Новая земля — Шим. Муз океанидаги архипелаг. Баренс ва Караденгизлари орасида, РФ Архангелск вилояти таркибида. Маточкин Шар бўғози (эни 2–3 км) ажратиб турадиган 2 катта орол — Шимолий ва Жанубий ороллардан ва бир канча майда ороллардан таркиб топган. Жанубий-ғарбдан шимолий-шарққа тахминан 1000 км чўзилган. Майдони 83 минг км² дан зиёд. Н.З. Урал-Пайхой бурмали областининг шим. давоми ҳисобланади. Палеозой даврининг ётқизиқларидан таркиб топган. Музлик, делювий, денгиз, торф-ботқоқ ётқизиқлари кенг тарқалган. Энг баланд жойи 1547 м. Ҳамма жойда кўп йиллик тўнгиб ётган музлоқ ерлар бор. Иқлими денгиз арк-тика иқлими, совуқ. Қиши узоқ ва совуқ (—40° гача), кучли шамол (тезлиги 40–50 м/сек) ва бўронлар бўлади. Авг.нинг ўртача температураси шим.да 2,5°дан жан.да 6,5°гача. Йилига 300–600 мм ёғин тушади. Музнинг қалинлиги 300 м дан ортиқ. Оролларнинг бир қисми тундра зонасида. Кўп жойлар ботқоқ. Йўсинлишайник ўсади. Сут эмизувчилардан қутб тулкиси, лемминг, шимол буғуси, оқ айиқ; денгизларда нерпа, денгиз қуёни, Гренландия тюлени, морж, белуха, треска, селд бор. Езда қушлар учиб келади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил