Ўзбекистон миллий энсиклопедияси
|
Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг логоси | |
| Тил | ўзбекча |
|---|---|
| Жанр(лар)и | энсиклопедия |
| Нашриёт | Ўзбекистон миллий энсиклопедияси давлат илмий нашриёти |
| Ўзбек тилида нашр этилган санаси | 2000–2005 |
| Саҳифалар сони | 23469 |
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси — Ўзбекистон Республикасида чиқарилган 12 жилдли универсал миллий энсиклопедия. Энсиклопедия кирилл ёзувида ёзилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти томонидан нашр этилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси даги аксар мақолалар Совет даврида чоп этилган 14 жилдли Ўзбек совет энсиклопедиясидан олинган.
Энсиклопедиянинг барча 12 жилди 2000–2006-йилларда нашр қилинган. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида Ўзбекистон Республикаси ҳақидаги материаллар билан бирга умумбашарий маълумотлар ҳам берилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг 1–11-жилдларида умумий ҳажми 1600 нашриёт-ҳисоб табоғини ташкил этган қарийб 50 минг мақола берилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ҳар бир жилдида 800–1200 атрофида рангли ва оқ-қора суратлар, хариталар ўрин олган. Энсиклопедияни тайёрлашда беш мингга яқин муаллиф ва тақризчилар қатнашган. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг 12-жилди мақолалари фақат Ўзбекистонга тегишлидир.
Тарихи
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти томонидан нашр этилган. 1996-йил 4-сентабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси „Ўзбекистон Республикаси Қомусини нашр этиш тўғрисида“ қарор қабул қилган[1]. Шу қарор асосида универсал энсиклопедиянинг соҳа сўзликларини тузишга киришиб, мезонлар ишлаб чиқилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 20-мартда „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриётини ташкил этиш тўғрисида“ 154-қарори қабул қилингач, бу ишни амалга оширишга киришилган[1]. Қарорда 12 жилдли универсал Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг илмий-назарий ва ғоявий-сиёсий йўналиши белгилаб берилган. Шу қарор асосида Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти тузилган.
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг мазмун ва мундарижасини белгилашда жаҳон қомусчилиги анъаналаридан ва мамлакатда орттирилган ижобий тажрибаларидан фойдаланилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси мақсади ва вазифалари унинг 1-жилди муқаддимасида баён қилинган.
Қамрови
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида Ўзбекистон Республикаси ҳақидаги материаллар билан бирга умумбашарий маълумотлар ҳам берилган. Энсиклопедиядаги мақолаларнинг 60 фоизи ижтимоий, қолган 40 фоизи эса табиий фанлар бўйичадир.[1] Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида кўпгина замонлар ва халқларга мансуб машҳур шахслар, кашфиётчилар, сайёҳлар, фан, техника, адабиёт ва санъат намоёндалари, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари тўғрисида мақолалар кирган. Бу борада тегишли мезон ишлаб чиқилган.
Бош таҳрир ҳайъати
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг асосий илмий таянчи — Бош таҳрир ҳай’атидир[1]. Унинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 20-мартда „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриётини ташкил этиш тўғрисида“ги 154-қарори билан тасдиқланган. Бундан ташқари фан соҳалари бўйича 160 дан кўпроқ кишини бирлаштирган 23 та илмий-маслаҳат кенгаши ҳам тузилган. Уларнинг рўйхати ҳар бир жилд сарварағи ва унинг орқасида бериб борилган. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси 12 жилдини тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Бош таҳрир ҳай’атининг 20 мартадан зиёд кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган.
Жилдлари
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг 1-жилди 2000-йил 30-декабрда нашрдан чиқди[2]. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси 1-жилди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ўқувчилари“га йўллаган табриги билан бошланган. Энсиклопедиянинг умумалифбо ҳарфидаги сўнгги 11-жилдининг нашри 2005-йилда якунланди. Энсиклопедия ҳозирги „Ўзбекистон“ нашриёт-матбаа ижодий уйида босилган.
Энсиклопедияни тайёрлашда беш мингга яқин муаллиф ва тақризчилар қатнашган. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг 1–11-жилдларида умумий ҳажми 1600 нашриёт-ҳисоб табоғини ташкил этган қарийб 50 минг мақола берилган[3].Бунинг 40 фоиздан зиёди (20 мингдан ортиғи) Ўзбекистон мавзусига бағишланган.[1] Умумбашарий мақолаларнинг ҳам анчагина қисми Ўзбекистон билан узвий боғлиқ ҳолда ёритилган.
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси 1–11-жилдларида фақат адабиёт соҳасидан 56,124 муаллиф табоғида 1538 та мақола (12-жилдда бу соҳадан 10,3 муаллиф табоғидаги ҳажмда) мақола ўрин олган. Тилшунослик соҳасидан 22,162 муаллиф табоғи ҳажмида 538 та мақола, маданият ва санъат соҳасидан 94,19 муаллиф табоғида 4000 дан зиёд мақола берилган[1].
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ҳар бир жилдида 125-130 нашриёт-ҳисоб табоғида материал берилган. Бундан ташқари 800–1200 атрофида безаклар: рангли ва оқ-қора суратлар, хариталар ўрин олган[3]. Ҳар бир жилдни тайёрлашда 800 дан зиёд муаллифлар, тақризчилар қатнашган.
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг 12-жилди мақолалари фақат Ўзбекистон ҳақидадир. 12-жилдига киритилган мақолалар, олдинги жилдлардаги каби алифбо тартибида эмас, муайян мавзу бўйича жойлаштирилган. Китоб шартли равишда 17 бўлимга бўлинган. Ҳар бир бўлим ўзининг моҳиятидан келиб чиқиб бобларга, улар эса бандларга ажратилган. Шу тарзда энсиклопедия бўлимларидан муайян мавзуни очиб берадиган, бир тизимга солинган батафсил ахборотлар берилган. Бу жилдда мамлакат тарихи мустақиллик йилларида қабул қилинган даврлаштириш асосида энг қадимги даврлардан то ҳозирги кунгача хронологик тарзда изчил ёритилган. Энсиклопедия саҳифаларидаги мақолаларда мамлакатнинг бугунги кундаги ҳаёти, ўзбекларнинг бунёдкорлик меҳнати ва ютуқлари ҳақида маълумот берилган. Ушбу жилдда тегишли мақолаларга монанд 800 дан зиёд рангли, оқ-қора сурат, харита ва бошқа безаклар бор.
Асосий жилдлар чоп этиб бўлинганидан кейин 2006-йил энсиклопедияга киритилмай қолган мавзулар ва нашр даврида рўй берган ўзгаришларни ўз ичига олган қўшимча жилд чжоп этилди:
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (ЎзМЕ)ни нашр этиш даврида (2000–2005) рўй берган айрим ўзгаришлар: Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари, санъат арбоблари, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчилари, халқ шоирлари, халқ рассомлари, халқ усталари, Ўзбекистон Республикаси халқ артистлари, халқ ҳофизлари, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчилари, „Ўзбекистон ифтихори“ унвонига сазовор бўлган машҳур спортчилар ва бошқа шахслар, шунингдек, маъмурий-ҳудудий бирликлар, айрим тушунчалар ва шаҳри к. ҳақида қўшимча мақолалар берилди. Мезон бўйича берилиши керак бўлган, лекин муайян сабабларга кўра ЎзМЕ жилдларига кирмай қолган айрим шахслар, турли тушунчалар ҳақидаги мақолалар ҳам ушбу қисмдан ўрин олди.[4]
Қарши олиниши
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси нашрдан чиқа бошлаганидан кейин „Халқ сўзи“, „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“, „Ўзбекистон овози“, „Ҳуррият“, „Тошкент ҳақиқати“, „Тошкент оқшоми“ ва бошқа газеталарда, „Тафаккур“, "Жаҳон адабиёти", „Саодат“ ва бошқа журналларда тақризчилар, ахборот-реклама шаклидаги мақолалар, радио ва телевидениеда эшиттириш ва кўрсатувлар берилди[1].
Ўзбеккино компанияси Ўзбекистон Республикаси илмий-оммабоп ва ҳужжатли филмлар ижодий студияси 2006-йилда Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ҳақида „Жавоҳирлар хазинаси“ филмини яратди. 2006-йил 23-августда Алишер Навоий номидаги санъат саройида ушбу филм тақдимоти бўлиб ўтди[1].
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг жилдлари 2004- ва 2005-йилларда МДҲ мамлакатлари орасида ўтказилган „Китоб санъати“ кўргазмаларида намойиш қилинган.[2] Бу кўргазмаларда Ўзбекистон миллий энсиклопедияси икки марта махсус диплом билан тақдирланган[5].
Нашриёт
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясини Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти тайёрлаган.[6] Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти соҳа энсиклопедиялари, изоҳли ва кўп тилли луғатлар, маълумотномалар тайёрлайди ва нашр этади.[6] Дастлаб Ўзбекистон ҳукуматининг „Ўзбек совет энсиклопедияси Бош редаксиясини ташкил этиш ҳақида“ги қарори (1968-йил 18-январ) билан Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси тарикибида (Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг 1965-йил тузилган энсиклопедия бўлими негизида) Ўзбек совет энсиклопедияси Бош редаксияси номи билан ташкил этилган. 1990-йилдан 1997-йилга қадар „Қомуслар Бош таҳририяти“ деб юритилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йил 20-мартдаги 154-сонли қарори билан „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриётига айлантирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2004-йил 11-июндаги қарори асосида нашриётга Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти ва Абу Али ибн Сино номидаги Тиббиёт нашриёти қўшилиши муносабати билан қайта ташкил этилган. Нашриётнинг асосий фаолияти жамият ҳаётининг барча соҳалари бўйича энсиклопедик нашрлар, луғатлар, маълумотномалар, ўзбекларнинг тарихий, маданий мероси, қадриятлари, тиббиёти, спорт ва бошқа нашрларга бўлган аҳоли эҳтиёжини қондиришдан иборат.
Нашриётда 2007-йил 1-январга 6 та илмий таҳририят: Илмий услубият ва сўзлик; Ижтимоий-иқтисодий фанлар; Табиий фанлар; Тиббиёт; Адабиёт ва санъат; Тарих ва қадриятлар таҳририятлари ҳамда Ишлаб чиқариш, Бухгалтерия ва иқтисодий таҳлил бўлимлари бор. Нашриётга илмий-методик раҳбарликни жамоатчилик асосида ишлайдиган Бош таҳрир ҳай’ати амалга оширади. Унинг таркибига олимлар, жамоат арбоблари, нашриёт раҳбарлари кирган. Бош таҳрир ҳай’ати Ўзбекистон миллий энсиклопедиясини мукаммаллаштиришда қатнашади, ҳар бир жилд материалларини нашрга тавсия этади.
Нашриёт илмий таҳририятлари ҳузурида фан соҳалари бўйича илмий-маслаҳат кенгашлари ҳам тузилган. Уларнинг аъзолари Бош таҳрир ҳай’ати аъзолари раҳбарлигида ишлайди ҳамда муайян соҳанинг сўзлиги ва мақолаларини кўриб чиқиб тасдиқлайди. 1971–1980-йиллар мобайнида 14 жилдли универсал „Ўзбек совет энсиклопедияси“ (ЎзСЕ, Берйний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган, 1981) нашр этилди. Унда 40 мингдан зиёд мақола жойлашган. Мазмун-мундарижаси билан совет мафкурасига хизмат қилган.
Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ва ЎзСЕ
Ўзбекистон миллий энсиклопедиясидаги аксар мақолалар Ўзбек совет энсиклопедиясидан олинган. Кўплаб мақолалар ЎзСЕдан Ўзбекистон миллий энсиклопедиясига ҳеч бир ўзгартиришсиз олинган. Баъзи ҳолларда олинган мақолаларга кичик ўзгартиришлар киритилган. Масалан, қўшимчалар, қисқартмалар ўзгартирилган, иложи бўлса русча атамалар ўзбекчага ўгирилган, баъзи ҳолларда Ўзбекистон миллий энсиклопедияси да ЎзСЕ дагига қараганда янгироқ маълумот берилган. Масалан, Нигериядаги Аба шаҳри ҳақидаги ва диод ҳақидаги мақолаларда шу кичик фарқларни кузатиш мумкин. Аммо, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ва ЎзСЕ даги мақолалар умуман олганда бир-бирига жуда ўхшаш:
| ЎзСЕ дан | Ўзбекистон миллий энсиклопедияси дан |
|---|---|
| АБА — Нигериянинг жанубидаги шаҳар. Аба дарёси бўйида, Порт-Харкорт — Энугу темир йўл ва автомобил йўли кесишган жойда. Аҳолиси 131 минг (1963). Ёғли палма маҳсулотлари сотиладиган жой. Совун ва пиво заводлари, ёғ, трикотаж корхоналари бор.[7] | АБА — Нигерия жанубидаги шаҳар. Аба дарёси бўйида, Порт-Харкорт — Энугу темир йўл ва автомобил йўли кесишган жойда. Аҳолиси 264 минг (1991). Мойли палма маҳсулотлари сотиладиган жой. Совун ва пиво заводлари, ёғ, тўқимачилик корхоналари бор.[8] |
| Диод — [юнон. ди — икки марта ва (электр)од)] — икки электродли электрон лампа. Бир томонлама ўтказувчанлик хусусиятига эга. Вакуум ва яримўтказгич Д.лар бўлади. В а к у у м Д. анод ва катоддан иборат. Ток бериб, катод қиздирилса, электронлар оқими анодга қараб йўналади ва анод токи ҳосил бўлади. Катод билан анод орасидаги потенсиаллар фарқи кичик бўлса, лампа ичидаги электронларнинг бир қисми катодга айланади. Бундай ҳодиса т ў й и н м а г а н р э ж и м деб аталади. Потенсиаллар фарқи катта бўлганда Д. тўйинган режимда ишлайди. Бунда электронлар ҳаракати деярли сезилмайди. Й а р и м ў т к а з г и ч Д.да икки хил ўтказгич чегарасида ҳосил бўлган потенсиал тўсиқ токни фақат бир йўналишда ўтказади. Д. токни тўғрилаш, токни чегаралаш ва частотани ўзгартириш учун қўлланади.[9] | Диод — [ди… ва (электр)од)] — икки электродли электрон лампа. Бир томонлама ўтказувчанлик хусусиятига эга. Вакуум ва яримўтказгич Д.лар бўлади. Вакуум Д. анод ва катоддан иборат. Ток берилиб, катод қиздирилса, электронлар оқими анодга қараб йўналади ва анод токи ҳосил бўлади. Катод билан анод орасидаги потенсиаллар фарқи кичик бўлса, лампа ичидаги электронларнинг бир қисми катодга айланади. Бундай ҳодиса тўйинмаган режим деб аталади. Потенсиаллар фарқи катта бўлганда Д. тўйинган режимда ишлайди. Бунда электронлар ҳаракати деярли сезилмайди. Яримўтказгич Д.да икки хил ўтказгич чегарасида ҳосил бўлган потенсиал тўсиқ токни фақат бир йўналишда ўтказади. Д. токни тўғрилаш, токни чегаралаш ва частотани ўзгартириш учун электр аппаратлар ва радиоаппаратларда қўлланади.[10] |
Жилдлар
| Жилд | йил | Жилддаги мақолалар қамрови |
|---|---|---|
| 1 | 2000 | А—Бешбалиқ |
| 2 | 2001 | Бешик—Гидрофизика |
| 3 | 2002 | Гидрофилия—Зебралар |
| 4 | 2002 | Зебуннисо—Конигил |
| 5 | 2003 | Конимех—Мирзоқуш |
| 6 | 2003 | Мирий—Пархиш |
| 7 | 2004 | Парчин—Солиқ |
| 8 | 2004 | Солнома—Тўйтепа |
| 9 | 2005 | Тўйчи Ҳофиз—Шаршара |
| 10 | 2005 | Шарқ—Қизилқум |
| 11 | 2005 | Қизилқумит—Ҳўрмуз |
| 12 | 2006 | Таҳрир ҳайъати |
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 1,7 „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси ҳақида“. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти. 7-ноябр 2014-йилда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2014-йил 4-феврал. (Wайбаcк Мачине сайтида 7-ноябр 2014-йил санасида архивланган)
- ↑ 2,0 2,1 „Вышел в свет 12 том “Национальной энциклопедии Узбекистана»“. Посольство Республики Узбекистан в Российской Федерации. 22-феврал 2014-йилда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2014-йил 4-феврал. (Wайбаcк Мачине сайтида 22-феврал 2014-йил санасида архивланган)
- ↑ 3,0 3,1 „В 2012 году «Узбекская национальная энциклопедия» выпустила 15 изданий“. Мир энциклопедий (2013-йил 7-январ). Қаралди: 2014-йил 4-феврал.
- ↑ "Кириш сўз". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент. 2006.
- ↑ „Пополняя энциклопедические знания“. Туркистон-пресс (2013-йил 14-январ). 2015-йил 2-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2014-йил 4-феврал. (Wайбаcк Мачине сайтида 2-апрел 2015-йил санасида архивланган)
- ↑ 6,0 6,1 „За 2012 год в издательстве национальной энциклопедии выпущена литература 15 наименований“. 12неwс.уз (2013-йил 7-январ). Қаралди: 2014-йил 4-феврал.
- ↑ Мўминов, Иброҳим, эд (1971). "Аба". Ўзбек совет энсиклопедияси. 1. Тошкент. 9 б.
- ↑ "Аба". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент. 2000–2005.
- ↑ Мўминов, Иброҳим, эд (1973). "Диод". Ўзбек совет энсиклопедияси. 4. Тошкент. 51 б.
- ↑ "Диод". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент. 2000–2005.
Ҳаволалар
- Ўзбекистон миллий энсиклопедиясининг расмий веб-сайти (Wайбаcк Мачине сайтида 3-феврал 2014-йил санасида архивланган)[сайт ишламайди]
- Ўзбекистон миллий энсикопедиясининг барча жилдари (Wайбаcк Мачине сайтида 1-феврал 2014-йил санасида архивланган)[сайт ишламайди]
- Зиё.уз портали виртуал кутубхонасида Ўзбек Миллий Энсиклопедияси (Wайбаcк Мачине сайтида 2023-03-24 санасида архивланган)
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |