-йил – 1645-йил | |
| Ўтмишдоши | Имомқулихон |
| Вориси | Абдулазизхон |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1594-йил Бухоро хонлиги |
| Вафоти |
1651-йил Симнон |
| Ўлим сабаби | Сафарда ўлган |
| Фуқаролиги | Бухоро хонлиги |
| Болалари | 12 |
| Ота-онаси |
|
| Дафн этилган жойи | Бақия қабристони, Мадина |
Келиб чиқиши
Аштархонийлар сулоласининг вакилларидан бири Надр Муҳаммадхон 1593-йилда таваллуд топган[1]. Отаси Дин Муҳаммад, онаси Шаҳрибону бегим[2]. Абдусаттор Жуманазаров тадқиқотларига кўра, Надр Муҳаммадхоннинг шажараси қуйидаги келтирилган: „Надр Муҳаммадхон ибн Дин Муҳаммадхон ибн Жонибек султон ибн Ёрмуҳаммадхон ибн Манғишлоқ ибн Чавоқ ибн Муҳаммадхон ибн Темур султон ибн Темур Қутлуғ ибн Али Темур ибн Қутлуғ Темур ибн Тумаған ибн Абай ибн Ўзтемур ибн Тўқай Темур ибн Жўжихон ибн Чингизхон[1]“. Надр Муҳаммаднинг она томондан келиб чиқиши саййидларга бориб тақалиб, манбаларда қуйидагича шажараси келтирилган: „Надр Муҳаммад ибн Шамсиябону бинти Мирзо Саййид Бадиуззамон ибн Мирзо Муҳаммад Амин Машҳадий ибн Мирзо Муҳаммад Сафар ибн Мирзо Муҳаммад Муҳсин ибн Мирзо Али Ризо ибн Мирзо Муҳаммад Тақи ибн Мирзо Саййид Абу Солиҳ ибн Мир Саййид Муҳаммад Му’ин ибн Мирзо Ҳидоятуллоҳ ибн Мир Саййид Нуриддин Муҳаммад ибн Мир Жалолиддин Муҳаммад ибн Мир Саййид Абу Муҳаммад ибн Имом Муҳаммад Аскарий ибн Имом Али Нақи ибн Имом Муҳаммад Тақи ибн Имом Мусо Али Ризо ибн Имом Муҳаммад Козим ибн Имом Муҳаммад Жаъфар Содиқ ибн Имом Муҳаммад Боқир ибн Имом Зайнулобидин ибн Имом Муҳаммад Ҳусайн ибн амир ал-мўминин Али ибн Абу Толиб[3]“.
Бухоро хонлиги ҳукмдори Имомқулихон (1611—1642) ўз ҳукмронлигининг охирига келиб кўр бўлиб қолади ва укаси Надр Муҳаммад (1642—1645) фойдасига тахтдан воз кечишга қарор қилди. Икки тантанали тахтга чиқиш маросими ўтказилди: биттаси Самарқандда, кейин Бухорода. Надр Муҳаммад тахтга ўтиришдан олдин Балх хони бўлган (1606—1642).
Сиёсий тарқоқлиг
Надр Муҳаммадхоннинг 12 ўғли бўлган. Манбаларда ўғилларидан Абдулазиз Султон, Оллоҳқули Султон, Баҳром Султон, Абдулғани Султон, Абдураҳмон Султон, Абулқосим Султонларнинг номлари учрайди. Қизларидан фақат Шамсиябону номи тилга олинган. Надр Муҳаммад тахтга ўтиргандан сўнг Имомқулихон даврида оталиқ мансабида бўлган қудратли амирлардан Ялангтўш Баҳодирни лавозимидан четлатиб, Абдураҳмон девонбегини бу лавозимга тасдиқлайди. Натижада Ялангтўш хоннинг ўғли Абдулазизни қўллаб-қувватлайди. Надр Муҳаммадхон даврида мамлакатда ички низолар кучайиб, ҳатто фарзандлари (12 та ўғли) ҳам унга бўйсунмай қўйган. Бунга унинг ўта такаббурлиги, мол-мулкка ўчлиги, қайсарлиги сабаб бўлган. Бу эса аҳолининг умумий норозилигини келтириб чиқарган. Бундан ташқари, шимолдан кўчманчилар мамлакат ҳудудига ҳужум қилиб уни талон-торож этмоқда эдилар. Надр Муҳаммадхон уларга қарши ўғли Абдулазизни юборади. Бироқ Надр Муҳаммадхондан норози амирлар ҳарбий сафар чоғида Абдулазизни хон деб эълон қиладилар. Бундан хабар топган Надр Муҳаммадхон Балхга кетишга мажбур бўлган ва бобурийлардан Шоҳ Жаҳондан ёрдам беришни сўраган. Шоҳ Жаҳон икки ўғлини (Муродбахш ва Аврангзеб) катта қўшин билан Балхга жўнатиб, уларга вилоятни босиб олишни топширади. Бобурийларнинг ниятидан воқиф бўлган Надр Муҳаммадхон уларга қарши чиқиб, Маймана йўлида жангда енгилади ва Эронга шоҳ Аббос ИИ (1642—1667) паноҳига қочади ва у ерда 2,5 йилча қолиб кетади. Бобурийлар Балх вилоятини 2 йил ғорат қилишган. Муттасил жанглар, мамлакатдаги очарчилик, қаттиқ қиш ҳиндистонлик аскарларга салбий таъсир қилган. Шоҳ Жаҳон аскарларини Ҳиндистонга чақириб олишга мажбур бўлади. Балхни эса Эрондан таклиф этилган Надр Муҳаммадхонга топширади. Бу Надр Муҳаммадхоннинг ўғилларини яна ташвишга солиб, уларни бирлашишга мажбур қилган. Абдулазизхон укаси Субҳонқулини Балхга ноиб этиб тайинлайди (1651).
Вафоти
Надр Муҳаммадни тахтдан ағдариш режаси пухта ишлаб чиқилган. Унга кўра, дастлаб қозоқлар Хўжандга ҳужум қилиб, халқини талади деган иғво тарқатилади. Қозоқларни қайтаришга жўнатилган Абдулазиз хон деб эълон қилинади. Отасининг Қарши шаҳрида овда эканлигидан фойдаланган Абдулазизхон Амударёдан ўтиб, Балхга юриш қилади. Надр Муҳаммад унга қаршилик қилиш қилиш мақсадида бобурий шаҳзодалардан ёрдам сўрайди. Лекин вазият уни фойдасига ўзгармагандан сўнг, Надр Муҳаммадхон тахтдан воз кечиб Маккага, ҳаж сафарига кетишга мажбур бўлади. Аммо ҳаж сафарини адо этиш унга насиб қилмайди, сафар вақтида 1651-йили Симнонда вафот этади. Жасади Мадина шаҳрига олиб борилиб, Бақия қабристонига, акаси Имомқулихон қабри ёнига дафн этилган. Муҳаммад Юсуф Муншийнинг ёзишича, Надр Муҳаммадхоннинг юк ортилган 600 туяси, 8000 ажойиб тулпор отлари, 80 минг қоракўл қўйи бўлган. Надр Муҳаммадхоннинг хазинасида фаранги бархат матоларга тўла бир неча сандиқлар сақланган. Махмуд ибн Вали Надр Муҳаммадхон фармони билан машҳур асари — „Баҳр ул-асрор“ни („Сирлар денгизи“ни) ёзган[4].
Ташқи сиёсати
Надр Муҳаммад даврида қўшни мамлакатлар билан дипломатик муносабатлар олиб борилган. У асосан Туркия, Эрон ва Ҳиндистон, Россия мамлакатларга элчилар юборган.
Усмонлилар империяси билан дипломатик алоқалари
Надр Муҳаммадхон 1648-йилда элчи Абдуманнонни Истанбулга хат билан жўнатади. Мазкур мактубда Надр Муҳаммадхон Бухоро хонлигидаги тартибсизликларни, мўғуллар босқини ва ўғли Абдулазизхон билан ички низолар ҳақида ёзган. 1649-йил 30-мартда яна бухоролик элчилар Истамбулга борган. Бухоро элчиси Усмонли султон Меҳмед ИВ (1648—1687) саройига қимматбаҳо совғалар жумладан, қимматбаҳо тошлар билан безатилган қилич ва ханжар, 5 та қимматбаҳо қадаҳ, 27 тирсак нақшли олтин мато, 10 та ажойиб от, олтин билан безатилган эгар ва бошқа совғаларни ҳадя этади. Меҳмед ИВ элчилар Бухоро хони Надр Муҳаммадхонга 14 кун давомида хатлар юборади. Усмонли давлати султони Ҳиндистон ҳукмдори Шоҳ Жаҳонга ва Эрон шоҳи Аббосга низоларга чек қўйиш ва Абдулазизхон ўрнига Надр Муҳаммадхонни тахтга ўтказиш ҳақида мактублар юборади[5]. 1651-йил Абдулазизхон отасидан Балхни тортиб олган ва шу йилда Надр Муҳаммадхон Эрондаги Симнон шаҳрида вафот этган[6].
Россия билан дипломатик муносабатлар
Надр Муҳаммадхон 1639-йилда Хўжа Иброҳим исмли элчини Ёйиқ чўллари орқали Астраханга юборган. Элчи ўзи билан биргаликда Надр Муҳаммадхоннинг 3 та ёрлиғи ва қимматбаҳо совғаларни олиб келаётганида қалмиқлар томонидан ҳужум қилинган ва таланган. Ўзи эса Астраханга қочиб келган ва у ердан қайтиб Бухоро хонидан янги ишонч хати олиш мақсадида қайтган. Бухоролик Қозихон 1640-йилда 200 кишилик мулозимлари 100 туяда мол билан Тоболскка борган. Бу элчилик дабдабали бўлиб, хоннинг совғаларини 37 киши кўтарган[7]. Надр Муҳаммадхон даврида Россия билан дипломатик ва савдо алоқалари сақланиб қолди. 1642-йилда Михаил Федорович Бухорога Горохов ва Грибов бошчилигидаги элчихонасини юборган. 1644-йилда Надр Муҳаммадхон Москвага Қози Ноғай элчисини юборган.
Маданият соҳасидаги сиёсати
Надр Муҳаммадхоннинг хонлик даври акаси Имомқулихон даврига нисбатан эътироф этилмаган бўлса-да, лекин у ҳам Бухоро хонлиги ободончилиги йўлида бир қанча ишларни амалга оширган. Жумладан, Надр Муҳаммад ташаббуси билан Балх шаҳрида мадраса барпо қурилган, шаҳар атрофида чорбоғлар, Балх аркида иморатлар барпо этган. Ҳазрати Али мозори устида гумбаз қурдирган[8].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Жуманазар 2017, с. 146.
- ↑ Замонов 2021, с. 52.
- ↑ Жуманазар 2017, с. 147.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Васильев 2014, с. 93.
- ↑ Ўзбек давлатчилиги тарихи 2000, с. 266.
- ↑ Жуковский 2022, с. 29.
- ↑ А.Замонов. Бухоро хонлиги тарихи. Тошкент 2021 — 202-бет. ИСБН 978-9943-6372-0-7.
Адабиётлар
Илмий адабиётлар
- Замонов А, Субҳонов Ф. Бухоро хонлигининг аштархоний ҳукмдорлари. Тошкент: Баёз, 2021 — 136-бет.
- Васильев А. Знамя и меч от падишаха. Политические и культурные контакты ханств Центральной Азии и Османской империи (середина ХВИ—начало ХХ вв.), Москва, 2014 — 353-бет.
- Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. Тошкент: Шарқ, 2000 — 368-бет.
- Жуковский С.В. Бухоро ва Хива хонликлари билан уч юз йилликдаги муносабатлари. Таржима ва изоҳлар муаллифлари: Ҳамроев А., Рахмонова М.. Бухоро: “Дурдона”, 2022 — 152-бет.
- Жуманазар А.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.
- История Узбекской ССР. Том 1. Отвецтвеннйй редактор ЙА. Г. Гулямов. Ташкент, 1967.
- История Узбекистана. Т.3. Т.,1993.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
