Oʻrta maxsus kasb-hunar taʼlimi
Ўрта махсус касб-ҳунар таълими — Ўзбекистон Республикасида узлуксиз таълим тизимидаги таълим турларидан бири. Ўзбекистон Республикасининг 1997-йил 29 августда қабул қилинган „Таълим тўғрисида“ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, умумий ўрта таълим негизига асосланади. Мажбурий таълим ҳисобланган Ўрта махсус, к.ҳ.т табақалаштирилган асосда ва шахс имкониятларини ҳисобга олган ҳолда қурилади ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежида амалга оширилади. Ўрта махсус, к.ҳ.т. ўқувчилар томонидан умумий ўрта таълим мактаби олинган ва ўрта махсус ўқув юртлари олинадиган умумий таълим ҳамда назарий ва амалий билим, ихтисослиги бўйича профессионал малака ва кўникмалардан вужудга келади. Ўзбекистонда Ўрта махсус, к.ҳ.т. иқтисодиёт ва режалаштириш, ҳуқуқ ва ҳужжатлаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гидрология ва метеорология, фойдали қазилма конлари геологияси ва разведкаси, фойдали қазилма бойликларини қазиб олиш, энергетика, металлургия, машинасозлик ва металлсозлик, авиация техникаси, автомобил ва тракторлар, энергетика машинасозлиги, машина ва жиҳозларни ишлатиш, таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, электротехника, приборсозлик ва приборлардан фойдаланиш, электрон техника, автоматика ва автоматлаштириш воситаларидан фойдаланиш, ҳисоблаш техникаси ва автоматлаштириш тизимлари, радиотехника ва алоқа, транспортдан фойдаланиш, кимё технологияси, ёғоч тайёрлаш ва уни қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари технологияси, кенг истеъмол моллари технологияси, меъморлик ва қурилиш, геодезия ва харитаграфия, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, товаршунослик, савдо ва умумий овқатланишни ташкил этиш ҳамда хизмат кўрсатиш, метрология, стандартлаштириш ва сифат назорати ихтисосликлари бўйича амалга оширилади. Ўрта махсус, к.ҳ.т. тизимида ўқув юртларининг асосий типлари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидир. Ҳар бир ихтисослик учун ўқув фанининг муайян мажмуаси ва ҳажми белгиланган. Бу фанларни ўрганишда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти кенг қўлланади. Ўқув фанлари мажмуаси ва ҳажми, ҳар бир ихтисослик учун муайян фанни ўқитиш муддати ўқув режаси билан белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўрта махсус, к.ҳ.т.нинг барча тизими учун тасдиқланади. Ўрта махсус, к.ҳ.т. тизимида ўқиш муддати 3 йил Ўқув жараёнининг асосий ташкилий шакли дарс, лексия, лаб. машғулотлари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари, рефератлар тайёрлашдир. Ўқув режаси бўйича бутун ўқиш давомида назарий ва амалий машғулотлар қўшиб олиб борилади. Ўқув йили давомида ўқувчилар билими семестр ҳамда ўқув йилидан сўнг бўладиган синов ва имтиҳонларда текширилади. 2004/05 ўқув йили Ўрта махсус, к.ҳ.т. тизимида 51518 ўқитувчи, жумладан, 87 фан доктори ва профессор, 813 фан номзоди ва доцент ишлади. Ўрта махсус, к.ҳ.т. тизимини ташкил этиш ва ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998-йил 24-февралдаги „Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини бошқариш тўғрисида“ги, 2003-йил 29-октабр даги „Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига изчил ўтишни таъминлашга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида“ги қарорлари катта аҳамиятга эга бўлди. Ўрта махсус, к.ҳ.т.нинг сифатли таълим ва касб-ҳунар дастурларини яратиш, илғор илмий ва услубий ютуқлар асосида сифатли кадрлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш институти ташкил этилган (1998)[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Сиёсатга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |