Poydevor
Пойдевор (Фундамент) (лотинча: фундаментум — асос) — иморат ва иншоотнинг ост қисми ёки техник ёки технолигик машинанинг асоси. Уларнинг огирлиги пойдевор орқали табиий ёки сунъий заминга тушади. Пойдевор турлари қурилиш майдонининг геологик ва гидрогеологик шарт-шароитларига, қуриладиган иморат ёки иншоотнинг вазифасига, тушадиган оғирликка қараб танланади. Қатлам грунти хусусияти, ер ости сувларининг сатҳи, заминга таъсир этувчи юк (куч) қиймати ҳамда хусусияти ва бошқага қараб, пойдеворлар саёз ёки чуқур жойлашган бўлади. Саёз пойдеворлар шакл жиҳатдан лентасимон (деворлар тагига узлуксиз лента тарзида қурилади), алоҳида устун ёки плита, квадрат, тўғри тўртбурчак, айланасимон (алоҳида устун ва тиргаклар тагига қурилади) бўлади. Тузилиши жиҳатдан яхлит (иншоот ёки унинг алоҳида қисми тагига қуйилади) ва йиғма (ёстиқсимон бўлаклар) хилларга бўлинади. Пойдевор тош, бетон, темир-бетон, пишиқ ғишт ва намга чидамли мустаҳкам бошқа материаллардан қурилади. Вақтинчалик қурилган баъзи иморатларнинг пойдевори ёғочдан бўлиши мумкин. Пойдевор ер қазилиб ёки шиббалаб тайёрланган котлован ва траншеяларга қурилади. Шиббалашда кўтариш кранлари, махсус шиббалагичлардан фойдаланилади.
Чуқур пойдевор қозиқ оёқ, кессонлар, қудуқлар, чуқур таянчлар ва бошқа кўринишида бўлади. Бундай пойдевордан бўш, чўкувчан, шишувчан ва бошқа хусусиятларга эга бўлган грунтларда, ер ости сувлари сатҳи юқори бўлганда, кўприклар ва чуқур ер ости иншоотларини куришда фойдаланилади.
Қурилишда пойдеворга катта аҳамият берилади, чунки иморат ёки иншоотнинг мустаҳкамлиги, узоқ даврга чидаши, кўркамлиги кўп жиҳатдан пойдеворга боғлиқ.
Машина пойдеворлари таркибига эластик амортизаторлар (пружина, резина тўшама) ва демпферлар (тебранишни сўндирувчилар) киради. Улар пойдеворларга тушадиган кучни заминга юмшатиб ўтказади.
Марказий Осиёда
Марказий Осиёда пойдеворга катта аҳамият берилган. Қадимги меъморлар иморатга таъсир этувчи зилзила кучини камайтириш мақсадида пойдевор қуришда тебранишни сўндирувчи материаллардан фойдаланишган (пойдевор тагига қум, устига қамиш тўшаш, пойдевор ғиштларини қовушқоқ қоришма билан териш ва бошқалар). Масалан, Бухородаги чуқурлиги 5 метр бўлган Арслонхон минораси, Самарқанддаги чуқурлиги 4 метр бўлган Тиллакори мадрасаси пойдеворлари шу сирага киради.
Бу моҳият ҳозирги замон технологияларидан фойдаланиб қурилган зилзила-бардош иморатлар пойдеворларида қўлланиладиган резина-металл таянчлар ва бошқа турдаги конструксияларда ўз аксини топган. Бухоро, Хива, Самарқанд, Қўқон, Термиз, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги қадимги меъморлик обидалари, бино ва иншоотларнинг кўп асрлардан бери бузилмай сақланишига сабаблардан бири, уларнинг пойдевори мустахкамлигидир [1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |