Зиёсферада исми Обиджон ва фамилияси Махмудов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Обиджон Абдухолиқович Махмудов, Обид чатоқ (1871, Марғилон — 1936.21.11) — Туркистондаги жадидчилик ҳаракати вакили, йирик сармоядор, ношир ва жамоат арбоби. М. Қўқонга кўчиб келиб, мадраса таълимини олди. тахминан 1898-йилда Челекен ярим орол (Каспий денгизи)га бориб, турли ишлар билан машғул бўлди. Шерикчиликка олган еридан нефт чикиб, бойиб кетади.

Санкт-Петербург унтининг тоғкон муҳандислиги факултетини тугатган. Қўқонга қайтгач, тоғ-кон саноати билан шуғулланиб, Фарғона водийсида бир неча нефт конларини очишда иштирок этган. Шўрсувдаги олтингугурт конини сотиб олган. Фаргона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида қатнашган ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Қўқонда босмахона ташкил қилган (1914). „Садои Фарғона“ (1914), „Тирик сўз“ (1917) ва рус тилида чиққан „Ферганское эхо“ (1914) газ.ларининг муҳаррири ва ношири. М. матбу-отда долзарб мақолалар билан чиқиб, Туркистон халқини маърифатли бўлишга чақирган, уни озодлик учун курашга даъват этган.

Қўқон шаҳри Думаси раиси ўринбосари (1917). Туркистон Мухторияти ҳукуматининг озиқ-овқат вазири (1917—1918). Мухторият тугатилгач, Москвага бориб, РСФСР Миллатлар ишлари халқ комиссарлиги қошидаги Туркистон ваколатхонасида матбуот бўлими мудири ва бошқа лавозимларда ишлаган (1919—1921). Тошкентга қайтгандан сўнг, дастлаб Туркистон МИҚ да ишлаган (1921), сўнг Фарғона водийсига бориб, „Миллий иттиҳод“ ташкилотининг бўлимини тузган ва советларга қарши фаолият олиб борган. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинган. Оғир хасталикдан вафот этган.

Адабиётлар

  • Унутилмас сиймолар. Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари, Т., 1999; Ражабов Қ., Ҳайдаров М., Туркистон тарихи (1917—1924-йил), Т., 2002.

Қаҳрамон Ражабов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил